Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:24

“Билайнжон, Билайн, уланмай мен ўлайин...”


Ўзбекистонда абитуриентлар рекорди янгиланди. Тошкентда ишлаб чиқарилган музқаймоқ қадоғида СССР тарғиб этилмоқда. Мурод Ражабовнинг театрдан кетиши сабабини халқ билиши шарт эмас. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Ўзбекистонда абитуриентлар рекорди янгиланди”

Жорий йил Ўзбекистон олий ўқув юртларидаги 57 минг 957 ўринга 605 минг 836 нафар абитуриент даъвогарлик қилмоқда, бу эса битта ўринга ўртача 10,45 талабгор дегани (“Оила даврасида”, 23 июль).

Энг юқори танлов Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалида кузатилмоқда: 1 ўринга 25,82 талабгор. Энг паст танлов эса Миллий рақс ва хореография олий мактабида кузатилмоқда: 1 ўринга 3,28 талабгор.

Мамлакат олий таълим муассасаларига 2014 йилда 543 минг 131 нафар абитуриент ҳужжат топширган.

“Тошкентда ишлаб чиқарилган музқаймоқ қадоғида СССР тарғиб этилмоқда”

Тошкент шаҳри Олмазор туманида “Ice and gold” корхонаси ишлаб чиқараётган “Пломбир” ва “Одноклассники” музқаймоқлари қадоғида СССР давлати тарғиб этилмоқда (“Ҳуррият”, 22 июль).

Музқаймоқ қоғозида алвон пилотка ва қизил галстук боғлаган пионер қиз ҳамда қўш ўроқ-болға кўтариб бораётган йигит-қиз суратлари туширилган.

Қадоқда “Наркомпишпром СССР”, “Главхладопром”, “ОТК”, “ГОСТ” каби эски тузумга хос иборалар ҳам тамғаланган.

“Бугунги кунда ўзбек фарзандларига қўш ўроқ-болғага ўхшаган ҳавойи рамзларни тиқиштиришдан мақсад нима?.. Сиз нимани қўмсаяпсиз? Эски замонларни қўмсаб, юрагингиз ёняптими?” дея ишлаб чиқарувчиларни саволга тутади мақола муаллифи.

“Билайн”нинг алоқа сифати ноль”

“Билайн” уяли алоқа оператори хизматларидан норози бўлаётган мижозлар сони ошиб бормоқда (“Даракчи”, 23 июль).

Газетага мурожаат қилган мижозлар компания сифатли хизмат кўрсата олмаётгани, баъзи ҳудудларда алоқа сифати яхши эмаслигидан шикоят қилган.

“Биз савол берамиз, таклифлар киритамиз. Жавоб беришади. Лекин муаммонинг ечими йўқ. Бағдод туманининг чекка қишлоқларида интернет майли, алоқа сифати ноль. “Билайн”га ишонч йўқ. Биламан, бу ёзганларим уларга бормайди, чунки газетада чоп этмайсизлар... Баъзан алоқа кетма-кет бир дақиқага етмай узилаверади. Ана ўшанда асабларим “маза қилади”, кейин маънавий зарар етказгани учун “Билайн”ни судга берворгим келади”, деб ёзади Фарғонадан Улуғбек Ашуров.

“Билайнжон, Билайн, уланмай мен ўлайин”, дея мутойиба қилади Ҳамидбек Юсупов исмли мижоз.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил июнь ойида Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси “Билайн” ширкатини сифатсиз хизмат ва мижозлар ҳисобидан асоссиз пул ечиб олишда айблаб чиққан эди.

“Тожикистонга сарҳад оша тўйга борган амаки-жиян маҳкамага тортилди”

Наманган вилояти Уйчи туманида истиқомат қилган икки фуқаро чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтиб Тожикистонга тўйга бориб келаётганда қўлга олинган (“Ҳуқуқ”, 23 июль).

Исми ошкор этилмаган амаки-жиян Тожикистоннинг Ашт қишлоғига – қариндошининг тўйига бориб 18 кун у ерда қолиб кетишган. Қайтаётганларида эса чегарани ноқонуний кесиб ўтиш айби билан ушланган.

Уйчи тумани прокурори Қодирхон Асқаровга кўра, вояга етмаган судланувчига уч йил синов муддати жазоси берилган. Унинг амакаси эса 5,6 йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Ит етаклаган хонимлар” ва дайди мушуклар”

Дайди ит ва мушуклар Тошкент шаҳри экологияси ва санитария ҳолатига хавф туғдирмоқда (“Тошкент оқшоми”, 21 июль).

Шаҳар ҳокимлиги нашрига кўра, кўп қаватли уйларда ит ва мушук боқилаётганини оқлаб бўлмайди. Негаки, кўп қаватлар уйлар ҳайвонлар эмас, инсонлар яшашига мўлжаллаб қурилган, қолаверса, жонзотлар касаллик келтириб чиқариши мумкин.

Айни пайтда маҳаллалардаги мактаб ва боғчаларнинг ҳовлилари ҳам ит боқувчилар учун тайёр жойга айланиб қолган. Газетага кўра, бу масалани қонуний асосда қатъий ҳал этиш керак.

“Акс ҳолда, болаларнинг қум ёки ажриқ майсаларига юмалаб ўйнашига мўлжалланган кўп қаватли уйлар ўртасидаги бир парчагина ўйин майдончасида ҳам “ит етаклаган хонимлар” каллаи саҳарлаб итларини сайру саёҳат қилдираверади”.

“Автобус уриб кетган маст йўловчи касалхонада вафот этди”

Тошкент шаҳрида 77-йўналишда ҳаракатланувчи “Мерседес” автобуси ҳайдовчиси Адҳам Тўлаганов Катта Хирмонтепа кўчасида пиёдани уриб юборган (“Пойтахт транспорти”, 24 июль).

Йўл-транспорт ҳодисасида қаттиқ жароҳатланган йўловчи шифохонада вафот этган.

Қайд этилишича, марҳум йўловчи йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтаётган эди. Қолаверса, у ўша пайтда маст ҳолатда бўлган.

“Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабовни театрдан кетишга ким мажбур қилди?”

Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов Муқимий театри раҳбарлигидан кетишига доир саволга илк бор жавоб берди.

“Даракчи” нашрига интервью берган актёр унга қарши театр жамоасининг шикоятлар ёзганини маълум қилган.

“Оқ вараққа кимдир гулларни, кимдир қуёшни чизиши мумкин. Яна кимдир уни қора рангга бўяб зулматни тасвирлайди”, дея унга қарши шикоят ёзганларга муносабат билдирган актёр.

Лекин маълум бўлишича, М.Ражабов театр директорлигидан четлатилишига асосий сабаб шикоятлар эмас.

“Одамларнинг назарида мен театрдан актёрлар, жамоамнинг шикояти сабаб кетган бўлиб кўриниши мумкин. Бироқ бунинг асл сабаблари умуман бошқа. Буни халқ билиши шарт эмас, менимча”, деган М. Ражабов.

Оз муддат Муқимий театрига раҳбарлик қилган актёр ўтган йили ишдан олинган эди. Ўшанда ижтимоий тармоқларда М. Ражабовнинг Фонд Форум ва Гулнора Каримовага ўта яқинлиги ушбу истеъфога сабаб сифатида кўрсатилган эди.

XS
SM
MD
LG