Линклар

АҚШ Давлат департаменти Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамоққа ҳукм қилинган этник ўзбек инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаровга мукофот бергани ортидан Қирғизистон Бош вазири Темир Сариев АҚШ билан ҳамкорлик битимини бекор қилиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

“Москва таъсирида қабул қилинган қарор”

"Қирғизистон Республикаси халқининг фаровонлиги йўлидаги гуманитар ёрдам, ҳамда иқтисодий ва техник ёрдамларни кўрсатишни енгиллаштириш"ни кўзловчи мазкур битим 1993 йилнинг май ойида Вашингтонда имзоланган эди.

АҚШ ушбу битим доирасида Қирғизистонга йилига бир неча ўн миллион долларлик гумантир ёрдамини етказиб келган.

21 июль куни Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати Бош вазир Темир Сариев шартномани шу йилнинг 20 августидан бекор қилиш ҳақидаги қарорга имзо чеккани ҳақида маълум қилди.

15 июль куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ Давлат департаментининг Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамоққа ҳукм қилинган этник ўзбек инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаровга мукофот бериш қароридан норозилик билдириб, АҚШ элчисига нота топширган ҳамда Вашингтон билан имзоланган ҳамкорлик шартномасини бекор қилишини билдирган эди.

Бишкеклик сиёсатшунос Марат Казакбаев Қирғизистон ҳукумати учун 2010 йилги Ўш воқеаларининг қай тарзда баҳоланиши принципиал масала бўлгани учун ҳам шундай қарор қабул қилинган, деб ҳисоблайди.

- Азимжон Асқаров масаласи қирғиз томони учун принципиал масаладир. Чунки суд томонидан унинг айбдорлиги исботланган ва у жиноятчи деб ҳисобланади. Қирғизистоннинг АҚШ билан шартномани бекор қилиши қизиққонлик ортидан қабул қилинган қарор сифатида ҳам баҳоланиши мумкин. АҚШ жуда катта босим кўрсатиш ресурсларига эга ва бу ресурслардан фойдаланиши мумкин, - деди Марат Казакпаев.

Унинг фикрича, АҚШ билан шартноманинг бир томонлама бекор қилинишига кейинги йилларда Қирғизистон ҳукуматининг россияпарастлашаётгани ҳам туртки бўлган.

Қирғизистон фуқаролик жамияти вакиллари орасида эса АҚШ билан шартноманинг бекор қилиниши ортида Москва турибди, деган фикр устунлик қилмоқда.

- Биз Россияга тақлид қилаяпмиз. Россия авторитар режимга қадам ташлаганига бир неча йил бўлди. АҚШ билан шартноманинг бекор қилиниши демократик тамойиллардан чекиниш йўлидаги биринчи қадам сифатида баҳоланши мумкин, - деди таниқли ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова.

Ўзбек миллий маданий маркази: “Азимжон Асқаровнинг кимлигини билмаймиз”

Бишкек АҚШ билан шартномани бир томонлама бекор қилгани тўғрисидаги хабар тарқатилиши ортидан Ўшда бу воқеа билан боғлиқ яна бир маълумот тарқатилди.

Қирғизистон миллий жамоатчилик телевиденияси сайтида хабар берилишича, Ўш ўзбек миллий маданий марказида Азимжон Асқаровга АҚШ мукофтоти берилиши масаласи муҳокама қилинган.

“Ўзбек миллий маданий марказлари Асқаров масаласида гаплашдик. Маълум бўлдики, бирорта одам ҳам Асқаровни танимас экан. Уни ҳуқуқ фаоли сифатида ҳам ҳеч ким билмас экан. АҚШнинг ёмон нияти шу ерда билиниб қолди. Ироқда, Афғонистонда ва Украинада нима бўлаётганини биламиз. Шунинг учун тинчликда яшаётган халқларимиз ўртасига ўт қўйгиси келган Американинг нияти ошкор бўлди”, деб иқтибос келтирган миллий телеканал Ўш ўзбек миллий маданий маркази раисининг ўринбосари Маҳамадимин Исмоилов сўзларидан.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатулла Рахматуллаев Ўзбек миллий маданий марказининг мазкур билдирувини буюртма сифатида қабул қилишини айтди:

