Линклар

Россияда "Амнистия-2015"га ўзбекистонликлар ҳам илиниши мумкин


Амнистия қилинганларнинг асосий қисмини ҳозирча аёллар ташкил этмоқда

Амнистия қилинганларнинг асосий қисмини ҳозирча аёллар ташкил этмоқда

Россия қамоқхоналарида жазо ўтаётган муҳожирлар Иккинчи Жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистияга даво қилиши мумкин. “Амнистия-2015” акцияси қоидасига мувофиқ “енгил” ва “ўрта оғирликдаги” жиноят учун жазо ўтаётган хориж фуқаролари авф этилиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу тадбир ярим йил давом этиб, жорий йилнинг октябрида якунланади.

2015 йилнинг апрель ойида Россия парламенти Улуғ Ватан уруши Ғалабаси 70 йиллиги муносабати билан оғир бўлмаган моддалар асосида судланган фуқароларга умумий авфга давогарлик қилишга имкон яратиб берувчи қарорни имзолади.

Лойиҳани Думага олиб чиққан Россия президентининг Думадаги расмий вакили Гарри Минх, энг аввало, жанговар ҳаракатларда иштирок этган ҳарбийлар ва биринчи марта жавобгарликка тортилаётганларга тегишли эканини билдирди.

- Амнистия қилинаётган шахслар қаторига Россияни қўлида қурол билан ҳимоя қилган ёки бошқа хавфсизлик масаласи билан жанговар ҳаракатларда иштирок этганлар киритилади. Масалан, Афғонистон ёки Чеченистондаги урушлар иштирокчилари. Шунингдек, вояга етмаган болалар, аёллар, кексалар ва инвалидлар ҳам шулар қаторида, таъкидлаган эди Гарри Минх.

Россиядаги “Ёшлар” ҳаракати мамлакатнинг турли минтақаларида фаолият юритаётган ўзбек диаспоралари ва маданий марказларини қамоқ жазосини ўтаётган марказий осиёлик муҳожирлар, хусусан Ўзбекистон фуқароларига амнистияга ҳужжат топшириш бўйича акцияга фаолроқ қўшилишга чақирмоқда.

Ҳаракат раҳбари Махсуд Абдужабборов Озодлик билан суҳбатда бугунги кунда Россия Федерацияси маҳбусхоналари ва колонияларида 65343 Ўзбекистон фуқароси, яна 7640 нафари тергов изоляторларида қолаётганини таъкидлади.

- Улуғ Ватан уруши Ғалабаси 70 йиллиги муносабати билан эълон қилинган “Амнистия-2015” ярим йилга мўлжалланган. Унга 40-қа яқин моддалар, жумладан ҳатто “қотиллик” моддасининг 1 қисми ҳам киритилган, лекин асосан “енгил” ва “ўрта енгилликдаги” моддалар. Вужудга келган катта муаммомиз – бу амнистия фақат Россия фуқароларига нисбатан қўлланилмоқда. Дума киритган қоидага кўра, авф дастурига давогарлик қилиш учун кимдир ташаббускор бўлиши ва ариза ёзиши шарт. Ариза билан маҳбуснинг ўзи ёки оила аъзолари ёки адвокати чиқиши мумкин. Ариза суд жараёнида, қамоқхона раҳбари ёки терговни олиб бораётган ходим номига ёзилади. Афсуски, бу ҳақда эшитмаган ва билмайсдан қолган хорижликлар учун 3 ой вақт қолди уни амалга оширишга, деди Махсуд Абдужабборов.

Ҳуқуқ фаоли бугунги кунга келиб минглаб судланган муҳожирлардан атиги 30 ўзбекистонликка уларнинг илтимоси билан амнистияга ариза ҳозирлашда кўмаклашаётганини билдирди.

Махсуд бугунга келиб айрим минтақа диаспоралари ва ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари билан ҳамкорликда Амнистия-2015 ҳуқуқидан кўпроқ муҳожир фойдаланишига имкон яратиш устида иш олиб бораётганини билдирди.

Суҳбатдош судланган ўзбеклар кўп ҳолларда на адвокат ва на улар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи қариндошларга эга, дея давом этади.

- Марказий ва Шимоли-Ғарбий округлар бўйича аллақачон жуда фаол иш олиб бораётган команда ишга тушди. Амнистия бутун Россияга қўлланилган. Суд айниқса бирор иш берувчи ташкилот ёки шахснинг кафиллигини олган шахсларга муддатдан олдин авф эълон қилиши мумкин. Аммо бундай ҳолатлар жуда кам! Шу сабабли, биз Россиянинг ҳар бир минтақасида фаолият юритаётган диаспора вакилларини “Амнистия-2015”да иштирок этишга даъват этамиз. Ахир амнистияга турли имтиёзларга, давлат мукофотлари ёки хизматларга эга, кўп болали ўзбекистонликлар ҳам давогарлик қилишлари мумкин, деди у.

Махсуд Абдужабборов умумий авф акциясида иштирок этиш истагида бўлган маҳбуслар ва айбланувчилар ўзининг тўлиқ исми-шарифи, қаерда жазо ўтаётгани ёки тергов қилинаётгани, қайси моддалар асосида судлангани ёки тергов қилинаётгани тўғрисида маълумотларни бериши шартлигини кўрсатди. Бунга жавобан ташкилот юристлари қандай ва қаерга мурожаат қилиш кераклиги борасида ҳар бир вазият юзасидан батафсил тушунтириш беришларини билдирди “Ёшлар” вакили.

Ўз ҳимоячиси ёки бошқа расмий вакилига эга бўлмаган ўзбекистонлик ташкилот адвокатларига берилган ишончнома асосида ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этишлари мумкинлиги ҳам айтилди.

“Ёшлар” ҳаракати бошлиғи Россия қамоқхоналари ва тергов изоляторларида қолаётган яқинларига кўмак беришни хоҳловчиларни +7 960 255 81 64 телефони ёки amnistia2015@rambler.ru электрон манзилига хабар юборишларини сўради.

Россия Жазони ижро этиш бош бошқармаси очиқлаган маълумотларга кўра, бугунга келиб Ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан эълон қилинган умумий авф бўйича аллақачон 155 минг 413 киши киши озод этилган. Улардан 4600 нафари тергов изоляторлари, 20 минги эса колониялардан чиқарилгани маълум бўлди.

Россия ҳукумати режалаганидек, амнистияга тушганларнинг асосий қисмини Чернобил АЭСидаги ҳаколатини бартараф этиш иштирокчилари, вояга етмаган фарзандлари бор аёллар, ҳомиладорлар, сил ва бошқа онкология касалликларига дучор бўлганлар ҳамда жанговар ҳаракатларда иштирок этган фуқаролар ташкил этди.

“Амнистия-2015” ташаббусчилари акциянинг 6 ойи давомида 400 мингга яқин одам авф қилиниши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

XS
SM
MD
LG