Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:43

Россиядан қарийб 3 миллион муҳожир чиқариб юборилиши мумкин


ФМС раҳбари Константин Ромодановский
ФМС раҳбари Константин Ромодановский

Миграция қонунчилигини бузган 2,7 миллион муҳожир Россиядан чиқариб юборилиши мумкин.Чоршанба куни бу ҳақда баёнот берган Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский қонунбузарларнинг асосий қисмини Украина фуқаролари ташкил этишини таъкидлади. Кузатувчилар меҳнат муҳожирларининг Россиядан оммавий депортацияси мамлакат иқтисодиини издан чиқариб юборишидан огоҳлантирмоқда.

“2,7 миллион муҳожир Россиядан чиқариб юборилиши мумкин!”

Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский 22 июль куни журналистлар олдида қилган чиқишларидан бирида Россиядан миграция қоидаларини бузган 2,7 миллион хориж фуқароси бадарға қилиниши мумкинлигини билдирди.

- 2 миллион 700 минг хорижлик ҳозирги кунда Россияда хатар гуруҳига киритилган, чунки улар меҳнат фаолияти учун зарурий бўлган ҳужжатларни расмийлаштирмасдан 90 кунлик истиқомат муддатини ўтказиб юборган, деди ФМС бошлиғи.

Унинг айтишича, ҳозирда 1 миллион 460 минг кишига Россия Федерациясига кириш тақиқланган.

ФМС идораси келтираётган маълумотлардан миграция қоидаларини бузаётганларнинг асосий қисмини Украина фуқаролари ташкил этаётганини кўриш мумкин.

- Россияда ҳозирда 2 миллион 642 минг Украина фуқароси истиқомат қилмоқда. Улардан 1 миллион 38 минги - нотинч жануби-шарқий минтақалардан. Россияга тегишли бўлган 369-та қочоқлар пунктларида 21 минг украиналик жон сақламоқда, дея таъкидлади миграция вазири Константин Ромодановский.

Бундан олдинроқ Россия ўз ҳудудида қолаётган украинлар учун имтиёзли яшаш режимини бекор қилиш билан таҳдид қилган эди. Аммо жамоатчилик босими остида ҳукумат 2015 йилнинг 1 августигача қўшни мамлакат фуқароларига яшаш ва меҳнат қилиш учун махсус имтиёзлар сақланиб қолишини эълон қилди. Украинанинг қолган ҳудудидан келган шахслар Россияда 90 кун қолишлари мумкин.

Жаноб Ромодановский айни дамда Россия Федерациясида миграция амнистиясини эълон қилиш зарурати йўқлигини ҳам қўшимча қилди.

“ФМС бутун фаолиятини даромад олиш манбайига айлантирди”

Озодлик Россия Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашнинг миграция масалалари бўйича қўмитаси раҳбари Евгений Бобровга Федерал Миграция идораси раҳбарининг сўзларига изоҳ беришни сўраб, мурожаат қилди.

Евгений Бобров
Евгений Бобров

Ҳуқуқ фаоли миграция вазирининг бу ташаббусига мутлақо қарши эканини билдириб, бундай чора “коррупциянинг янги кўриниши”ни келтириб чиқариши мумкин, дейди.

- Миграция қонунлари Россияда шундай ёзилганки, улар одамларни қонунчиликни бузишга мажбурлаш учун атайин ишлаб чиқилган, деган фикрга борасан. Ортиқча ҳаракат қилмаган ҳар қайси муҳожирни қатор моддалар асосида жавобгарликка тортиш мумкин. Мен бу сиёсатга мутлақо қаршиман! Аллақандай “қора” рўйхатлар, киришга тақиқлар, бир нима бўлса дарров мамлакатдан чиқариб юбориш... Мана бир неча йилдирки на Инсон ҳуқуқлари бўийча Кенгаш, на бошқа ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари талаб-таклифларини ҳукумат, афсуски, инобатга олмоқда. Биз, масалан, депортация ва бадарға қилиш фақат қонунчиликни бир неча марта бузганларга нисбатан қўлланилиши тарафдоримиз. Ҳалол меҳнат қилгани келган муҳожирларга эса 3 ойлик яшаш муддатидан кейин зарурий ҳужжатлар асосида истаганча юришига имкон берилиши керак, деб ўйлаймиз, деди Россия президенти маслаҳатчиларидан бири Евгений Бобров.

Суҳбатдош миграция қоидалари иложи борича содда ва тушунарли тилда ёзилиши, ижро учун қулай бўлиши керак, дейди.

Президент ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш аъзоси Евгений Бобров билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:56 0:00
Бевосита линк

У ҳукумат олиб бораётган сиёсат фақат кимларнидир бойитишга қаратилгани, меҳнат муҳожирлари ФМС идоралари эмас, балки паспорт-виза марказларига мурожаат қилишга мажбур қилинаётганини айтади:

- ФМС қонунларни мураккаблаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб, давлат бераётган хизматларни катта даромад олиш манбайига айлантирмоқда. Масалан, Сахароводаги паспорт-виза хизмати. Унда кунига 1 минггача одамнинг ҳужжатлари қабул қилинади. Бу ерда коррупция схемаси ишлаётгани ойдек равшан! Россия ҳукумати турли “коммерсантлар”ни давлат хизматидан узоқлаштириши ва муҳожирлар учун ҳужжатларни расмийлаштиришнинг осонроқ йўлини жорий қилиши зарур, дейди Евгений Бобров.

Шу билан бирга, Президент ҳузуридаги Миграция масалалари бўйича қўмита раҳбари Ромодановский бошқариб келаётган идоранинг “3 миллион мигрантни чиқариб юбориш тўғрисида”ги таклифи амалга ошса, Россия иқтисодиёти тақа-тақ тўхташи мумкинлигидан огоҳлантирди.

Унинг фикрича, Россия мамлакатдан чиқариб юборилган 2,7 миллион муҳожирдан қолган бўш иш ўринларини бирданига маҳаллийлар билан тўлдириш имконсиздир.

Евгений Бобров ФМС бошлиғининг “миграция қонунбузарларининг асосий қисмини украинлар ташкил этади” деган гаплари ҳам ҳақиқатдан йироқ, дейди.

- Энг кўп қонунбузарлар Ўзбекистон ва Тожикистондан, украиналикларни бу қаторга киритиш нотўғридир. Украинлар масаласида икки соатдан кейин махсус йиғилиш бўлади. Унда Россияга кириб келган қочқинлар ва бошқа Украина фуқароларига махсус имтиёзлар узайтирилиши масаласи муҳокама этилади ва ишонаманки, ижобий ҳал бўлади. Улар учун биз ўзимиз махсус сайт очамиз. Умуман олганда, миграция соҳасида тартиб ўрнатиш учун бу соҳада янгилик яратишнинг ҳожати йўқ. Хато қилмасам, 2012 йилда “Миграция сиёсати Концепцияси” деб номланган ажойиб ҳужжат ишлаб чиқилган ва қабул қилинган. Аммо у ФМС томонидан ижро этилмаяпти, дея хулоса қилди Евгений Бобров.

Ўтган 2014 йилда меҳнат муҳожирлари томонидан Европада амалга оширилган пул жўнатмалари бўйича Россия биринчи ўринни эгаллади.

2014 йилда Россиядан жўнатилган жами 20,6 миллиарддан қарийб 5,6 миллиард доллари - ўзбек мигрантларининг ўз юртларига юборган маблағлари ташкил этди.

XS
SM
MD
LG