Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:40

Мария Гайдар Одессада ижтимоий ислоҳотларни амалга оширмоқчи


Мария Гайдар
Мария Гайдар

Ўтган ҳафтада Украинанинг Одесса вилояти губернатори муовини этиб тайинланган россиялик фаол ва сиёсатчи Мария Гайдар вилоятда ижтимоий ислоҳотларни амалга ошириш ва коррупция билан курашишни ваъда қилди. Гайдарни вилоят губернатори Михаил Саакашвили ўзига ўринбосар қилиб тайинлади.

1992 йилда Россия бош вазири бўлган марҳум Егор Гайдарнинг қизи бўлмиш 32 ёшли Мария Гайдар бу лавозимни ўтган ҳафта Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили таклифи билан қабул қилди.

Саакашвилининг ўзи май ойида Одесса вилояти губернаторлигига тайинланган эди.

Гайдарнинг бу лавозимга тайинланиши юзасидан ҳали саволлар кўп. Хусусан, сиёсатчининг Украина фуқароси бўлмагани қийинчилик туғдириши мумкин.

Гайдар 20 июль куни Киевда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Озодлик радиоси украин хизматига интервью бериб, ижтимоий соҳадаги ўзгаришларни назорат қилишини билдирди. Гайдарнинг айтишича, бу соҳада энг катта муаммо “коррупциянинг мавжудлиги, ошкораликнинг йўқлиги”дир.

Фуқаролар келиб коррупцияни муҳокама қила оладиган, ўз аҳволини таҳлил қилиб, муаммоларини ҳал қилиш устида ишлашимиз учун таклиф ва шикоятини изҳор қилиши мумкин бўлган фуқаролар уйини очмоқчимиз”, деди Гайдар.

Гайдар яна шарқий Украинадаги тўқнашув зонасидан келган қочқинларнинг ҳаётини яхшилаш устида ишлашни ваъда қилди. Гайдарнинг айтишича, уларнинг аҳволи “энг долзарб масаладир”.

Ғарб мамлакатлари ҳамда Киев Россияни шарқий Уркаинадаги россияпараст айирмачиларни аскар ва қурол-аслаҳа билан таъминлашда айблаб келади. Тўқнашувлар ўтган йилнинг март ойида Россия Қрим яриморолини Украинадан куч билан аннексия қилиб олганидан бери давом этмоқда ва 6 500 дан ошиқ киши ҳаётига зомин бўлди.

Гарвард университетида таълим олган Гайдар 2009-2011 йилларда Россиянинг Киров вилояти губернатори ўринбосари, 2012-2013 йилларда Москва мэри ўринбосарига маслаҳатчи лавозимида ишлаган.

Саакашвили Гайдарнинг ўз ёрдамчиси бўлиб ишлашини эълон қилар экан, Президент Петро Порошенкодан унга Украина фуқаролиги берилишини сўраганини айтди.

Уруш бўляпти. Ўлганлар, қочқинлар бор. Россия ва Украина ўртасида уруш бўлаётгани факт, бу ерда ҳеч қандай саволга ўрин йўқ”, деди Гайдар.

Гайдар Украинада Қримнинг Россия томонидан босиб олиниши ва аннексия қилинишини қоралашни истамагани учун танқид қилинган эди.

Бунинг ортида у Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллашини изҳор қилди.

18 июль куни ўз блогида Гайдар Қрим аннексияси ва шарқий Украинада россияпараст айирмачилар билан Украина ҳарбийлари ўртасида бўлаётган урушга қарши экани ҳақида ёзди.

Россия Президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган Гайдар оз одам ҳукуматга қарши чиққан бир пайтда мухолифат намойишларида иштирок этганини айтди.

Гайдарнинг Одесса вилояти губернатори ёрдамчиси этиб тайинланиши Россияда хоинлик ўлароқ танқид қилинди.

Киров вилояти губернатори Никита Белих “Россияга нисбатан жуда ёмон фикрда бўлган кишилар билан ишлаш нафақат ҳокимиятни, балки барча россияликларни менсимаслик сифатида қабул қилинади”, деди.

Одессада эса Гайдар соғлиқни сақлаш ва яна бошқа соҳалардаги ислоҳотларни назорат қилишини билдирди.

Менинг вазифам вазиятни ўрганиб, мос ислоҳотлар дастурини ишлаб чиқишлари учун халқаро мутахассисларни жалб қилишдир. Мен кейин шу дастурни амалга ошираман”, деди Гайдар.

Гайдарнинг 1992 йилда бош вазир лавозимида ишлаган отаси Россияда Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан амалга оширилган иқтисодий ислоҳотларни бошлашда иштирок этган. Егор Гайдар 2009 йил вафот этган.

Саакашвилининг май ойида Одесса губернатори этиб тайинланиши кўпчиликни ҳайратга солди. Аммо Грузиянинг собиқ президенти Одессада порахўрликда айбланган хавфсизлик ҳамда чегара хизмати расмийларини ишдан бўшатганидан кейин олқишларга сазовор бўлди.

XS
SM
MD
LG