Линклар

Москвага Свердловск вилоятидан ҳужжат тўғрилагани келган 16 яшар қорақалпоғистонлик Бекзод Ўзбекистон элчихонаси олдида маҳаллий полиция ходимлари томонидан ушлаб кетилди. Россияга онаси олдига кетаётган ўшлик 14 яшар Фахриддин эса бир ойдан ортиқ вақтдан буён Олтой вилоятидаги Рубцовск шаҳридан чиқиб кета олмаяпти. Озодлик таҳририятига сўнгги пайтларда муҳожирларнинг фарзандлари билан боғлиқ муаммолар юзасидан мурожаатлар кўпаймоқда.

16 яшар Бекзодни полиция ушлаб кетди

Озодликнинг Москвадаги бюросига Свердловск вилоятидан қўнғироқ қилган қорақалпоғистонлик Пирназар ака 16 яшар ўғлининг ҳужжжатларини расмийлаштириш учун Москва шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасига юборганини сўзлаб берди.

Беруний туманидан эканини гапирган бу шахс элчихонага яқинлашиб келаётган ўғли Бекзодни полициячилар тўхтатиб, бўлимга олиб кетганини айтди.

Озодлик Бекзоднинг ўзи билан боғланиб, у ҳозирда полиция бўлими ҳибсхонасида сақланаётганини аниқлади.

- Посольствога вақтинчалик паспорт олишга Ўзбекистонга ўтиб кетиш учун келдим. Менда паспортим йўқ ҳали, вояга етмаганман. Бизга Москвага вақтинчалик паспортга боринглар дейишди. Бир кун акамникида ётиб туриб, бугун посольствога бориб турувдик, бизларни милиция ушлади элчихона олдида. Документни кўрсатганимиздан сўнг метрикамни ичида муддати ўтган қоғоз бор эди. “Я запутался”, деб полиция участкасига олиб келди. Мен бу участкасини ҳам билмайман,- деди Бекзод.

У билан бирга бўлинмага олиб келинган Бекзоднинг ҳамқишлоғи Озодлик билан суҳбатда полиция ходимлари исми-шарифи, полиция бўлими манзили тўғрисида маълумот беришдан бош тортаётганини айтади:

- Бизни метродан чиққанимиздан кейин ушлади-да, отделениега олиб келди. Буни вояга етмаган деяпти, регистрация муддати ўтган деяпти, кейин, менга отасидан доверенность йўқ экан. Мен уни вокзалда кутиб олган эдим – ўзи келувди. Биз ўзи посольстводан вақтинчалик паспорт олишимиз керак-ку! Энди менга айтади булар “Болани олиб кетамиз, доверенность олиб келсанг эртага қўйвораман, бўлмаса депорт бўлиб, энг ками билан бир ойда Ўзбекистонга жўнатамиз”, деяпти,- деди исмини ошкор қилмасликни сўраган суҳбатдош.

16 яшар ўзбекистонлик ўсмир Бекзод Наримбетов ҳозирда Москва шаҳрининг Якиманка полиция бўлимида сақланаётгани аниқланди. Бироқ, полиция бўлими навбатчиси болани ушлаб қолингани сабабларини телефон орқали тушунтирмаслиги ва фақат “ота-онаси шахсий мурожаати” асосида жавоб берилишини билдирди:

- Мен бундай маълумотни сизга бера олмайман,- дея гапни қисқа қилди полиция навбатчи офицери.

Ўзбекистон элчихонаси консуллигида Озодлик сўрови билан вояга етмаган Бекзод Наримбетов иши махсус назоратга олинганини билдиришди.

Фахриддин 35 кундан буён чегарада қолмоқда

Шу йилнинг июль ўрталарида Ўшнинг Қорасув тумани Наримон қишлоғида яшовчи 14 яшар Фахриддин Дадашев Иркутск шаҳрида мардикорлик қилаётган онаси олдига жўнади.

Уни манзилга етказиб қўйишни ўз зиммасига олган микроавтобус ҳайдовчисига бувиси номидан ишончнома ёзилган. Бироқ чегарани кесиб ўтаётганида машинада кетаётган юкдан божхона хизмати ходимлари томонидан топилган наркотик моддаси туфайли машина ҳибсга олинди.

Фахридиннинг бувиси ҳайдовчи гувоҳ сифатида Олтой вилоятининг Рубцовск шаҳрини тарк этмаслик тўғрисида тилхатга имзо чеккани сабабли бола ҳам 35 кундан бери шаҳарда қолаётганини Озодликка гапириб берди:

- 16 июл куни мен неварамни Россияга жўнатувдим. Бир ҳафтадан кейин уни жўнатган корхонага бориб, “Болам етдими? Телефон қилмаяпти..” десам, аввалига Қозоғистон йўлида машина мотори бузилганини айтишди, кейин 5-6 кундан кейин яна борсам, “Опа, олиб кетаётган тандирни ичига героин солишган экан – ушлашибди.” Мен шофёрга доверенность қилиб берган эдим. Мана 35-36 кун бўлди шофёрни қўлида, Рубцовск деган жойда экан. Онаси ҳужжатлари жойида эмаслиги сабабли у ерга кела олмаяпти. Машиналари пломбалаб қўйилган, ейишга ҳам ҳеч нарсаси қолмаган экан, кеча оч қолиб йиғлаб телефон қилди неварам,- дейди онахон.

Бу аёл Озодлик орқали июль ўрталаридан бери Қозоғистон билан чегарадош Олтой вилояти Рубцовск шаҳрида қолаётган 14 ёшли Фахриддинни Иркутскка юборишга ёрдам сўраб мурожаат қилаётганини билдирди.

Фахридинга кўмак бериш истагида бўлганлар +996554134117 телефони орқали боланинг яқинларига ёки Озодлик таҳририятига мурожаат қилишлари мумкин.

Озодлик Радиоси ўсмирлар Фахриддин ва Бекзод ишини кузатиб боради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG