Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:30

Афғонистонда икки телеканал ёпилди ва бир журналист калтакланди


Афғонистонда айни пайтда 80 телеканал фаолият кўрсатмоқда.
Афғонистонда айни пайтда 80 телеканал фаолият кўрсатмоқда.

Мазори Шариф шаҳрида фаолият юритадиган ”Осиё” ва “Меҳрабон” хусусий телеканалларининг солиқ тўламаганлик баҳонасида ёпилиши ва Кобулда бир мухбирнинг калтакланиши афғон мустақил журналистларининг жиддий ташвишларига сабаб бўлди. Журналистлар мазкур воқеани Афғонистонда сўз эркинлиги ривожланишига зарба беришини айтадилар.

Афғонистондаги мустақил журналистларни ҳимоя қилувчи “НАЙ” нодавлат ташкилоти вакили Мужиб Хилваргар Мозори Шарифда “Осиё” ва “Меҳрабон” хусусий телеканаллари фаолияти ҳукуматга ўз вақтида солиқ тўламаганлик айблови билан тўхтатилганини билдирди. Унга кўра, маҳаллий ҳокимиятнинг телеканаллар фаолиятини тўхтатиши Афғонистон амалдаги қонунчилигига зид келади:

- Шимолда “Осиё” ва “Меҳрабон” телеканаллари солиқ тўламаганликлари учун ёпилган. Солиқ тўламагани учун телеканалларни ёпишга ҳожат йўқ. Балки бу масалани ҳукумат медиа муаммоларини текширувчи комиссия орқали ҳал этиши лозим эди. Айни пайтда пойтахт Кобулда ”Хуршид” телеканали мухбири Амин Бобак парламент қуйи палатаси аъзоларидан бирининг тансоқчилари томонидан калтакланган. Ушбу ҳодисалардан биз ташвишдамиз. Ахборот ва маданият вазирлиги матбуот ва журналистлар ҳақ - ҳуқуқларини ҳимоя этиш учун зарурий чоралар кўриши керак, - деди Мужиб Хилваргар.

Афғонистон хусусий радиолари ва телеканаллари бирлашмаси раҳбари, ўзбек журналист Азизулло Орол мамлакатда ўтган 13 йил бадалида энг кўп ривожланган соҳа матбуот ва сўз эркинлиги соҳаси эканини такидлаб, айни пайтда энг кўп хавф - ҳатарларга дуч келаётган соҳа яна сўз эркинлиги соҳаси бўлганини маълум қилди:

- “Осиё” ва “Меҳрабон” телеканаллари фаолияти солиқ тўламагани учун тўхтатилгани айтилди. Мамлакатда солиқ тўламай фаолият олиб борадиган ширкатлар кам эмас. Давлат уларнинг фаолиятини тўхтатмаган, чунки ушбу ширкатлар катта куч ва имконларга эга шахсларнинг мол -мулки саналади. Аммо матбуот соҳасида хизмат қиладиганларнинг матбот ва сўздан бўлак кучи йўқ, - деб фикр билдирди Азизулло Орол.

Сўнгги йиллар давомида Афғонистонда сўз эркинлиги ва эркин матбуот мисли кўрилмаган даражада ривожланди. Ҳозирги кунда Афғонистонда 150 хусусий радио, 80 дан ортиқ телеканал фаолият юритади. Бундан ташқари Афғонистонда 500 га яқин газета ва журналлар нашр этилмоқда.

XS
SM
MD
LG