Линклар

23 июлга ўтар кечаси Олмаотанинг Наврўзбой районига сел келиши оқибатида ўнлаб уйга талафот етди¸ минглаб одам ўз уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлди. Фавқулодда вазиятлар бўйича шаҳар департаментига кўра¸ Қарғали дарëси сатҳининг кўтарилиши ортидан Қарғали ва Таусамали микрорайонларини ҳам сув босган.

Ҳозирда ушбу районларни полиция ўраб олган ва сув босган ҳудудда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари жабрланганларни олиб чиқиш билан шуғулланмоқда.

Қозоғистон расмий идораларига кўра¸ Олмаотага сел келишига Қарғали музлиги остидаги сув омборининг тошиши сабаб бўлган.

Олмаота ҳокими ўринбосари Юрия Ильинга кўра¸ ҳозирда сел оқими махсус қурилма воситасида тўхтатилган ва Қарғали микрорайони яқинида жойлашган тўғон бутунлигига зиëн етмаган.

- Тўғондаги сув плотина бўйлаб шлюзлар орқали қўйиб юборилмоқда. Шаҳарнинг сув остида қолиш таҳликаси йўқ. Талафот кўрганлар йўқ¸ дейилади Олмаота Фавқулодда вазиятлар департаменти баëнотида.

Айни пайтда¸ Олмаота полицияси Наврўзбой районидаги тўғоннинг ëрилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқаган хабарни инкор этди ва бундай дезинформация манбаси қидирилаëтганини таъкидлади.

Қозоғистоннинг собиқ пойтахтидаги уч районда сел оқибатида кўп уйларга зиëн етган¸ инсоний талафотлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Айтилишича¸ сел оқибатларини бартараф қилиш учун давлат ғазнасидан 10 миллион АҚШ долларига тенг миқдорда маблағ ажратилган.

Айни пайтда¸ об-ҳавонинг аномал исиши оқибатида Марказий Осиëнинг бошқа ҳудудларида ҳам музликларнинг эриб¸ сел келиши кузатилмоқда.

Хусусан¸ Тожикистонда сўнгги ўн кун ичида рўй берган сув тошқинлари оқибатида¸ расмий маълумотларга кўра¸ 7 киши ҳалок бўлган¸ 5 киши бедарак кетган¸ етмишдан ортиқ уй табиий офат оқибатида вайрон бўлган. Иккита йирик электр станцияси фаолияти тўхтатилгани ортидан мазкур ҳудудлар буткул электр таъминотисиз қолган.

Табиий офат келтирган зарар кўламининг 100 миллион АҚШ долларидан ошганини билдирган Душанбе ҳукумати сел ва тошқин оқибатларини бартараф этишда ëрдам сўраб¸ халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилди.

Минтақанинг энг йирик дарëси Амударë ўтувчи Туркманистонда ҳам дарëнинг қирғоқдан тошиб¸ яқин қишлоқларни боса бошлагани хабар қилинмоқда.

Озодликнинг маҳллий мухбирлари йўллаган суратларда Амударëнинг Лебап вилоятидан ўтувчи қисмидаги таҳликали манзара акс этган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам кейинги ҳафталар давомида аҳолини музликларнинг эриб¸ тоғли ҳудудларга сел келиш эҳтимолидан огоҳлантириб келмоқда.

Озодлик манбалари¸ 18 июль куни Самарқанд вилоятидаги Оқдарë ҳам тошиб соҳилдаги балиқчилик ҳовузларини ювиб кетгани, тумандаги Шаҳоб каналининг сатҳи бир ярим метрга кўтарилиб, 8 та уйни бутунлай ювиб кетгани ва жуда кўплаб уй ҳайвонлари ва паррандалар нобуд бўлгани ҳақида хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG