Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:30

Қирғизистонда ўтказилган аксилтеррор амалиёти бўйича савол кўпаймоқда


Бишкекда 16 июль куни ўтган аксилтеррор амалиёти пайтида олинган сурат.
Бишкекда 16 июль куни ўтган аксилтеррор амалиёти пайтида олинган сурат.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 16 июль куни Бишкек ва шаҳар яқинида террорчи деб аталаётган 6 шахс жисмонан йўқ қилинган махсус амалиёт ўтказиши ортидан тарқатилаётган хабарларни таҳлил қилар экансиз, бир қатор шубҳали ва жавоб топилмаётган саволлар пайдо бўлади.

МХДҚ амалиётларидан кейин бир кун ўтиб мамлакат расмийлари ҳамда матбуоти террорчилар томонидан режалаштирилгани айтилаётган ҳужумлар тафсилотларини бера бошлади.

Аммо содир бўлган ҳодиса ҳақидаги маълумотлардан ғалати манзара гавдаланмоқда. Келинг, аввал аниқ маълум бўлган маълумотлар ҳақида сўз юритамиз.

16 июль куни Қирғизистон хавфсизлик кучлари Бишкек шаҳри марказида ҳамда шаҳар яқинидаги Лебединовка қишлоғида махсус амалиёт бошлади. Бишкекдаги отишманинг бир неча видеоси Интернетда ёйинланди. Видеоларда иморатлардан бурқиб чиқаётган тутун, отишма ва портлашлар овози акс этган.

Бишкекда тўрт, Лебединовкада камида икки жангари ўлдирилгани айтилди. Аммо бошида айрим матбуот нашрларида Лебединовкада ҳам тўрт киши ўлдирилди, дейилди. Аввалига етти киши қўлга олингани таъкидланди ва амалиёт пайтида тўрт махсус хизмат вакили яралангани айтилди.

16 июлдаги тўқнашув ҳақидаги илк хабарларда Қирғизистон хавфсизлик хизмати “халқаро гуруҳ” жангарилари билан курашаётгани айтилди. Айрим матбуот нашрлари Ички ишлар вазирлигидаги “манбалар” жангариларни “Исломий давлат” аъзолари деб кўрсатгани ҳақида хабар тарқатди. Аммо бундай хулосага нима асос бўлгани очиқланмади.

Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот котиби Рахат Сулайманов “Йўқ қилинган террористлар “Исломий давлат”га алоқадар бўлган”, деди. Қирғизистон расмийлари Қирғизистондаги жангари гуруҳга Қозоғистон фуқароси етакчилик қилганини айтишди.

Аммо ҳодисанинг айрим жиҳатлари тушунарсиз бўлиб қолмоқда.

Сулайманов баёнотидан аввал АКИпресс агентлиги жангариларни “такфирчилар” деб атади. Такфирчилар “Исломий давлат” аъзоси ҳам бўлиши мумкин, аммо АКИпресс мақоласида бу ҳақда ҳеч нима дейилмади.

Қирғизистон расмийлари ҳамда матбуоти бир овоздан гуруҳ етакчиси Жанбўлўт Амиров исмли Қозоғистон фуқароси эканлигини айтмоқда. 17 июль кечгача шахси аниқланган ягона жангари Амиров бўлди. Айрим хабарларда жангарилар орасида Қирғизистон фуқаролари ҳам борлиги айтилди.

Қозоғистоннинг tengrinews.kz Интернет янгиликлар агентлиги 17 июль куни берган хабарида “террорчи гуруҳнинг ўлдирилган барча аъзоси Қозоғистон фуқароси бўлган” дейишгача борди.

Қозоғистон расмийлари ҳали Қирғизистонда ўлдирилганларнинг бирортаси Қозоғистон фуқароси бўлганини тасдиқлагани йўқ.

Амиров яқинда Қирғизистон қамоқхонасидан қочган. Амиров ва яна бир Қозоғистон фуқароси Альберт Абхин 2014 йилда Қирғизистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айбдор деб топилиб, тўрт йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Хабарларга кўра, Амиров ва Абхин 25 июнь куни қамоқхонадан қочган. 2 июль куни Қирғизистон хавфсизлик кучлари Абхинни Бишкекда қўлга олмоқчи бўлган, аммо, хабарларда айтилишича, Абхин ўзини портлатиб юборган.

Қирғизистон расмийлари Амиров 16 июлдаги амалиёт нишони бўлган террорчи гуруҳнинг етакчиси бўлганини таъкидламоқда. Аммо Амиров ўтган ойнинг охиригача панжара ортида ўтирган бўлса, қандай қилиб ҳужумларни уюштириши мумкин бўлгани тушунарсиз қолмоқда.

Махсус хизматларга кўра, гуруҳ 17 июлда,яъни Рамазон ҳайити куни бир вақтнинг ўзида Бишкекнингқаеридадир ва шаҳардан 40 километр масофада жойлашган Қант Россия ҳарбий ҳаво базасида портлашлар уюштиришни режалаштирган.

Махсус химзат жангарилардан мусодара қилинган қуроллар, жумладан, АК-47 автоматлари, гранаталар ҳамда портловчи мослама тайёрлаш учун зарур моддалар суратларини чоп этди.

Аммо Қирғизистон расмийлари ҳали Бишкекда ёки Қантда амалга оширилиши режалаштирилган ҳужумларнинг аниқ жойи тафсилотларини берганича йўқ.

Сулайманов жангарилар “Қант ҳарбий ҳаво базасида стратегик аҳамиятга эга рус иншоотининг қурол-аслаҳасини қўлга киритиш учун портлаш уюштирмоқчи бўлишган”, деди.

Қант ҳарбий ҳаво базасида камида 2000 аскар, махсус кучлар, қуролланган вертолётлар ҳамда замонавий ҳарбий учоқлар бор. Бир гуруҳ жангари учун бу каби иншоотга бостириб кириш, қуролларни қўлга киритиш ва қочиб чиқиш осон кечмаган бўлар эди.

Терговчилар ҳозирда бу ишни кўриб чиқмоқда ва воқеа тафсилотлари ҳали кўп ўзгаришини кутиш мумкин.

Аммо агар Қирғизистон расмийлари ҳамда матбуоти содир бўлган ҳодисаларни хатосиз баён қилаётган бўлса, жиддий хавотирга ўрин бор.

Қирғизистон ўзининг қўшнилари каби Сурия, Ироқ, Афғонистон ёки Покистонга кетган фуқаролар қайтиб келиши мумкинлиги сабаб огоҳ бўлиб турибди. Қирғизистон ҳамда Қозоғистон расмийлари камида бир неча юз киши бу икки мамлакатдан “Исломий давлат” сафига қўшилиш учун Яқин Шарққа кетганини тан олади.

Ҳозир маълум бўлган маълумотлардан 16 июль куни Қирғизистон хавфсизлик кучлари билан тўқнашган гуруҳ Қозоғистонда юзага келганини хулоса қилиш мумкин.

ОзодЕвропа/Озодлик радиоси таҳлилчиси Брюс Панниер мақоласини инглиз тилидан Нодир Атаев таржима қилди.

XS
SM
MD
LG