Линклар

logo-print

Керри: Эронга қарши санкцияларни юмшатиш 6 ойдан сўнг бошланади


АҚШ Давлат котиби Жон Керри “Америка овози” мухбири билан суҳбатда Эронга қарши Ғарб санкцияларини юмшатиш олти ойдан сўнг бошланишини айтди. Ўтган ҳафта Эрон ва дунёнинг 6 давлати - АҚШ, Британия, Франция, Хитой, Россия, Германия дипломатлари санкциялар бекор қилиниши эвазига Эрон ядровий дастурини чеклашига келишган эди.

АҚШ Давлат котиби Теҳронга нисбатан санкциялар енгиллаштирилиши олдидан Эрон томони бажариши керак бўлган шартлар мавжудлигини таъкидлади:

- Эрон қилиши керак бўлган муайян ишлар бор, Халқаро Атом энергияси агентлиги қилиши лозим ишлар бор. Буларнинг ҳаммаси санкцияларни енгиллаштиришга киришишдан олдин ҳал қилиниши керак, - деди жаноб Керри 20 июль куни “Америка овози” радиосининг форс хизмати мухбири билан суҳбатда.

Ўтган ҳафтада Венада учрашган дунёнинг олти қудратли давлати - АҚШ, Британия, Франция, Хитой, Россия ва Германия ҳамда Эрон дипломатлари Эрон ядровий дастурини чеклаш борасидаги келишувга эришганди.

Келишувга биноан, Эрон хорижий инспекторлар учун ўз ядровий иншоотлари эшикларини очиб беради. Бунинг эвазига Ғарб давлатлари Эронга қарши жазо чораларини босқичма-босқич бекор қилиб борадилар.

Жаноб Керрига кўра, келишим истиқболи яқин фурсатда ойдинлашади: -Сентябрь ҳал қилувчи ой бўлади, бу амалга ошадиган ёда ошмайдиган битим экани ана ўшанда аёнлашади, - деди Керри.

Айни пайтда БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари 90 кундан сўнг Эронга қарши санкцияларни бекор қилишга кириша бошлашини тасдиқлади.

20 июль куни қабул қилинган резолюцияга мувофиқ, 2006 йилдан буён қабул қилинган БМТнинг Эронга қарши санкцияларни кўзда тутувчи еттита резолюцияси бекор этилиши керак.

АҚШ, Европа Иттифоқи ҳамда БМТ санкцияларининг бекор этилиши эвазига Эрон ўз ядровий дастури доирасидаги фаолиятини узоқ муддатга чеклаши лозим.

Санкциялар Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг Теҳрон келишувларга риоя қилаётгани ҳақидаги маърузасидан сўнг бекор этилиши кўзда тутилган.

АҚШда эса конгрессменлaр битимни 60 кун дaвомидa кўриб чиқиши мумкин вa бу муддaт 20 июлдaн бошлaнaди.

Агар Конгресс келишувни маъқулламаса, президент Барак Обама унга вето қўйиши ва жараён чўзилиб кетиши мумкин.

Жаноб Керри АҚШ Конгрессида республикачиларнинг Эрон билан келишимга қарши чиқаётганига муносабат билдирар экан: - Айримлар келишимни ўқимасидан эътироз билдира бошлашди, - деди.

Аввалроқ жаноб Керри Конгресс ядровий битимни рaд этсa, Эрон билaн музокaрaлaр бутунлaй тўхтaб қолишини айтганди.

-Агар Конгресс келишимни маъқулламаса буни муқобили низо ва уруш бўлиши мумкин, - деди Керри.

Европа Иттифоқи эса келишимни 21 июль куни маъқуллади. Иттифоқ таркибига кирувчи айрим мамлакатлар Эрон билан савдо-сотиқ алоқалари тикланиши тарафдори.

Франция ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус эронлик ҳамкасби Жавад Зарифнинг таклифига кўра келаси ҳафтада Теҳронга сафар қилишини айтди.

- Эронлик ҳамкасбим чақиряпти. У аввал ҳам мени таклиф қилган, лекин бормаган эдим. Ҳозир эса бориш мавруди етди ва барча масалада мулоқот ўтказаман, - деди Фабиус.

Франция ташқи ишлар вазири Теҳронга сафари давомида Эрон президенти Ҳасан Рухоний билан ҳам учрашишини билдирди.

Хитой ташқи ишлар вазири ҳам ўз мамлакати АҚШ ҳамда халқаро олтиталикка кирувчи бошқа давлатлар билан Эрон ядровий дастури борасидаги келишувнинг амалга ошишини кафолатлаш йўлида биргаликда иш олиб боришини таъкидлади.

Айни пайтда Эрон билан келишув Яқин Шарқда, жумладан Саудия Арабистони ва Исроилнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Исроил расмийлари эришилган битим Эрон тарафидан дастакланувчи Ҳезболла каби жанггари гуруҳларга молия оқимини кучайтиришидан чўчиётганликларини айтишмоқда.

Эрон олий руҳонийси оятулло Али Ҳуманаий 18 июль кунги чиқишида ядровий масалада келишимга эришилганига қарамай Теҳроннинг АҚШдаги "такаббур ҳукумат"га нисбатан сиёсати ўзгармайди, деб таъкидлаганди.

Эрон ядровий дастури борасидаги келишим Эрон Миллий хавфсизлик кенгаши тасдиғидан ўтиши ва кейинчалик Ҳуманаий тарафидан имзоланиши керак.

XS
SM
MD
LG