Линклар

logo-print

Ҳурматли Озодлик! Сизларнинг Озодлик Онлайндаги Абдулла Ориф билан суҳбатларингизни эшитиб, ёзилган изоҳларни ўқиб Абдулла аканинг “Аслига қайтгани”ни кўриб мен ҳам бир мухлис, бир адабиётшунос сифатида хурсанд бўлдим... Лоп этиб эсимга у ҳақда (бундан анча йиллар илгари) трактат шаклида ёзган бир мақолам эсимга тушди. Уни Сизларга юборяпман. Балки ИЗОҲ ўрнида сайтларингизда фойдаланарсизлар. Ботир Норбой.

ИККИ ЮЗЛИ ҚАҲРАМОН...

(Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Ориф ҳақида трактатлар туркумидан. 1-мақола)

Қатнашувчилар:
Адабиётшунос.
Оқ юзли лирик қаҳрамон.
Қора юзли лирик қаҳрамон.

БИРИНЧИ ҚИСМ

Адабиётшунос: - Муҳатарам қаҳрамонлар. Мен Абдулла Орифнинг 60-80 йиллар шеърияти ҳақида кўп мақоллар ёзганман. Ҳали омма орасида машҳур бўлмаган бир пайтда, (1972 йил, “Ўзбекистон маданияти ” газетасида) “Абдулла Орипов поэзияси”, номли мақолам чоп этилган ва унинг тенгдошларидан дакки ҳам эшитганман.


Оқ юзли лирик қаҳрамон:- Нега дакки эшитасиз?

Адабиётшунос: - Ҳали икки уч тўплам чиқарган Ориповда поэзия нима
қилади, Абдулла Пушкин бўлибдими, дейишган. Мен, Абдулла Ориповнинг шеърларини, яхши кўрардим. Биронтаси Абдулла Ориповни ёки шеърларини ёмонлаб қолса астойдил жаҳлим чиқар, гоҳида улар билан уришиб қолардим.

Абдулла ака мен учун таъсирли шеърлар битувчи шоиргина эмас, қаҳрамонлик тимсоли ҳам эди. Чунки деярли ҳамма шоирлар СССРни ватан билганида биринчилардан бўлиб: “Ўзбекистон, Ватаним маним”, деб эътироф этган. Шеъларида “Миллиард эгатларга сочилган ўзбек”ка ачиниш, унинг камолга етмаганидан ўкиниш (“Биз ҳам етукликка бўлмадик тимсол”) туйғулари бор эди.

Мен, ўша пайтда ёш бўлганим туфайли, гарчи негалигини тўла тушиниб етмасамда, халқимизнинг асосий вакиллари афтода ва бечораҳол яшашидан ўкиниб юрар, Абдулла аканинг шеърлари менинг оғриган жойимга малҳамдай туюларди. Аммо 70 йиллар охиридан бошлаб Абдулла Орипов ижодий таомилида аста-секинлик билан халқ ҳаётига, унинг оғир меҳнатига бепарволик ( (“Саодатга”) пайдо бўлди, компартия раҳбарларига мадҳиялар (“Комсомол”, “Нажот қалъаси”)
янграй бошладики, бу яхши хислат эмас эди.

Оқ юзли лирик қаҳрамон:- Адабиётшунос бўлсангиз ҳам шоир ижодидаги ўша пайтдаги илғор хусусиятларнинг ҳаммасини, ҳатто бир қисмини ҳам тўла айтмадингиз. Муҳаббат ҳақидаги маюс ва мунис сатрлар (“Севги ўлими”, “Мактуб”, “Муҳаббат”), табиатнинг инсон ҳаёти ва ҳиссиётлари билан боғлиқ тасвири (“Баҳор”, “Ўзбекистонда куз”) нақадар фараҳли ва гўзал эди...

Адабиётшунос: - Мен бу ҳақда мақолалаларимда, китобларимда, илмий
ишларимда ёзганим учун тўхталмаяпман. Бу ерда гап шоирнинг бутун ижоди ҳақида эмас, унинг ижодидаги асосий хусусиятлар, аниқроғи ҳақиқатга, халққа бўлган ихлоснинг сусайиши, ҳаёт ҳақиқатини борлиғича сатрларга туширмаслик тўғрисида кетмоқда. Мен бу сусайишнинг дастлабки босқичлари тўғрисида 1981 йили чоп этилган китобчамда ёзганман ва Абдулла ака ўз оғзи билан, “Ўша гапларингиз рост”, деб эътироф этган.

Оқ юзли лирик қаҳрамон:- Эътироф этган бўлса, ҳозир буни эслаётганингизнинг сабабини тушунмадим.

Адабиётшунос: - Эслатишим сабаби, менимча, шоир зоти ҳамиша ўз онтига содиқ қолиши лозим. “Қалбим буюрмаса бирор сўзни ҳам, ёзмасман, ҳеч қайда, ҳеч вақт ҳеч қачон”, деган Абдулла Орипов онтига содиқ қолмаганини айтмоқчиман.

Оқ юзли лирик қаҳрамон:- Бирда содиқ қолмаган бўлса, иккинчисида содиқ қолгандир! Шоир Сизникига ўхшаган иддиоларга: “Мен ҳам яшай ахир бир одам каби”, сингари сатрларида жавоб берган. Баъзи адабиётшунос олимлар ва танқидчилар шоирни ҳамиша курашчан ҳолда кўришни истайдилар...

Адабиётшунос: - Сиз шоирнинг оқ юзли лирик қаҳрамони бўла туриб шундай дейишингиз менга ҳам тушинарсиз. Ахир у: “курашга яралган жафокаш инсон”, деб ўзи эътироф қилган. Қолаверса, Алишер Навоий бобомиз: “Одаме эрсанг, демагил одами, ониким, йўқ халқ ғамию, дин ғами”, деб бекорга айтмаган. Яна, АбдуллаОрипов бир пайтлар шеър бағишлаган ўрис шоири Некрасовнинг: “Сен шоир бўлмаслигинг мумкин, аммо фуқаро бўлишга маҳкумсан”, деган фикри бор. Шоир ва Фуқаро сифатида Абдулла Ориф халқ ташвишини чекишга, унинг дард
ҳасратларини шеърга солишга маҳкум.

Оқ юзли лирик қаҳрамон:- Тўғрисини айтсам, мен ҳам бир пайтлар шулардан ташвиш чекканман, илҳом дақиқаларида унинг қалб «қулоғи»га шивирлаб турганман. Аммо, тўғриси, у менинг айтганларимга кўпам эътибор беравермади. Мен билан шоирнинг орасида Шайтон қиёфасидаги бир яна бир қаҳрамон пайдо бўлди. Унинг жуссасига боқсам, менга бироз ўхшайди, аммо у ниқоб кийиб олганлиги учун танимадим..

Қора юзли қаҳрамон:- Бу мен эдим! Абдулла Ориф мен билан кўпроқ бирга бўла бошлади. Мен унинг қулоғига: “Сен ҳам одамга ўхшаб яша, ҳузур ҳаловат кўр”, деган гапларни айтардим.

Оқ юзли лирик қаҳрамон:- Мен эса ёнига йўламас, унга дардимни айтолмас эдим.

Қора юзли қаҳрамон:- Тўғри, сенинг келишингга мен йўл бермадим... Шоирга:“Сен ҳам одамсан, мукофотлар олишинг, орден-медаллар
билан тақдирланишинг керак”, деб айтиб турдим, ҳаёт шундай маромда бўлса, барча шоир ва адиблар мукофот илинжида яшаган, яшаётган бўлса, у нима қилиши керак? У бора бора менга қулоқ тутадиган бўлди. Мен унга сохта “илҳом онлари” яратадиган бўлдим.

Оқ юзли лирик қаҳрамон:- Жудаям унчалик эмас, мен ҳам унинг халқ ва ҳақиқат томонда бўлиши учун курашганман, Ҳақиқий илҳом онларида имон ва диёнатини йўқотмай, Ҳақ ва адолат йўлида туриб қатор сатрлар битган.

Адабиётшунос: - Ажабо, шоир Юсуф Жума:

Шеърларида хак деб бўлади гирён,
Хаётда ғирт лоқайд, бўлмангиз хайрон.
Унга илҳом билан имон келади,
Ундан илҳом билан кетади имон, -

деб ёзганида шу хил шоирларни кўзда тутган эканда? Ўтган асрнинг 80 йиллари охирида Оролни асраш қўмитаси, Бирлик халқ ҳаракати
каби халққа ён босадиган жамоат ташкилотлари пайдо бўлганда Абдулла Орипов бу ташкилотларга эътибор бермади, ҳатто қора кўзойнак орқали қарай бошлади.

Орол ҳақида шеър битган бўлсада, “Бирлик”ка хайрихоҳ бўлмади. Ўнлаб публицистлар, шоирлар жамиятдаги иллатлар ҳақида, Ўзбекистонда ўзбек тилининг давлат тили бўлиши (аслида мустақиллик) учун кураш олиб бордилар.

А. Орипов эса, фақат Ўзбекистонда эмас, бошқа юртларда ҳам камчилик ва иллатлар борлигини эслатиб, кишиларни лоқайдликка етаклади, СССРдан ажралмаслик ғоясини илгари сурди.

Оқ юзли лирик қаҳрамон:- Бу даврда шу ҳаракатлар бошидаги айрим лидерлар Абдулла Ориповга зуғум ўтказгани, аксинча, мамлакат бошлиғи унга ҳайриҳоҳлик билан қарагани ҳам бунга сабаб бўлди.

Адабиётшунос:-Ҳар қандай ҳолда ҳам бундай қилиш керак
эмас эди.

Оқ юзли қаҳрамон:- Мен у кишининг илҳом онларида: “Озод бўлармикан натовон Ватан”, дея изтироб чекканини кўрганман. (Қора юзли қаҳрамонга) Ҳаммаси сен шайтонсифатга йўлиққанидан бўлди. Энди билишимча, у киши менга эмас, сенинг минғирлашларингга кўпроқ қулоқ солган. Кўпроқ, деб таъкидлаётганимнинг сабаби, гоҳ- гоҳ менга ҳам қулоқ осиб турди. “Турмуш ташвишлари”, “Тулки фалсафаси” каби шеърларида айтилган фикрлар бунинг далилидир...

Адабиётшунос: - Биз унинг 80 йиллар охири, 90 йиллар бошидаги ижоди ҳақида гапиряпмиз...

Оқ юзли лирик қаҳрамон:- Бу йилларда ҳам мен билан ошно тутиниб, ҳақиқатни айтишга ҳаракат қилган пайтлари бўлди. Аммо қизиғи шуки, шеърлари остига ўтиб кетган саналарни ҳам қўя бошлади. Лекин “Ҳаж дафтари” китобчасидаги шеърларидан сезилишича, гоҳида шеър санасини яшира олмади. Ислом дини шоирни Ҳаққа, имонга яқинлаштирди.

Қора юзли қаҳрамон:- Аммо ҳаж дафтарини ёзаётганда ҳам мен уни
чалғитиб турдим. Айтайлик, пайғамбардан бошқа ҳеч ким ҳадис айтишга (ёзишга) ҳақи йўқ, мен эса китобнинг “Ҳикмат садолари” қисмига “эллик ҳадис”, деган тагсарлавҳани қўйдирдим.

Оқ юзли лирик қаҳрамон:- Йўлдан урганингни сезгандим. Аммо бу хил
жумлаларни бир зумда тўғрилаш мумкин. Бу китобда ҳаёт ҳақиқати ҳаққоний ифодаланган, халқ тақдири ҳақида тўғри фикрлар ифодаланган мисралар кўп:

Ҳануз бири икки бўлмаган элдан
Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ.

Яна:

Тегирмон тошидек айланди тақдир,
Карвонлар тўзғиди, сарбонлар басир,

Ёки:

Хор бўлди ватанда кимки илми бор,
Бировлар зар билан топди эътибор,
Хийлагар кўпайди, кўпайди маккор,
Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ-

cингари ҳаққоний сатрларни ўқисак, шоирни ҳаётни ҳаққоний
ифодаламасликда айблаб бўлармикан?! Шу шеърнинг ўзида,”Инсоф, диёнатни унутдик биз ҳам”, “Ҳақиқат йўқ жойда яшагай ёлғон”, сингари сатрларнинг ҳам борлиги фикримизни тасдиқлайди.

Адабиётшунос: - Бироқ шу ернинг ўзида Каъбатуллоҳдан мадад сўралиши тўғри бўлмабди. Исломда фақат Аллоҳдан мадад сўралади.

Оқ юзли лирик қаҳрамон:- Яқиндагина коммунист бўлган шоирнинг шундай сўзларни ёзиши, ҳажга бориб Ҳожи бўлиши катта янгилик эмасми!?

Адабиётшунос: - Юсуф Жума бу “янгилик” ҳақида шеър ёзган:

Ажаб, анави тождор,
Ҳам коммунист, ҳам ҳожи,
Менинг бир устозим бор,
Ҳам коммунист ҳам ҳожи.

