Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:07

Ўзбекистон президентининг сиёсий бўйи ҳақида БЛОГ


ЎзА эълон қилган суратда 180 сантиметрлик Си Цзиньпин 170 сантиметрлар атрофидаги Ислом Каримов билан тенг эканини кўриш мумкин.
ЎзА эълон қилган суратда 180 сантиметрлик Си Цзиньпин 170 сантиметрлар атрофидаги Ислом Каримов билан тенг эканини кўриш мумкин.

Ўтган ҳафта Озодлик Ўзбекистон миллий ахборот агентлигидаги ҳамкасбларининг ижод намуналаридан бири ҳақида хабар қилган эди. ЎзА ижодидан илҳомланиб, Озодликнинг Photoshop компьютер дастури усталари ШҲТ етакчиларининг бўйларини ҳар бир мамлакатга оид кўрсаткичлар асосида ўлчаб кўришга уринди.

Ўтган ҳафта Озодлик Ўзбекистон миллий ахборот агентлигидаги ҳамкасбларининг ижод намуналаридан бири ҳақида хабар қилган эди. ЎзА агентлиги Россиянинг Уфа шаҳрида ўтказилган Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти президентларининг давра суратига бироз ишлов бериб, Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг бўйини калталатиб қўйган эди.

Бунга, афтидан бўйи 180 сантиметр келадиган Цзиньпин расмда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан ёнма-ён туриб қолгани сабаб бўлган. Гап шундаки, президент Каримовнинг бўйи 170 сантиметр атрофида бўлиб, хитойлик ҳамкасби ундан ярим каллага баландроқ эканини расмнинг оригинал вариантида кўриш мумкин. "Хитойники бизникидан каттароқ бўлиб қолмасин", деган кўринади расмий агентлик ходимлари.

ЎзА ижодкорлари Хитой президентини қайси асосда калталатиб қўйганларини аниқлаштирмаган, лекин ШҲТ мамлакатлари президентлари бўйлари ҳар бир мамлакатга оид айрим кўрсаткичларга асосланиб кўриладиган бўлса, Ўзбекистон раҳбари ҳамкасблари олдида анча савлатлироқ бўлиб қолади.

Озодлик ЎзАдаги ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, расмларда кимнингдир, боз устига давлат раҳбарлари ташқи қиёфасини ўзгартириб тақдим қилиш тарафдори эмас. Лекин ЎзА ижодидан илҳомланиб, Озодликнинг Photoshop компьютер дастури усталари ШҲТ етакчиларининг бўйларини ҳар бир мамлакатга оид кўрсаткичлар асосида ўлчаб кўришга уринди.

Масалан, Transparency International халқаро ташкилотининг 2014 йилги коррупция индексида ШҲТ давлатларига берган баҳо бўйича ўлчанадиган бўлса президент Каримов бошқа ҳамкасбларидан анча басавлатроқ бўлади. Коррупция рейтинги асосийда ясалган расмда Ўзбекистоннинг асосий рақиби Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон Каримовнинг қулоғи остида бўлса, Хитой президенти Си Цзиньпин Тошкент етакчисининг белига зўрға етади.

Коррупиця даражаси билан ўлчанганда Хитой раҳбарининг бўйи Ўзбекистон президентининг белига зўрға етади
Коррупиця даражаси билан ўлчанганда Хитой раҳбарининг бўйи Ўзбекистон президентининг белига зўрға етади

Ёки айтайлик, ҳокимият тепасидаги йилларга мувофиқ тўғриланган расмда ҳам Каримов биринчилар қаторида. У билан теппа-тенг Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Каримовдан бир кун аввал 1989 йилнинг 22 июнь куни Қозоғистон ССР Компартияси биринчи котиби этиб тайинланганини ҳисобга олмаса ҳам бўлади. (Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Компартияси биринчи котиби лавозимига 1989 йил 23 июнь куни тайинланган-муаллиф).

Бўйлари ҳокимиятдаги йилларига кўра ўлчанса, Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоевни "сиёсий гигант", деб атаса бўлаверади
Бўйлари ҳокимиятдаги йилларига кўра ўлчанса, Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоевни "сиёсий гигант", деб атаса бўлаверади

Озодликнинг Photoshop усталари давлат раҳбарлари бўйларини икки кўрсаткич бўйича қаричлаб беришда қийинчиликка дуч келди.

Маҳоратлари панд берди.

“Шуни ҳам эплай олмадингларми”, дея эътироз билдирган бўлди камина. Photoshop усталари, “айб бизда эмас” ҳаммасига Хитой аҳолиси билан ялпи ички маҳсулоти айбдор”, деб баҳона қилишди.

Photoshop устасининг айтишича, Хитой раҳбарининг бўйи мамлакат аҳолисига кўра қаричланадиган бўлса, президент Каримов у ёқда турсин, Россия Президенти Владимир Путин ҳам Цзиньпиннинг тиззасига ета олмаган бўларди. Шу сабабдан, Озодлик ижодкорлари ҳам, ЎзА каби Хитой раҳбарини анчайин калталатишга мажбур бўлди. Шунда ҳам, Каримов Цзиньпиннинг белигача етди.

Аҳоли катталиги бўйича Хитой раҳбарининг катталигига тенг келадигани йўқ
Аҳоли катталиги бўйича Хитой раҳбарининг катталигига тенг келадигани йўқ

ШҲТ давлатлари ялпи ички маҳсулотлари ҳам, Хитой раҳбарини девдек, қолганларни тариқдек қилиб қўйди. Бордию пропорциялар асл рақамларга кўра сақланиб қолганида, "ё Цзиньпин экранга сиғмас эди, ё Каримов дохил Марказий Осиёнинг президентларини расмда топиб бўлмай қоларди. Шу сабабдан Каримов Цзиньпиннинг белидан пастроққа тушиб қолди. Ундан ортиғи ноинсофлик бўларди", деди усталаримиз.

Ялпи ички маҳсулот бўйича ҳам Хитой раҳбарига бас келадигани йўқ
Ялпи ички маҳсулот бўйича ҳам Хитой раҳбарига бас келадигани йўқ

Эслатма: бу расмлар ушбу блог муаллифининг хаёлпарастлиги маҳсулидир ва авторлик ҳуқуқлари ҲИМОЯЛАНМАГАН, шунинг учун ЎзАдаги ҳамкасбларимиз бемалол келгусида фойдаланишлари мумкин.

XS
SM
MD
LG