Линклар

Британиядаги Channel 4 телеканали МДҲда топган ноқонуний пулини Европада юваётган бойлар ҳақида ҳужжатли фильм тайёрлади. Филмда, гўёки, россиялик пулдор сифатида кўчмас мулк агентлари билан гаплашган журналистлар даромади ўғирлик эканини тан ола туриб, мулк олишга муваффақ бўлади. Пулини Британияда ювган бойлар орасида Гулнора Каримова номи ҳам тилга олинмоқда.

Сохта коррупционер вазир ва унинг маъшуқаси

8 июль куни Британиядаги Channel 4 телеканалида намойиш қилинган "Россиядан нақд пул билан" деб номланган бир соатлик ҳужжатли фильм жамоатчиликда жиддий мунозаларни уйғотди.

Фильмда уч киши Россиядан борган коррупционер давлат мулозими ролини ижро этади ва Лондондаги йирик кўчмас мулк савдоси билан шуғулланувчи йирик ширкатлар билан музокаралар олиб боради.

Коррупционер вазир қиёфасида агентликлар эшигини бир-бир қоққан мулозим ролини Россияда коррупцияга қарши кампания фаоли Роман Борисович ижро этган.

Топган давлатининг Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ғазнасидан ўғирлик билан олинганини гап орасида қистириб ўтган бойвачча мулозим олди-сотдида ўз номини кўрсатмасликни шарт қилиб қўяди.

Филмда: "У ерда битта контракт, бу ерда яна битта контракт - шунақа қилиб, чўнтакка оз-моз тушиб туради," дея қаҳ-қаҳ урган россиялик бойваччанинг гапини кўчмас мулк ширкати агенти бош силкитганча маъқуллаб туради.

Шу тариқа, сохта коррупционер вазир Лондондаги бешта нуфузли ширкатга киради ва уларнинг ҳаммаси ноқонуний пулни ювиб бериш таклифини бажонидил қабул қилади.

Британия қонунидаги туйнуклар

Музокараларни яширин камерада тавсирга олган журналистлар гуруҳи ҳозирлаган бир соатлик фильм давомида Буюк Британия қонунчилигида пул ювишга имкон берувчи туйнуклар, улардан фойдаланиш схемаларини фош қилган экспертлар, адвокатлар ва кўчмас мулк агентлари тилга киради.

Лойиҳа иштирокчиси - Озодликнинг Лондондаги журналисти Наталья Седетко ҳам ҳужжатли фильмдаги роллардан бири - коррупционер мулозимнинг маъшуқаси ролини ижро этди:

- Сир эмаски, Британия иқтисодини тўлдираётган пулларнинг манбаи катта муаммо бўлиб қолмоқда. Қонунчилик шундай қурилганки, бу давлатда уй, автомобил ёки бошқа мулк турини харидор эмас, бирорта оффшор ширкат номига сотиб олишга изн берилади. Бунда мулк эгасининг исми кўрсатилмаслиги ҳам мумкин. Натижада, айниқса, МДҲдан келаётган пулдорлар ноқонуний йўллар билан топилган пулларини бу давлатда осонгина қонунийлаштириб олмоқдалар. Ҳозир Лондонда МДҲ ва кўпроқ Россиядан келган пулдорлар томонидан уй-жойи билан тўлиғича сотиб олган кўчалар кўпайган, - дейди Озодлик журналисти.

#FROMRUSSIAWITHCASH

Лойиҳа унинг ижодкорлари кутганидан ортиқ натижани келтирди. Ҳозир Британия жамоатчилиги фаоллари ва сиёсатчилар ҳукуматдан мавжуд қонунчилик ва кўчмас мулк ширкатлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилишни талаб қилмоқдалар.

Ҳужжатли фильм ҳавога узатилган куннинг ўзидаёқ Британия парламентидаги 38 депутат мамлакатдан кўчмас мулк сотиб олаётган хорижий ширкатларни ҳам худди маҳаллий ширкатларники каби бирдек даромад текширувига тортиш ташаббуси битилган мактубни имзолаб, парламентга тақдим қилди.

Ижтимоий тармоқларда эса #FROMRUSSIAWITHCASH хэштаги остида кампания бошланди. Интернет фойдаланувчилари ҳаром пулларини Британияда юваётган юртдош ва миллатдош коррупционерлар ҳикояларини ўртоқлашмоқдалар.

Коррупцияга қарши курашаётган халқаро ташкилотлар эса Россия ва МДҲнинг бошқа давлатларидан борган мулозимларнинг Европа давлатларида юваётган ноқнуний пулларига оид маълумотларни эълон қилмоқда.

#FROMRUSSIAWITHCASH хэштаги остида Twitter тармоғида йиғилган маълумотлар сирасида Буюк Британия ва Германияда Россия ҳукуматининг амалдаги мулозимларига тегишли уй-жойларга оид ҳужжатлар фош қилинмоқда.

Гулноранинг ҳашаматли уйлари

Transparency International гуруҳи ўтган йили Лондондаги 36 мингдан ошиқ кўчмас мулк офшор ҳудудлардаги яширин компаниялар орқали ўғирланган пулларга сотиб олинганини ёзди.

Мисол учун, ташкилот Қирғизистонда қотилликка уриниш ва қатор иқтисодий жиноятларда айбдор деб топилган Максим Бакиев ҳозирда Лондон ташқарисида 3.5 миллион фунт стерлингга сотиб олинган ҳашаматли уйда яшаётганини даъво қилди.

Айни пайтда ташкилот экспертлари Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримованинг ҳам Лондонда кўчмас мулкка эга экани - шаҳар марказидаги ҳашаматли бир неча уй Гулнорага тегишли эканини тахмин қилмоқда.

Коррупцияга қарши курашувчи халқаро ташкилот - ​Global Witness-га кўра, Лондонда Гулнора Каримованинг ҳам уйлари борлиги эҳтимоли катта.

Аммо, буни тергов қилишга Британия ҳукуматининг "иштаҳа"си йўқ, дейди Global Witness.

Президент қизи устидан Ғарб тергови

Озодлик радиоси бундан аввал Гулнора Каримовга қарши бир қатор ғарб давлатларида жиноят ишлари очилгани ҳақида хабар берган эди.

Жумладан, АҚШда олиб борилган тергов натижасида “VimpelCom, MTS ва TeliaSonera Ўзбекистонда телекоммуникация бизнеси лицензияларини қўлга киритиш учун бу мамлакат расмийларига пора берганини аниқлаган”.

Швециянинг TeliaSonera ширкати Ўзбекистонда бизнес қилиш учун Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора берганига доир иддаоларни тергов қилаётган Швеция Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлер Озодлик билан суҳбатда, АҚШ тергови бу иш бўйича бир неча давлатда олиб борилаётган терговларнинг бир қисмидир, деб билдирган.

Озодлик иштирок этган журналистик суриштирувда Ўзбекистонда фаолият юритадиган VimpelCom, MTS ва TeliaSonera телеком ширкатлари Гулнора Каримовага камида бир миллиард АҚШ доллари миқдорида пора бергани фош этилган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам 2014 йил сентябрида Гулнора Каримова дохил уюшган жиноий гуруҳга қарши тергов олиб борилаётганини эълон қилган, лекин президент қизи айнан нимада айбланаётганини аниқлаштирмаган.

Бир ярим йилдан бери уй қамоғида қолаётгани иддао қилинадиган президент қизи воситачи фирмаларни ўзига яқин шахслар, хусусан, фуқаровий эри Рустам Мадумаров ва хос ёрдамчиси Гаянэ Авакян номларига расмийлаштирганига доир маълумотлар бор. Мадумаров ва Авакян ўтган йили Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан одам ўғирлаганлик айблови билан узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG