Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:59

Тошкент хонадонлари ёппасига тафтиш қилинмоқда


Тафтишчилар милиция ҳамроҳлигида уйларни текширмоқда
Тафтишчилар милиция ҳамроҳлигида уйларни текширмоқда

Бир ҳафта аввал Тошкентдаги турар ва нотурар жой объектларини текшириш жараёни бошланди. 20 августгача давом этадиган тафтишни милиция, солиқ, коммунал тўловлар каби жами 10 та соҳа вакиллари олиб бормоқда. Тафтишчиларга аҳолининг пропискаси ва коммунал тўловлар бўйича қарздорлигини аниқлаш топширилган.

Пойтахт хонадонларини ёппасига текшириш Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов қарорига кўра бошланган.

Тошкент маҳаллаларидан олинган маълумотга кўра, ҳоким қарорини бажариш учун ҳар бир маҳаллада милиция, солиқ, маҳалла қўмитаси, санитария-эпидемология станцияси, газ, электр ва сув таъминоти бўлимларидан жами ўн кишидан иборат махсус гуруҳ тузилган.

“Биз уйма-уй юриб шаҳар ҳокимининг “Тошкент шаҳридаги турар ва нотурар жой объектлари ҳамда кўрсатилган коммунал хизматлар учун тўловларнинг мониторингини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорини бажараяпмиз. Мониторингни 20 августгача тугаллашимиз шарт. Ҳар бир уйни текшириб, уларда яшаётган шахслар сони ва рўйхатга олинмаган фуқароларни аниқлаяпмиз. Бир пайтнинг ўзида коммунал тўловлар бўйича қарздорларни ҳам аниқлаяпмиз”, деди Юнусободдаги маҳаллалардан бирининг фаоли.

Тошкент шаҳар ҳокими қарорига кўра, тафтишчилар гуруҳи ички ва ташқи миграция бўйича ҳисоб-китобни ҳам аниқлашлари зарур.

“Ким Россияга кетган, ким Қозоғистонда ишлаяпти ёки ўзимизда бошқа вилоятдан келиб Тошкентда ишлаётганларнинг ҳам ҳисобини қилаяпмиз”, деди маҳалла фаоли.

Тафтишчилар шаҳардаги бўш турган ва эгаси номаълум хонадонларни аниқлаб, улар устидан назорат ўрнатиш ҳамда ноқонуний равишда ижарага берилган уйларни аниқлаб, жавобгарларга чора кўриш масаласини ҳам кўраяпти.

Жумладан, пойтахтнинг Яшнаобод тумани Тузель маҳалласидаги 37 та кўп қаватли уйдан ўнтаси 21 июлгача тафтиш қилинган. Маҳалла фаолларига кўра, ўнта уйда 78 нафар рўйхатдан ўтмаган шахс аниқланган:

“78 киши билан ҳозир участка нозири шуғулланаяпти. Кейин 19 та хонадонда шартномасисиз яшаётганлар аниқланди. 9 та уйни эса эгаси йўқ экан. Уларни печатлаб қўйдик. Бу уйларни сотиб олишган, лекин эгалари бошқа жойда яшайди. Ҳаммаси билан участка нозири шуғулланади”, деди Тузель маҳалласи фаоли микрофонсиз суҳбатда.

Тафтишчилар гуруҳи зиммасига шаҳардаги бўш қолган ёки қаровсиз турган бинолар, автотранспортларни ювиш ва таъмирлаш, умумий овқатланиш шохобчалари ҳамда ишлаб чиқариш объектларида ноқонуний яшаб юрган шахсларни аниқлаш ва уларга чора кўриш вазифаси ҳам юклатилган.

Кузатувчилар пойтахт хонадонларини ёппасига мониторинг қилинишини ҳар йили Мустақиллик байрами олдидан бўладиган текшир-текширларга боғлаяпти.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмийлари эса бу тадбир Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг бир йил аввалги "Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорини бажариш юзасидан амалга оширилаётганини таъкидлаяпти.

XS
SM
MD
LG