Линклар

logo-print

Россия инқироз туфайли Қирғизистонда ГЭС қурилишини молиялашни тўхтатди

  • Шерзод

Норин ГЭСи қурилаётган жой.

Норин ГЭСи қурилаётган жой.

Қирғизистон ҳукумати Россиянинг "Русгидро" ширкати Юқори Норин ГЭСлар каскадини қуришни молиялаштирмаётганини эълон қилди. Бишкек ва Москва ўртасида 2012 йилда имзоланган шартномага мувофиқ Россия Қирғизистон ҳудудида лойиҳавий қиймати 2 миллиард доллардан ортиқроқ бўлган ГЭслар қурилишини молиялаштириши ва барпо этиши лозим эди.

Москва ва Бишкек ўртасида 2012 йилда имзоланган шартномага мувофиқ Қирғизистоннинг Юқори Норин ГЭСлар каскадини "Русгидро" ширкати қуриши керак эди. Тўрт йил давомида биринчи каскад ишга туширилиб, электр энергияси ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Лойиҳа бўйича жами тўрт каскад қуриш назарда тутитлган.

Юқори Норин ГЭСларини барпо этиш муддати кечикишини 23 июлда ҚирғизистонБош вазири ўринбосари Валерий Диль маълум қилди. У Россия ширкати қурилишни молиялаштиришни тўхтатиб қўйгани сабабли ҳукумат 200 миллион қирғиз сўми (1 доллар -61,5 сўм)атрофида қарз бўлганини айтди. Унга кўра, ўтган йили “Русгидро” қурилишга 960 миллион қирғиз сўми сарфланган бўлса, жорий йилда бир сўм ҳам пул бермаган.

- Иш юзасида ГЭС қурилиши тўхтаб қолди. Бунда бизнинг ҳам айбимиз бор. Сабаби, биз молиялаштириш масаласини назорат қилиб туришимиз керак эди. Ҳозирда пудратчи ширкатларга 200 миллион сўм атрофида қарз бўлдик. Давлат мазкур ГЭСни 2016 йилда ишга тушуришни режалаётганди, - деди Валерий Диль.

Юқори Норин ГЭСининг лоийҳавий қиймати дастлаб 400 миллион долларни ташкил қилиши айтилган эди. Бироқ 2013 йилда лойиҳа қиймати 727 миллион доллар миқдорида ўзгартирилган.

Кузатувчилар Россияга нисбатан ғарб санкцияларининг жорий этилиши ортидан юзага келган иқтисодий инқироз шароитида Москва Қирғизистондаги гидроиншоотларни бунёд этиш лойиҳаларини амалга оширишга кучи етмайди, деб билдирмоқдалар. Энергетика масалалари бўйича мустақил кузатувчи Расул Умбеталиевга кўра, ҳозир "Русгидро" ширкати ҳам молиявий инқирозга учраган.

- Сўнги икки-уч ойда "Русгидро" активлари жуда арзонлаб кетди. Улар 15 миллиард рубллик активларини сотувга чиқарган. “Русгидро” акцияларининг қиймати кундан кунга арзонлаяпти. Компания молиявий инқироз вазиятида. Шу сабабли ГЭС қурилишини молиялаштириш масаласи ҳам ҳал қилинмаяпти, - дейдиРасул Умбеталиев.

Айни пайтда Россиядаги молиявий инқироз сабабли яна бир неча энергетик лойиҳаларни амлга ошириш тўхтаб қолди. Масалан, Қамбарота-1 ГЭСининг ва Қоракеча иссиқлик электр станциясининг қурилиши қачон бошланиши ҳам номаълум. Мазкур объектларни ҳам Россия қуриб беришни ўз зиммасига олган эди.

Ўзбекистон томони Қамбарота-1 лойиҳасига бир неча йиллардан бери кескин қаршилик билдириб келмоқда. Расмий Тошкент Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши минтақа экологиясига салбий таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди. Россия эса лойиҳани амалга оширишда қўшни давлатларнинг розилиги кераклигини билдирган.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 2013 йилда ўз мамлакати ГЭС қурилишига Ўзбекистонни ҳам шерик қилишдан манфаатдор эканини, бу масалада Ўзбекистон томони ўз позициясини ўзгартиришига умид қилишини бир неча бор айтиб чиққан эди.

Аммо 2015 йилнинг бошларида қирғиз расмийлари Ўзбекистон билан муносабатлар ҳамон ноаниқлигича қолаётганини билдирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG