Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:42

Мураттаб қорилар саводи ва Охир Замон ишоратлари ҳақида


Ўшда икки ҳафта юраркан, илми анчалар билан ҳам, илми анчайинлар билан ҳам гаплашдим. Улардан кўп нарсани сўрадиму лекин бир нарсани - Истанбулдан Ўшга кетаётиб, учоқда менга йўлдош бўлган икки қори йигитдан сўраганимни - сўрай олмадим: қори йигитлардан эшитганим жавобни улардан ҳам эшитишдан қўрқдим.

Менга ўхшаган беш-ўн таътилчию яна беш-ўн ғарблик сайёҳни демаса, Истанбулдан Ўшга, одатда, тужжорлар – “туркиячи” савдогарлар учади.

Учоқда ёнимга келиб ўтирган икки йигитни ҳам “туркиячи”, деб ўйладим.

Тасодифий йўлдошлар билан манзилга етилиши биланоқ ёз ёмғиридай бирпасда унутиладиган йўлсуҳбатни бошладим - кайфиятим яхши – Ўшга, Ватанга кетаяпман, ахир!

- Ҳа, йигитлар, савдо яхши бўлдими?

- Йўқ, ака, конкурсга келдик, деди йўлдошларимдан ёши каттароғи - ўзбек йигит.

У билан менинг ўртамда ийманиб ўтирган ёшроқ қирғиз йигит ҳам гапга қўшилди: “Қорилардын конкурсуна келдик”.

- Эээ, қутлуғ бўлсин, ютдингларми ишқилиб, нечанчи ўринни олдинглар?

- Ҳа йўўғ, ака, кучли қорилар кўпакан, айниқса, араб давлатларидан келганлар кучли экан, деди ёши каттароқ қори.

Учоқ жойидан жилмай туриб суҳбат қизиб кетди.

Йўлдошларимдан каттароғининг ёши 25 далигини, мударрис эканини, мадрасада бепул ишлашини, тирикчилиги хусусий бизнеси ҳисобидан ўтишини;

кичиги эндигина 19 га кирганини;

иккалови ҳам мураттаб қори эканини;

уларни қорилар танловига Қирғизистон мусулмонлари идораси, сафар ҳаражатларини кўтариб, жўнатганини сўраб билдим.

Қори акалардан хизбчиларга муносабатини сўраган бўлдим, салафийларга муносабатини сўраган бўлдим. Уларнинг жавобларини хизбчилар ҳам, салафийлар ҳам эшитмагани маъқулроқ.

Ҳазиллашиб, нега соқол ўстирмаганларини сўраган бўлдим.

“Ҳозирча қўйишга арзийдиган соқолнинг ўзи йўқ, чиқса, албатта қўямиз”, деб кулди мударрис йўлдошим.

Гап айланиб соқолга етган сонияларда учоқ гуриллаб-гувиллаб, парвоз йўли томон юриб кетаётганди.

Йўлга етиб олгач, учоқ югура бошлади.

Ғилдираклар ердан узилиши биланоқ Мударрис сўз қотди:

- Охир Замон яқинлашиб қолди.

Сиз каби, мен ҳам биринчи марта эшитаётганим йўқ бу башорат-таъкидни. Лекин эгнидаги оқ футболканинг тиниқлиги, илм ёритган юзининг тиниқлиги билан баҳсга киришаётган ёш йигитнинг бу гапи Охир Замон ҳақида ўйлашга ундашдан кўра завқимни жўштирди.

- Қандай аломатларини кўраяпсиз Охир Замоннинг, деб сўрадим иложи борича беозор оҳангда.

Жавобни Мударриснинг ўрнига Талаба берди:

- Мисал учун, мына темир учуп жатат, деди у.

Шу билан жииим бўлиб кетдик. Бу пайт учоқ зўриқиб баландликни забт этаётгандики, бундай лаҳзаларда Охир Замон ҳақида гап сотишдан кўра, у ҳақда жим ўтириб ўйлаган маъқулроқ.

Йўлдошларим ўтирган ҳолда шомни ўқиб олишди.

Учоқ осмондаги йўлига чиқиб олди.

Кўзим Мударриснинг қўлидаги смартфонга тушдию қитмирлигим тутди.

- Қори ака, дедим, мана Сиз мударрис экансиз. Қўлингизда смартфон, смартфонда Интернет, тагимизда самолёт, униям деярли компьютер бошқараяпти, қўйингки, узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилаётган ясалмаларнинг барчасини мусулмон эмаслар ясаяпти. Нега шундай? Талабаларингиз билан ҳеч муҳокама қилганмисиз шуни?

Бу саволни бераркан, ўзимни ўзим койий бошладим, ёш йигитни ҳижолат қилиб қўймаяпманми, деб ҳижолат бўла бошладим.

Лекин Мударриснинг жавоби тайёр экан. Маҳалла масжиди имомидай фавқулодда қатъият ва эътирозга ўрин қолдирмайдиган фавқулодда ишонч билан, у: “Ғайридинларни бизга хизматкор қилиб қўйди, бунинг учун Оллоҳга шукур келтиришимиз керак”, деди.

Бу жавобдан мен деярли ўчдим.

Батамом ўчишдан олдин яна бир савол беришга улгуриб қолдим:

- Фан ва техника тараққиётига мусулмонлар деярли ҳисса қўшмаётганидан бир мусулмон сифатида иззат нафсингиз лат емайдими?

- Нега лат ейиши керак экан?! Мен бир мусулмон сифатида одамларга Исломни етказаяпман, деди 25 яшар мударрис бояги қатъият билан.

Бу гапдан кейин гап тугади.

Суҳбатдошларимнинг мен билан гаплашгиси келмай қолди шекилли, ҳар қалай индамай қолишди.

Менинг эса, улар билан гаплашгим келмай қолди.

Учоқнинг бояроқ ўчириб қўйилган чироқларини ёқишди. Егулик тарқатишди. Ёнимдаги қориларнинг ёшроғи олдидаги самолёткабобни истар-истамай титаркан, рўпарасидаги табло тасвирига қўлини нуқиб мендан сўради:

- Ака, бул Россиябы?

Қарасам, қори йигитнинг бармоғи “Боку” деган ёзув устида турибди.

- Жок, бу Азербайжандын борбору, мына бул Грузия, мына бул жерде Армения. Россия ододо, дедим.

Дедиму яна қитмирлигим тутди. Каспийни кўрсатиб, “Бу кайсыл дениз, билесинбы?” деб сўрадим.

Талабага берилган саволга Мударрис жавоб беришга шошилди:

- Қизил денгизми? деди у саволга савол билан.

Шу пайт таблодаги тасвир кенгайиб, Қизил денгиз ҳам кўринди.

- Йўқ, дедим энди Мударрисга юзланиб, Сиз Қизил деганингиз Каспий эди, Қизил денгиз мана буниси. Маккаи мукаррама мана бу жойда, дедим.

- Эээ, шунақами, деди Мударрис.

Яна жим қолдик.

Ўшгача мудрадик.

Охир-оқибат етиб ҳам бордик.

Юкларимизни кутаркан, аэропортда яна кўзимиз кўзимизга тушди қори укалар билан.

На улар хайрлашди мен билан.

На мен улар билан.

XS
SM
MD
LG