Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:11

Бекобод цемент заводида икки ишчини тупроқ босиб қолди


Ўзбекистоннинг Бекобод шаҳридаги цемент заводида душанба куни корхонанинг икки ишчиси тупроқ остида қолиб, ҳалок бўлди. Маълум бўлишича, завод бункеридаги цемент қоришмаси учун ҳозирлаб қўйилган 400 тонналик тупроқ ишчилар устига ағдарилиб кетган.

Цемент заводининг Озодлик боғланган ходимларидан бири тупроқ остидан икки кишининг жасади кавлаб олинганини билдирди.

- Ҳалок бўлганлардан бири Қаршибоев Ғулом, 32 ёшида, дозировшчик бўлиб ишлар эди. Яна бири Қобил Абдураззоқов, 47 ёшда, у ҳам дозировшчик эди. Улар бункер остида ишлаётганида 20 метр баландликдаги бункердаги цемент қоришмаси учун ҳозирлаб қўйилган тупроқ уларнинг устига ағдарилган. Тасаввур қилинг 400 тонналик тупроқ, жуда катта, уйдай катталикдаги тупроқ босиб қолган. Бирининг жасади бир ярим соатда, иккинчисиники тўрт соатда кавлаб олинди. Иккалови ҳам жон таслим қилиб бўлган экан,- деди заводнинг исми сир қолишини истаган ходими.

Ҳозирда Бекобод милицияси ва прокуратураси ҳалокат сабабларини ўрганмоқда.

Заводнинг техника хавфсизлигига масъул бир қанча ишчиси сўроқ қилинмоқда.

Бекобод шаҳри Ички ишлар бошқармаси расмийлари воқеа юзасидан жиноят иши очилгани ва прокуратурага оширилганини тасдиқлашди.

Бекободдаги цемент заводи Ўзбекистоннинг энг йирик корхоналаридан бири ҳисобланади. 1929 йилдан фаолият қилиб келаётган заводда йилига 714 минг тонна цемент ишлаб чиқарилади.

Ходимлар заводнинг техник ускуналари эскириб кетганини айтишади.

- Бахтсиз ходиса сабабларидан бири шу бўлса керак. Ускуналар эскирган, техника хавфсизлиги талабларига жавоб бермайди. Биласиз, цемент тупроқ ва тош аралашмасидан бўлади. Ўша куни бункер конуси тупроқ оғирлигини кўтаролмай узилиб кетиб, ичидаги тупроқ одамларнинг устига ағдарилган,- дейди Бекобод цемент заводининг исми сир қолишини истаган яна бир ходими.

Завод ҳалок бўлган ходимларининг оила-аъзоларига товон пули тўлайдими?

Бу саволга Бекобод цемент заводи раҳбариятидан аниқ жавоб бўлмади.

- Ҳозир бу масала кўриб чиқиляпти,- дея гапни қисқа қилди завод раҳбарларидан бири.

Ўтган ҳафта Тошкент вилоятида шунга ўхшаш бошқа бир ҳалокат содир бўлган эди.

Ўтган хафтада Тошкент вилояти Оҳангарон туманининг Кўчбулоқ қишлоғи яқинида Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг ташландиқ конидаги портлаш оқибатида ўнлаб одам тоғ тагида қолиб кетган эди. Ҳозиргача кондан 13 жасад чиқариб олинган. У ерда қанча одам қолиб кетгани номаълум қолмоқда.

XS
SM
MD
LG