- Миллий марказ нодавлат ташкилотидир. Ўзбек миллий маданий марказининг у ёки бу одамни муҳокама қилишга ҳаққи йўқ. Агар виждонан айтадиган бўлсак, Азимжон Асқаровнинг қилган хизматларини ҳали бирорта ўзбек миллий маданий маркази қилган эмас. Азимжон Асқаров Қирғизистоннинг ҳақиқий патриоти, у коррупцияга қарши, жиноятчиликка қарши курашиб келган.Миллий марказ бундай “заказ”ларни аввалдан бажариб келган. Масалан, таниқли ҳуқуқ фаоли Равшан Гапировнинг устидан ҳам ёзишган, уни муҳокама қилишган. Нодавлат ташкилоти бўлганидан кейин булар ўз ишини қилавермайдими... Уларнинг сиёсий амбициялар билан чиқиши умуман қонунларга тўғри келмайди. Бугунги кунда ўзбек номидан спекуляция қилишни улар тўхтатиши керак, -деди Иззатулла Рахматуллаев.

АҚШ муносабати

Россиянинг ТАСС агентлиги АҚШ Давлат департаментининг Қирғизистон ҳукумати ҳаракатига муносабатини ўрганди. ТАССнинг Давлат департаменти вакилига таяниб хабар беришича, “ўзаро ҳамкорлик шартномасининг бекор қилиниши Қирғизистонга кўрсатилаётган ёрдам дастурларини “таҳдид остида” қўйиши мумкин”.

Мазкур дастур асосида Қирғизистонга экстремизмга қарши кураш, иқтисодни ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, маориф соҳасини мукаммаллаштириш, демократик тараққиёт соҳаларига катта миқдорда молиявий кўмак бериб келинган.

АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси тарқатган маълумотга кўра, мазкур дастурлар асосида мустақиллик йилларида кўрсатилган ёрдам миқдори пул ҳисобида 2 миллиард долларни ташкил қилган.

“Баъзида бизнинг фикрларимиз бир-биридан фарқланиши мумкин. “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” мукофотини топширишда ҳам шундай бўлди. Бироқ фикрлар келишмай қолганида уларни муҳокама қилиш бизнинг алоқаларимизни мустаҳкамланишига хизмат қилади”, деб иқтибос келтиради ТАСС Давлат департаменти расмийси сўзларидан.

Бишкекдаги АҚШ элчихонаси эса Вашингтон “Қирғизистонга кўмак кўрсатишда давом этиши”ни билдирди.

Аъзимжон Асқаров ҳақида

Азимжон Асқаров 2010 йил 15 сентябрида Ўш воқеаларига алоқадорликда айбланиб умрбод қамоққа ҳукм қилинган. Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини таъкидлайдилар. Унинг ҳамкасблари ва халқаро ташкилотлар Асқаровнинг айбсиз эканига амин бўлган ҳолда, қарийб беш йилдан буён ҳуқуқ фаолининг озод қилиниши учун ҳаракат қилиб келади.

Азимжон Асқаров 2011 йилнинг мартида People in Need ҳуқуқ ҳамжамиятининг Homo Homini, 2012 йилда Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Халқаро матбуот эркинлиги мукофоти билан тақдирланган.

Шу йилнинг 15 июлида Азимжон Асқаровга Вашингтонда Давлат департаментининг "Инсон ҳуқуқлари фаоли" мукофоти топширилди. мукофотни унинг ўғли Шерзод қабул қилиб олди.

Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш масаласи президент Атамбаевнинг Европага қилган сафарлари давомида Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарлари томонидан бир неча маротаба кўтарилган. Президент Атамбаев эса "Асқаровнинг айбсиз эканига далил йўқлиги"ни айтиш билан чекланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG