Линклар

Тожикистонда Skype орқали никоҳ ўқитиш кўпаймоқда


Тожикистонда қайнонасидан оқ косада сув олаётган келин.

Тожикистонда қайнонасидан оқ косада сув олаётган келин.

Тожикистон пойтахтида истиқомат қилувчи 27 ёшли иқтисодчи Шаҳноза Идрисова фахр билан тўйида олинган суратни кўрсатади. Суратда оқ либос кийиб олган Идрисованинг қайнонасидан оқ косада сув олаётганини кўриш мумкин. Тожикистонда бу таомилни куёв ҳам, келин ҳам бажаради. Аммо суратда куёв йўқ.

Бунинг сабаби сурат икки ёш видео чат хизмати орқали оила қуришга онт ичганидан кейин бир неча дақиқа ўтиб олинган.

Тожикистон дунёдаги технологиялар энг ривожланган мамлакат эмас. Аммо оила масаласига келадиган бўлсак, Идрисова ва бошқа ёш тожиклар янги технологиядан тўлақонли фойдаланмоқда.

Тожикистонда SMS орқали ажрашишларнинг кўпайиб бораётгани дин пешволарини бу йўл билан оила бузишни ман қилувчи фатво чиқаришга ундади. Энди бўлса мамлакатдаги дин пешволари ҳамда ижтимоий консерваторлар Skype орқали оила қуриш тенденцияси олиб келадиган оқибатларга тайёрланмоқда.

Идрисова билан куёв Парвизнинг никоҳи келиннинг уйида, икки ёшнинг ота-онаси ва гувоҳлар қуршовида ўқилди. Фақат куёв компьютер экрани орқали иштирок этди.

Июнда бўлиб ўтган тўйи ҳақида Идрисова “Бу оддий тўй бўлди: тўй кийимлари, меҳмонлар, тўкин дастурхон бор эди. Битта фарқи Парвиз ўша пайтда Тунисда эди”, дейди.

Икки ёш орадан бир ой ўтиб Идрисова Тунисга борганидан кейин бир-бирига узук тақди. Куёв Тунисда беш йиллик шартнома бўйича таржимонлик қилмоқда.

“Шу йил бошида Парвиз кутилмаганда шартнома имзолаб четга кетишидан аввал ўн йил давомида гаплашдик. Отам турмушга чиқмай туриб у билан кетишимга изн бермади. Биз бўлса Парвиз қайтишини яна беш йил кутишни истамадик. Шунинг учун Skype орқали оила қуришга қарор қилдик”, дейди Идрисова.

Идрисова яна “ҳамма тожиклардек” никоҳ ўқитиб оила қуришганини айтади.

Тожикистон Россия, Қозоғистон каби қўшни мамлакатларни ва баъзи ҳолларда ундан олисроқ мамлакатларни арзон ишчи кучи билан таъминлайди. Россия тарқатган расмий маълумотларга кўра, мамлакатда камида 1,2 миллион тожикистонлик муҳожир бор. Тожикистоннинг умумий аҳолиси бўлса 8,5 миллионни ташкил қилади.

Skype орқали оила қуриш ҳатто одатда диний жиҳатдан консерватив одамлар яшайдиган қишлоқларда ҳам кузатилмоқда.

Душанбе ғарбида жойлашган Турсунзода қишлоғида яшовчи Аламби Муродованинг ҳозир Канадада бўлган 29 ёшли ўғли яқинда Skype орқали оила қурди.

Муродованинг айтишича, ўғли билан 24 ёшли келин Сайёра Одноклассники рус ижтимоий тармоғи орқали танишган. Сайёра ҳам Турсунзода қишлоғида истиқомат қилади.

Икки ёш икки йил давомида онлайн алоқа қилган. Тўйлари учун Турсунзодада кичик маросим уюштирилган. Келиндан 10,000 километр масофада бўлган куёв бўлса никоҳ ўқиш маросимида Skype орқали иштирок этган.

“Ҳамма ота-она каби ўғлимнинг тўйини ўтказишни орзу қилар эдим. Аммо виза ва молиявий сабабларга кўра ўғлим кела олмади”, дейди Муродова.

Икки ёш оилавий ҳаётни бир-биридан олисда бошлади. Сайёра Турсунзодада қайнонасиникида яшамоқда, эри бўлса Шимолий Америкада. Аммо улар Канадада бирга яшашни режалаштирмоқдалар.

Муродова ўғли келини учун виза олишга ҳакарат қилаётганини айтади. Аммо бу оилаларни бирлаштирувчи виза бўлмайди, чунки Тожикистонда Skype орқали қурилган оилалар расман тан олинмайди.

Тожикистоннинг дунёвий ҳукумати исломий никоҳни тан олмайди, ҳатто келин ва куёв маросимда бевосита иштирок этган тақдирда ҳам. Янги оилалар расман тан олиниши учун икки ёш аввал фуқаролик ҳолати актларини қайд қилиш бўлимида рўйхатдан ўтиши керак.

Тожиклар одатда расмий маросимлардан кейин никоҳ ўқитади. Айрим тожик муллалар Skype орқали ўқилган никоҳни маъқулламайди. Шундай бўлса-да, кўпчилик тожикистонлик Skype орқали оила қуришлар давом этади, деб ишонади.

Душанбедаги Оила ва никоҳ маркази директори Марҳабо Зунунова “Агар келин куёвга мос бўлса, икки ёш яхши яшаб кетса, улар қандай учрашгани ва қандай оила қургани – Интернетдами, кўчадами – фарқи йўқ”, дейди.

“Онлайн танишиб оила қурган бахтли тожик оилалари жуда кўп. Skype орқали оила қуриш бориб-бориб нормал ҳолга айланади”, деб сўзини давом эттирди Оила ва никоҳ маркази директори.

Аммо Зунунова Интернет орқали нотаниш одамлар билан алоқа қилиш ва оила қуриш одам савдоси хавфини оширишини қўшимча қилди. Унинг айтишича,бундай хавф саводсиз ёш қизлар орасида айниқса каттадир.

Нечта тожикистонлик Skype орқали оила қургани ҳақида расмий маълумот йўқ. Аммо Озодликнинг тожик хизмати видео чат хизмати орқали никоҳ ўқитган беш жуфтлик билан суҳбатлашди.

Суҳбатлашганларнинг барчаси 20-30 ёшлар атрофида.

ОзодЕвропа/Озодлик радиоси мухбирлари Фарангиз Нажибулла ва Ганжиной Ганж мақоласини инглиз тилидан Нодир Атаев таржима қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG