Линклар

"Исломий давлат" қирғизистонликларга илк мурожаатини йўллагани айтилмоқда


Бишкекдаги kloop.kg сайти "Исломий давлат"ники экани иддао қилинаётган видеонинг айрим қисмларини YouTubeдан олиб ташланишидан олдин сурат кўринишида сақлаб қолган.

Бишкекдаги kloop.kg сайти "Исломий давлат"ники экани иддао қилинаётган видеонинг айрим қисмларини YouTubeдан олиб ташланишидан олдин сурат кўринишида сақлаб қолган.

“Исломий давлат” гуруҳи илк марта қирғизистонликларга видеомурожаат йўллаб, қирғиз мусулмонларнинг барчасини “куфр ва мунофиқлар” ўлкасидан ҳақиқий “ислом давлатига ҳижрат қилишга” ҳамда жиҳодга чақиргани айтилмоқда. YouTube порталига жойланган ва кейинчалик олиб ташланган видеомурожаатда ўзини “Исломий давлат”га мансублигини иддао қилган қирғизистонлик шахс қирғиз тилида гапирган.

Қирғиз матбуотида тарқатилган хабарларга қараганда, “Исломий давлат” гуруҳи тарқатгани иддао қилинаётган видеомурожаат YouTube порталига 25 июль куни таҳминан соат 18ларда жойлаштирилган. Орадан олти соат ўтгач эса YouTube маъмурияти бу видеони порталдан олиб ташлаган.

9 минутли мазкур видеода қирғиз тилида гапирган номаълум шахс барча қирғизистонликларни “куфр мамлакатларидан Ислом давлати ерларига ҳижрат қилиш”га чақирган.

Видеодаги шахснинг сўзлари рус тилига субтитрлар билан таржима қилинган. Видеода гапираётган салла ўраган ва сақол қўйган шахснинг кўзи бир нуқтага тикилганини кузатиш мумкин. Бу эса, гапираётган шахс тайёр матнни ҳудди диктор каби телесуфлёрдан ўқиб бераётганига ўхшаш кайфиятни пайдо қилади.

Видеода қурол ёки зўравонлик тасвирлари йўқ. Гапираётган одамнинг орқа томонида тоғ арчалари ва айрим кадрларда “Исломий давлат” байроғига ўхшаш қора байроқни кузатиш мумкин. Видемурожаатга фикр билдирган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири бу ҳақда мана буларни ёзган:

“Менда видео Қирғизистон Республикаси ҳудудида тасвирга олинган, деган шубҳа пайдо бўлди. Чунки гапираётган одамнинг ортида арча кўринаяпти. Видеодаги табиат манзаралари ҳам кўпроқ Қирғизистонни эслатади. Улар бизнинг мамлакатимизда мавжуд эканини ҳис қилиш жуда даҳшатли”.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ҳозирча мазкур видео юзасидан ўз муносабатини билдиргани йўқ. Дам олиш куни бўлгани муносабати билан ҳозирча ҳуқуқ-тартибот тузилмалари вакилларидан бу борада изоҳ олиш ҳам имконсиз бўлиб қолмоқда.

Мазкур видео Интернетда Бишкек ва унинг яқинида “Исломий давлат”га мансублиги айтилаётган террор гуруҳига қарши амалиёт ўтказилганидан бир ҳафта ўтиб пайдо бўлди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Бишкекда 16 июль куни жисмонан йўқ қилинган 6 одам ва қўлга олинган бир неча шахсдан иборат гуруҳни “Исломий давлат”га мансублиги ҳақида билдирув тарқатган.

Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот котиби Рахат Сулаймановга кўра, қуролланган гуруҳ 17 июль куни Бишкек марказий майдонида ўқиладиган ҳайит намози пайтида ва Қантдаги Россия ҳарбий ҳаво базасида бир вақтнинг ўзида портлашлар уюштиришни режалаштирган.

- Улар Бишкекдаги ҳайит намози пайтида портлашлар содир этишмоқчи бўлган. Бунгача қўлда ясалган портловчи моддаларни тайёрлаш учун 500 килограм аммиак селитрасини сотиб олишган. Қантдаги авиабазада ҳам теракт уюштиришни кўзлашган, - деди Рахат Сулайманов.

Шу йил бошларида диншунос олим Кадир Маликов халқаро анжуманлардан бирида “Исломий давлат” гуруҳи Марказий Осиё давлатларида тартибсизликларни уюштириш учун моддий кўмак кўрсатаётгани ҳақида гапирган эди.

Бундан ташқари “Исломий давлат” гуруҳининг “Мовароуннаҳр” деб аталувчи Марказий Осиё қаноти ташкил этилиб, унга 70 миллион доллар ажратилгани ҳам айтилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG