Линклар

"Ўзбекистон" каналини сунъий йўлдошда Европа ва АҚШга узатиш тўхтаб қолди


Чехия, Франция, Буюк Британия ва АҚШнинг қатор штатларида "Ўзбекистон" телеканали сунъий йўлдошдан ғойиб бўлгани қайд этилди. Миллий телерадиокомпания Ғарбга трансляция тўхтатилмагани, фақат сунъий йўлдошдаги тўлқинлар ўзгарганини айтмоқда. Ғарбдаги бир неча телекоммуникация ширкати эса ЎзТВдан сигнал тўхтаганини айтмоқда.

"Ўзбекистон" телеканали Европанинг камида Чехия, Буюк Британия ва Франция каби мамлакатларида сунъий йўлдош учун расмий сайтида эълон қилинган тўлқинлар - 11 минг 520 Гц тўлқинларда кўринмаётир.

ЎзМТРК сайтида берилган параметрлар бўйича телеканални созлашга уринган чехиялик инженер, "Petro-Sat" ширкати раҳбари Петр Петрашек бу телеканал сунъий йўлдошдан ғойиб бўлган деб хулоса берди:

- Ҳозир сиз сўраган телеканални аввалги тўлқинларда қабул қилиш имконсиз. Сунъий йўлдош учун берилган янги тўлқинларда эса сигнал йўқ ёки жуда заиф. Ҳар холда Европада бу телеканални сунъий йўлдош орқали кўришингиз имконсиз, - деди Петрашек.

Телекоммуникация бўйича яна бир инженер Петр Покорний "Ўзбекистон" телеканали кўрсатувларини дунёга узатиб келган "Express-AM22" сунъий йўлдоши билан алоқа узилганини айтмоқда.

- Фикримча, "Express-AM22" сунъий йўлдошининг фаолияти тўхтатилган. Аммо, унинг ўрнида "Express-AM6" сунъий йўлдоши пайдо бўлди. Назаримда, буларнинг ҳар иккиси Россияга қарашлидир. Аниғи шуки, ҳозир берилган параметрлар бўйича "Ўзбекистон" телеканалидан ҳеч қандай сигнал йўқ,- дея айни хулосани такрорлади Покорний.

Франция, Буюк Британия ва АҚШда ушбу телеканални сунъий йўлдошда томоша қилиб келган Озодлик респондентлари ҳам сўнгги пайтларда телеканал ўчиб қолганини тасдиқлади.

Озодлик мухбири бу ўзгариш ортидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига мурожаат қилди. Компаниянинг сунъий йўлдош орқали трансляцияга масъул бўлимининг ўзини таништирмаган ходими айрим ўзгаришлар рўй берганини тасдиқлади:

"Бизда фақат частоталар ўзгарди, лекин зона охвата (тўлқинларнинг қамров доираси - таҳр.) ўзгармаган. Транспондер ўзгаргани учун тўлқин ўзгарган, холос. Лекин, 53-даражада қолган телеканал. Лекин, телеканал сунъий йўлдошда бор", деб таъкидлади ЎзМТРК ходими.

Телеканал ходими Ғарбда телеканалнинг сунъий йўлдош орқали трансляцияси тўхтаб қолганига оид ҳамкасблари хулосаларини инкор қилди. Телевидениенинг бу соҳага масъул бўлими раҳбариятидан бошқа саволларга жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Олинган расмий маълумотга муносабат билдирган чехиялик инженер Петр Покорний эса "Ўзбекистон" телеканалини сунъий йўлдошда кўриш мумкин бўлган ҳудудни аниқлаштираркан, бунга қуйидагича изоҳ берди:

- Ҳозир "Ўзбекистон" теле ва радиоканали қайд этилган "Express-AM6" сунъий йўлдошидаги 11 минг 520 Гц тўлқинлари қамраган ҳудуд собиқ совет мамлакатлари ва қисман Афғонистонни ўз ичига олган, - дейди Петр Покорний.

Ҳозирча, ЎзМТРКнинг сунъий йўлдошдаги параметрларини ўзгартиришига нима сабаб бўлгани ҳақида аниқ расмий маълумот йўқ.

Исмини ошкор қилмасликни сўраган ўзбекистонлик журналистдан олинган маълумотга кўра, "Ўзбекистон" телеканалини дунёга узатган Россиянинг "Express-AM22" сунъий йўлдоши эскирган ва ўрнига янги "Express-AM6" сунъий йўлдоши орбитага чиқарилган. Ундан фойдаланиш бўйича шартлар, хусусан, тўловлар ҳам ўзгаришсиз қолган. Буни аниқлаштирган журналист тўловлар миқдорига аниқлик киритиб беролмади.

"Ўзбекистон" телеканали сўнгги бир неча йилдан бери сунъий йўлдош орқали дунёга узатиб келинаётган эди. Ўзбекистондаги биринчи рақамли расмий телеканал саналган "Ўзбекистон" канали орқали дунёдаги ўзбеклар ва ахборот агентликлари мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-маданий ҳаётига оид расмий Тошкент позицияси билан кундалик равишда танишиб келаётган эди.

Эндиликда бу канални ЎзМТРКнинг расмий сайтида ёки бир неча ўзбекча сайтларда онлайн томоша қилиш мумкин. Аммо, онлайн трансляциянинг сифатида жуда ёмон ва МТРК расмий сайтида, одатан, тез-тез узилишлар кузатилади.

XS
SM
MD
LG