Линклар

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида куйдирги ваҳимасини мутасаддилар қанчалик яширишга уринишмасин, унинг шовқини бутун вилоят бўйлаб тарқаб улгурди. Исломобод қишлоғида 19 киши куйдирги ташхиси билан туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилди. Пастдарғом куйдиргининг янги ўчоғига айланганини туман давлат санитария-эпидемиология станцияси тасдиқлади.Аҳоли куйдирги касаллиги тарқалганидан ваҳимага тушган.

Касалликнинг янги ўчоғи

Озодлик манбаларига кўра, куйдирги ташхиси қўйилган беморлар 25 июль куни касалхонага ётқизилган.

Туман Санитария-эпидемиология станциясининг исми сир қолишини истаган ходими Озодлик билан суҳбатда касаллик маҳаллий қассобхонада куйдиргига чалинган молнинг сўйиб сотилгани ортидан тарқалганини айтди:

- Исломободдаги қассоблар молни сўйиш даврида унинг касаллигига, куйдиргига чалинганига эътибор беришмаган. Етарлича термик ишлов берилмаган мол гўштидан одамларга ўта хавфли каслликнинг юқишига олиб келган. Ҳозирда даволанаётган беморларнинг аҳволи ўртача оғирликда. Эпидемологик вазиятни назоратга олдик, аммо беморлар орасида аҳволи оғирлари ҳам бор. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, вилоят СЭС ва бошқа мутасадди идоралар навбатчилик штаби тузишган, – деди Озодликка туман СЭС вакили.

Пастдарғом тумани соғлиқни сақлаш бўлими расмийлари ҳам бир қанча одамнинг куйдирги касаллиги аломатлари билан касалхонага ётқизилганини тасдиқлашди. Лекин, беморларнинг хавфли касалликка чалингани ҳали тўлиқ тасдиғини топмаганини айтишди.

-Уларни ҳаммаси Исломободда сўйилган молдан юқтирган бўлиши мумкин. Беморлардан бири шу молни сўйгани айтилаётган Бекназаров Тоҳир. Уларни ҳаммасини танасида куйдиргини тери формасига ўхшаш бир ярим, икки сантиметрлик доғ бор. Уларни ҳаммаси ўша Тоҳир сўйган мол гўштини егани ҳам маълум. Беморларни ахволи қониқарли. Лекин, куйдирги экани ҳали тўлиқ тасдиқлангани йўқ ҳали, - деди исми сир қолишини истаган пастдарғомлик шифокор.

Пастдарғом тумани Гўзалкент қўрғонидаги қассобхона ишчиси Қаҳрамон акага кўра, тумандаги куйдирги ваҳимасини мутасаддилар қанчалик яширишга уринишмасин, унинг шовқини бутун вилоят бўйлаб тарқаб улгурди.

-Ҳеч ким мол гўшти олмаяпти, куйдирги тарқалган, деган хавотирлар кўп. Бир болача куйдиргидан ўлган, деган гаплар ҳам бор. Лекин, ҳеч ким бизга аниқ маълумотни бермайди. Тепадагилар ҳаммасини яширишяпти, - дейди пастдарғомлик Гулнора.

Айни пайтда кўпгина қассобхоналар, гўшт етказиб беришга ихтисослаштирилган муассасалар ва фермалар текширувдан ўтказилмоқда.

- Аммо, одамларнинг хусусий чорваси тўла текширувдан ўтмас экан, мутасаддилар куйдиргини тўлиқ бартараф эта олишмайди. Энг ёмони, мустақиллик йилларида ветеринария хизмати сифати жуда пасайиб кетди. Ҳатто юқумли касалликларни яшириш ҳолати кўпаймоқда. Масалан, шу Пастдарғомнинг ўзини икки ҳафтача аввал қутуриш касаллиги аниқлнган эди, буни яширишди. Даҳшат-ку, қутуриш ўлим билан тугайдиган камдан-кам касалликлардан бири, – дейди Қаҳрамон ака.

Куйдирги касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида Самарқанд вилояти бозорларида гўшт ва гўшт маҳсулотлари савдоси устидан назорат кучайтирилган.

Куйдирги чиққанига оид Озодлик хабарлари:

Сўнгги пайтда Ўзбекистонда чорва моллари қони ва гўштидан заҳарланиш ҳолатлари тез-тез учраяпти.

2014 йилнинг июль ойида Сурхондарё вилояти Узун туманинингҚаранқул қишлоғида битта қорамолни сўйишда иштирок этган йигирмадан зиёд одам “куйдирги” юқтирганликда гумонланиб, бирин-кетин туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган эди.

Ўша йилнинг июнь ойида Сирдарё вилоятининг Ховос туманида куйдирги (Сибирская язва) касаллиги ташхиси билан 30 дан зиёд одам касалхонага ётқизилган эди.

2014 йил 26 июнидан бошлаб Самарқанд вилоятидаги Ургут туманинингВағашти қишлоғида яшовчи саккиз одам касал қўйларни сўйиши натижасида касалланиб, шифохонага ётқизилган эди.

2012 йилнинг июнида Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида тўрт киши куйдирги ташхиси билан касалхонага ётқизилганди. Бу беморлар ҳам мол сўяётганда касалликни юқтирган эди.

Куйдирги нима?

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг веб-сайтида куйдирги касаллиги ҳақида шундай маълумот берилган:

"Куйдирги – одамлар ва ҳайвонлар учун ўта хавфли ҳисобланган юқумли касалликлар гуруҳига киради. Касалликни қўзғатувчи бациллалар икки хил: вегетатив ва спора шаклида учрайди. Вегетатив шаклдаги бациллалар ташқи муҳит, юқори ҳарорат ва дезинфекцияловчи моддалар таъсирига чидамсизлиги боис тезда нобуд бўлади, спора шаклидаги бациллалар эса аксинча, ўта чидамли бўлиб, сувда ўн йил, тупроқда эса бир неча ўн йиллаб сақланиши ва унда кўпайиши, тўпланиши ҳам мумкин. Спора шаклидаги бациллалар 60 дақиқа давомида қайнатилгандагина нобуд бўлади.

Куйдирги касаллигининг манбаи асосан уй ҳайвонлари – қорамол, от, қўй, туя, эчки ва шу каби қон сўрувчи ҳашаротлар ҳисобланади. Куйдирги таёқчаси касал ҳайвонларнинг барча органларига тарқалиб, уларнинг пешоби ва нажаси билан ажралиб, тупроқ, ем-хашак, яйлов, сув ҳавзаси ва бошқа ерларни ифлослантиради. Касаллик соғлом одамга ветеринария хизмати ходимлари кўригидан ўтмаган ҳайвонларни сўйиб, терисини шилганда, гўштини нимталаб, яхши термик ишлов бермасдан истеъмол қилганда юқиши мумкин
".

Озодликка мурожаат қилаëтган кўплаб ўзбекистонликлар¸ айнан қишлоқларда ветеринария хизмати ходимлари кўригидан ўтмаган ëки пора эвазига "ўтди" деб расмийлаштирилган касал молларни сўйиб¸ бозорга олиб чиқиш куйдирги каби касалликларнинг одамларга юқишига сабаб бўлаëтгани хусусида ташвиш билдирмоқда.

XS
SM
MD
LG