Оқ юзли лирик қаҳрамон:- Юсуф жума Абдулла Ориповни устозим, деб эътироф қила туриб, кўп қалтис истеҳзо қилган. Исломда Аллоҳга ширк келтирмаган киши, товба қилса, тўғри йўлга тушиб олса, кечирилади.

Адабиётшунос: - Юсуфнинг истеҳзоси тагида ҳақиқат бор. Абдулла ака оғизда коммунистликдан воз кечса ҳам, амалда коммунистлар пайтидаги ишларини давом эттираверди.

Оқ юзли лирик қаҳрамон:- Гапни чалғитмайлик, зеро “Ҳаж дафтари” ҳақида гаплашаётувдик. Мавзудан четга чиқмай, китобдаги ҳикмат садоларининг ҳаққонияти ва шеърхонга таъсири ҳақида сўзлаганимиз яхши эди. Аввало бир - икки ой мобайнида 50-60 шеърнинг ёзилиши, у ерда Исломий руҳнинг мавжудлиги айни ҳақикатдир. Бу китобдаги айрим шеърлар, мисралар 60-70 йиллардаги Абдулла Ориповнигина эмас, Ҳаққа ишонган Абдулла Ориповни кўз олдимизда гавдалантиради.

Адабиётшунос: - Масалан?

Оқ юзли лирик қаҳрамон:- Масалан, юқорида айтганимиздан ташқари “Пайғамбар”, “Аллоҳ даргоҳи”, “Шайтон”, “Ибодат”, “Мавҳум зот”, каби шеърларда 90-йиллардаги Абдулла Орипов шеърияти учун янгилик сифатида жаранглайдиган мисралар кўп:

Бу ерда бор эрур на Қорабоғи,
На Ўзган, на Ўшу фарғонаси бор, -
дея илгари ўзи тилга олмаган фожиа ўчоқларини эслаши ибратлидир.

Адабиётшунос:- Бу гапингиз тўғри, аммо Фарғона, Ўш-Ўзган фожиалари пайтида бир гуруҳ курашчилар Абдулла ака олдига бориб: “Шу воқеаларга сиёсий баҳо беришни талаб қилиб хат битдик, Сиз ҳам имзо чексангиз”, деганда: “Ука, мен шоирман, прокурор эмасман”, деганлари ҳам эсимизда.

Оқ юзли қаҳрамон:- Бўлса бордир, шоир зоти ҳар хил кайфиятда бўлади. Ҳозир гап унинг шеъри ҳақида кетяпти. Унинг шеъридаги:

Шунчалик мукаммал Аллоҳ даргоҳи,
Мағфират қил, дея дилни тиғладим,
Ҳар ёнда таралар мўминлар оҳи,
То тонгга қадарли юм юм йиғладим,-

мисраларида самимият борлигига мен кафилман.

Адабиётшунос: - Айни замонда сиз ҳозиргина мақтаётган шеърда:
“Олам уммон бўлса, гирдоби шу жой... замин йўриқлари бунда бузилмиш”, сингари куфрона гаплар ҳам бор. Каъбани гирдобга ўхшатиш, бу ерда замин йўриқлари бузилмиш, дейиши яхши гап эмас.

Оқ юзли лирик қаҳрамон:- Гапларингизда жон бор, аммо унинг бошқа
шеърларидан бу хил куфроналик топиш қийин. Аксинча уларда кескин ва
ҳаққоний айтилган фикрлар мавжудлигидан шодланиш лозим. Айтайлик “Шайтон” шеъридаги:

Шайтоннинг хунари чиндан ранг-баранг,
Саллани пайтава қилиб ўратгай,
Агар сидқидилдан кўрсатса найранг,
Нодонни шоҳ қилиб юртни сўратгай, -

каби сатрлар, чинакамига замонавийдир.

Адабиётшунос: - Келажакда Абдулла Орифга албатта ҳайкал қўйилади. Зеро у дастлаки 60-80 йиллар ижодида шеъриятда ижобий ўзгаришлар ясаган, 90- 2000 йиллардан бошлаб эса салбий ўзгаришларга ҳам йўл очган шоирлардан биридир, Шу учун бу ҳайкалнинг бир юзи оқ, иккинчи юзи қора бўлармикан, деган шубҳам бор.

2007 йил.

Ботир Норбой. Филология фанлари доктори.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG