Линклар

Тулада қора қоғозга ўралган тожикистонликлар ўлими сабаби аниқланди


MEXICO-GUZMAN/

MEXICO-GUZMAN/

Тула вилоят ҳуқуқ тартибот идоралари газдан заҳарланиб ўлган 5 нафар муҳожирни ишга ёллаган ва уларнинг мурдаларини автобус бекатига ташлаб кетган иш берувчини ҳибс этди. Терговчилар тожик муҳожирлари қувурдан нефть ўғирлаш учун Орел вилоятидан Тулага лаҳм қазиган қурилиш бригадаси ишчиси эканини маълум қилди.

2015 йилнинг 11 июлида Россиянинг Тула вилояти Ленинский тумани Беликово қишлоғи яқинидаги автобус бекатида қора целлофан пакетга ўралган ҳолда уч мурда топилган эди. Кейинроқ Москва вилоятининг Ступино туманида қора қоғоз халтага ўралган яна иккита жасад аниқланди.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Тула вилояти бўйича бошқармаси оператив-қидирув натижасида ўлганларнинг шахси ва ўлим сабаби аниқланганини маълум қилди.

- Тафтиш натижасида полициячилар бу одамлар битта бригада ишчилари эканини аниқлади. Дастлабки маълумотларга кўра, улар нефть маҳсулотларини ўмариш мақсадида нефть қувурига томонга қаратиб яширинча туннел қазиган ва, тахминларга кўра, шу жойда ис газидан заҳарланиб ўлган. Уларни ишга ёллаган шахс жиноят изини йўқотиш мақсадида ўликларни Тула ва Москва вилоятларига олиб чиққан ва целлофан пакетга ўраб ташлаб кетган. Ҳозир исми ошкор этилмаётган бу шахс ҳам ҳибсга олинди, унинг жиноятга алоқадорлиги текширилмоқда, деди Тула вилояти бўйича полиция бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи муовини майор Сергей Сергеичев.

Айрим манбалардан муҳожир йигитлар ўлимига алоқадорликда гумонланаётган А.А. исмли бу тадбиркор Орел вилояти фуқаросидир.

Тула вилояти бўйича Тергов қўмитаси Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-моддаси 2-қисми “а” банди (икки ёки ундан ортиқ шахсни ўлдириш) бўйича жиноий иш очди.

17 июлга қадар полиция мигрантларнинг тўрт нафари шахсини аниқлади.

Россия оммавий ахборот воситаларида барча нобуд бўлганлар Ўзбекистон фуқаролари экани тўғрисида хабарлар тарқатилаётганига қарамасдан, Озодлик заҳарланган меҳнат муҳожирлари Тожикистон фуқаролари экани тўғрисида маълумот олди.

Улар:

- Ёрматов Хуршед Шарифович, 11.08.1988 й., Ҳамадони, Хатлон вилояти,

- Халифаев Самандар Салимович, 31.03.1989, Ҳамадони, Хатлон вилояти,

- Дилшодов Солеҳжон Одилович, 1982 й., Қумсангир, Хатлон вилояти,

- Нодиров Фирдавси Ашурович, 1980й., Данғара, Хатлон вилояти.

Тожикистоннинг Россиядаги элчиси Исомуддин Сатторов 5 нафар тожикистонлик ўлими юзасидан олиб борилаётган терговни шахсан назоратига олганини маълум қилди. У республиканинг Меҳнат ва миграция вазирлиги, консуллик ва бошқа хизматларни ҳалокатга учраган фуқаролар яқинларига кўмаклашишга чақирди.

Куни кеча полиция ўлганлардан сўнггиси ҳам тожикистонлик 1988 йилда туғилган Шаҳром Набиев экани тўғрисида хабар қилди.

Бу ҳақда Озодликка қўшимча маълумот берган Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси расмий вакили Муҳаммад Эгамзод Ёрматов ва Халифаев жасадлари самолёт билан аллақачон Тожикистонга юборилгани, қолганлар терговчилар талаби билан экспертиза ишлари учун олиб қолинганини билдирди.

Суҳбатдош йилига 1,5 миллион Тожикистон фуқароси Россияга иш излаб келаётгани, улардан тахминан минг нафари цинк тобутларда ортга қайтаётганини айтди.

XS
SM
MD
LG