Линклар

logo-print

BahsOnline: Буюк шоир Абдулла Орипов халқни ёзғиришга ҳақлими?

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов

BahsOnlineнинг бу галги сонига Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг бир муддат сукутдан сўнг берган интервьюсида халқ, бугунги авлод ва шогирдлари ҳақида айтган танқидлари устида тортишаётган томонлар таклиф қилдик.

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов 14 июль куни Озодликка берган интервьюсида "ўсишдан тўхтаган, маънавияти қашшоқлашган" бугунги авлод орасида ўз вақтида унга хушомад қилган, бугун эса унутган “шогирд”ларидан ëзғирди.

Абдулла Орипов шогирдлар ва жамият томонидан унутилиб бораётганидан хафа бўлар экан, “Меҳр-муҳаббат, оқибат деган гаплар ғойиб бўлгани, ҳақиқат. Мен буни ҳазм қила олмайман. Атрофда руҳан гадо одамлар, руҳан майиб одамлар. Ожиз одамлар. Қалбан қул одамлар. Пишмаган қовунлар булар. Тафаккур қилмайди улар. Булар мол–мулк изидан, бойлик изидан, амалдор изидан кетади. Навоий ëки Махтумқулини изидан кетмайди. “Пулинг қанча?” деб сўрайди. Энди муҳит шунақа, Машрабни осган элдан мен қадр тилармидим", дейди.

Ҳаётдан “безган”, “дўст қидириб тополмаётган” шоир бундай нодўстлар орасида яшаш кишига завқ бермаслигини таъкидлайди.

Ўн беш йил Ўзбекистон Ёзувчилар иттифоқини бошқарган, ўзбек адабиётининг 20 асрдаги энг истеъдодли шоирларидан бири сифатида тан олинган Абдулла Ориповнинг бу айтганлари, ижтимоий тармоқларда кескин баҳсни келтириб чиқарди.

Абдулла Орипов тарафдорлари фикрича, шоир ўзбек халқининг дарду ҳасратларини, инсоннинг руҳий кечинмаларини гўзал ташбеҳлар билан тасвирлашда ўзига хос орифона бир мактаб яратди ва юзлаб ўзбек шоирлари ана шу мактабда таълим олиб, ижодий камолотга етдилар.

Бугунга келиб, 75 яшар шоирнинг ҳолидан хабар олмаслик ва уни ёлғиз ташлаб қўйиш, Абдулла Орипов шогирдларининг номақбул ишидир, дейилади ижтимоий тармоқларда авж олган баҳсларда.

Бироқ, Абдулла Ориповнинг танқидчилари, унинг ўзбек шеъриятига қўшган ҳиссасини рад этмаган ҳолда, шоирни сўнгги йилларда халқ дардидан узоқлашиб, сарой шоирига айланиб қолган, машҳурлик касалига берилиб, оёғи ердан узилиб қолган эди, демоқда. Танқидчилар, бу ўринда шоирнинг амалдаги ҳукумат ва президентни олқишлаб ёзган шеърларини мисол қилиб келтирадилар.

Абдулла Ориповнинг сўнгги пайтларда ёзаётган кичик-кичик шеърлари эса, ўтган умрига афсус билан қараётгандай, у қилган хатоларни бошқалар қилмаслиги ҳақида тазаррудай бўлиб туюлмоқда.

Адабий танқидчилар, “шоир ўзига, ўзлигига қайтди ва билиб-билмай қилган хатолари учун уни ер билан яксон қилиш ўзбек зиёлисининг иши эмас", деган фикрни айтмоқдалар.

Хўш, Абдулла Ориповнинг халқдан ёзғиришга ҳаққи борми?

Бир умр ўзбек халқи дардини куйлаб келган шоирнинг бир муддат сарой шоири бўлгани кечирилмас ҳолатми?

Абдулла Ориповнинг улкан ижодий мероси унинг хатоларини кечиришга сабаб бўлолмайдими?

Баҳсда ўзбек мухолифати фаоли Пўлат Охунов ва "Дунё ўзбеклари" сайти муҳаррири, журналист Исмат Хушев игтирок этди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG