Линклар

Афғонистондаги вазиятга Каримов "мафкуравий" ёндашмоқда


Ричард Хоугланднинг айтишича, Афғонистондаги вазият Марказий Осиёга таҳдид солмайди

Ричард Хоугланднинг айтишича, Афғонистондаги вазият Марказий Осиёга таҳдид солмайди

АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг биринчи муовини Ричард Хоугланднинг ишонишича, Афғонистондаги вазият Марказий Осиёга таҳдид солмайди.

Қўшма Штатлар юқори мулозимининг бу изоҳи унинг Тошкентга сафари жараёнида журналистлар билан учрашуви чоғида янгради.

"Афғонистондаги вазият унга қўшни мамлакатларга хавф туғдирмоқда, деган фикрлар бор. Лекин, биз бу фикрга қўшилмаймиз," деб айтди Ричард Хогланд.

24 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берар экан, Ричард Хоугланд Тошкентга сафари давомида ҳарбий база очиш масаласи кўтарилмаганини ҳам маълум қилди.

"Такрор айтишга ижозат бергайсиз, АҚШ Марказий Осиё минтақасида ҳарбий базалар очишга уринаётгани йўқ," деди Хоугланд.

Унга кўра, Марказий Осиёдаги вазият “ҳарбий база очишни талаб қилмайди”.

Аввалроқ, АҚШ Марказий бошқармаси ҳам Вашингтоннинг Ўзбекистонда ҳарбий база очиш режаси борлиги ҳақидаги хабарларни рад этган эди.

АҚШ юқори мулозими изоҳлари Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида Толибон ва "Исломий Давлат" гуруҳлари фаоллашган бир паллада янграмоқда.

Турли қарашлар

Ричард Хоугланд изоҳларидан Афғонистондаги вазиятнинг Марказий Осиёга таъсири борасида Вашингтон позицияси расмий Тошкентникидан бирмунча фарқли эканини илғаш мумкин.

2014 йил октябрида Туркманистонга сафари чоғида Президент Ислом Каримов халқаро кучларнинг Афғонистондан чиқиб кетиши нафақат Марказий Осиё, балки ундан ташқарида ҳам хавфсизликка таҳдиднинг кучайишига олиб келишини билдирган эди.

Ўзбекистон президенти Афғонистонда юзага келадиган сиёсий бўшлиқни "ҳеч ким томонидан бошқарилмайдиган турли-туман бузғунчи ва террорчи кучлар" тўлдириши мумкинлигидан огоҳлантирганди.

"Қисқа қилиб айтганда, - деган Ўзбекистон Президенти, - Ироқдаги вазият қайтарилиши мумкин".

Ислом Каримов авваллари ҳам Яқин Шарқдаги "янги ва янги террорчи гуруҳлар" Ўзбекистон ва минтақага таҳдид солишини айтганди.

Июль ойи бошида Россиянинг Уфа шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида эса Ўзбекистон президенти “Исломий Давлат” гуруҳидан келаётган таҳдидга тўхталиб, унга қарши курашишда БМТ доирасида махсус комиссия ташкил қилиш ғоясини илгари сурди.

"Исломий давлат" ҳақида кўпчилик гапирмоқда, лекин, афсуски, "Исломий давлат" юзага келишига туртки бўлган илдизлар сабабини жиддий тадқиқ қилганлар кам. Бу мавзуни янада ривожлантирадиган бўлсак, БМТ турли фикрлар, мусулмон масалаларни яхши тушунадиганлар фикрларидан келиб чиқадиган, унинг атрофида қандай баҳслар кетаётгани ва қарама-қарши фикрларни биладиган қандайдир махсус комиссия ташкил қилса, фойдадан холи бўлмас эди. Бу комиссия қандайдир таклифни илгари суриб, "Исломий давлат" нима ўзи, уни қандай қабул қилиш керак ва у билан қандай курашиш керак, деган саволда якдиллик бўлишини ҳисобга олган ҳолда муҳокама қилиши мумкин бўлади," деди Каримов.

Париждан таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг ишонишича, Ўзбекистон президенти Афғонистондаги вазиятни "мафкуравий" баҳолайди.

Суҳбатни тингланг.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG