Линклар

logo-print

Афғон расмийси Толибон лидерининг 2013 йилда ўлганини тасдиқлади


Афғонистон Миллий хавфсизлик кенгаши расмийси Озод Европа/Озодлик радиоси мухбирига Толибон лидери мулла Муҳаммад Умарнинг 2013 йилда ўлганини тасдиқлади.

Исми айтилмаслиги шарти билан бу ҳақда гапирган расмий, мулла Умарнинг ўлими билан боғлиқ бошқа тафсилотларни очиқламади.

Бироқ Афғонистоннинг “Биринчи канал” телевидениеси ҳукуматдаги ўз манбаларига таянган ҳолда Толибон лидери ўлдирилгани тўғрисидаги хабарни Кобулга Покистон тақдим қилган.

Бироқ Германиянинг DPA агентлиги Афғонистон ҳукуматининг ўзини таништирмаган расмийсига таяниб, Мулла Умарнинг икки йил муқаддам касаллик оқибатида вафот этганини хабар қилди.

BBC Афғонистон Президенти девонидаги манбага, шунингдек, бу мамлакат махсус хизматларидаги манбага таяниб, Умарнинг икки ёки уч йил олдин ўлгани тўғрисида хабар қилди.

AFP агентлиги эса, исми сир қолишини истаган афғонистонлик амалдорга таяниб, Мулла Умарнинг Покистонда ҳалок бўлгани ва Афғонистоннинг Зобул вилоятига дафн қилиш учун келтирилгани тўғрисида ёзди.

Шу пайтгача мулла Муҳаммад Умарнинг ўлими тўғрисида бир неча бор хабар қилинган эди, лекин Афғонистон Миллий хавфсизлик кенгаши расмийсининг 29 июль кунги тасдиғи ўша хабарларнинг илк расмий тасдиғидир.

Айни пайтда Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг матбуот котиби Зафар Хошимий Кобулда журналистларга "Биз толиблар лидери мулла Умарнинг ўлими тўғрисидаги хабарларни олдик. Ҳозир бу хабарларни тасдиқламаймиз ҳам, инкор ҳам этмаймиз", деди.

Мазкур хабар тайёрланаётган пайтда мулла Умарнинг ўлимига доир бу хабар юзасидан Толибон ҳаракатининг реакцияси пайдо бўлгани тўғрисида маълумот йўқ эди.

Шу пайтгача Толибон ҳаракатининг расмий вакиллари мулла Умарнинг ўлимига оид хабарларни инкор этиб келган.

Толибон ҳаракатидан ажралиб чиққан ва Афғонистон ҳукумати билан тинчлик музокаралари ўтказилишига қарши эканлигини эълон қилган "Фидои Маҳаз" гуруҳи ўтган мулла Умарнинг ўлганини , унинг ўрнини муовини мулла Ахтар Муҳаммад мансур эгаллаганини ўтган ҳафтада эълон қилган эди.

Афғонистонлик журналист, Ориёна телеканали раҳбари Азизулла Орол Толибон лидери Муҳаммад Умарга "ўта мураккаб шахс, ўз ташкилотини ўта қаттиққўл сиёсат эвазига бирлаштириб турган кучли раҳбар" деб баҳо берди.

Қуйида Азизулла Орол билан суҳбатни тингланг.


XS
SM
MD
LG