Линклар

Ўзбекистонлик хориж армиясида хизмат қилиши мумкинми?


Шавкат Муҳаммад Украинада кўнгиллилар сафида туриб айирмачиларга қарши курашаётган ўзбекистонликлардан бири.

Шавкат Муҳаммад Украинада кўнгиллилар сафида туриб айирмачиларга қарши курашаётган ўзбекистонликлардан бири.

OzodJavobнинг навбатдаги сонида муштарийлардан келган ушбу савол жавобини изладик. Ўзбекистон қонунларига кўра, чет давлатлар армиясига ёлланиш тақиқланади ва бунга жазо ҳам кўзда тутилган.

WhatsApp орқали савол йўллаган муштарий “Ўзбекистон фуқароси Украина армиясида хизмат қилса бўладими?”, дея сўради.

Facebook орқали савол йўллаган муштарий эса “Ўзбекистонликнинг Россия армиясида хизмат қилишига рухсат борми?” дея сўради:

“Россия хориж фуқароларига ўз армиясида хизмат қилишга рухсат берди. Ҳатто Россия фуқаролигини олишда ҳам рус армиясида хизмат қилган хорижликка енгиллик берилди. Бошқалар 5 йил кутса, армияда хизмат қилган 3 йилда фуқаролик олиши мумкин. Бу ўзбеклар учун яхши имконият. Россияга бориб қора ишларда қийналиб ишлаганидан кўра, армияда бепул форма, текин овқат, яна текинга ётар жой, яна ойлик ҳам берса, бу яхши эмасми? Лекин Ўзбекистон қонунларида бу ҳақда нима дейилган? Ўзбекистон фуқароси чет эл армиясида хизмат қилиши мумкинми?”, дея сўради Миркарим исмли муштарий.

Ўзбекистон конституциясининг 52- моддасида “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш — Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар” дейилган.

“Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунда Ўзбекистон фуқароси мамлакат ҳудудидаги ҳарбий қисмлардагина хизмат қилиши қайд қилинган.

Мамлакатдаги Мудофаа ишлари бошқармалари Ўзбекистон фуқароларининг чет эл армияси сафида хизмат қилганлик учун жавобгарликдан огоҳлантиради:

“Ўзбекистон фуқароси фақат Ўзбекистонда ҳарбий хизматни ўташи шарт. Ҳар қандай сабабга кўра, чет эл армиясида контракт асосида ишлаши ёки ёлланиб хизмат қилиши мумкин эмас”, деган жавобни олдик Мудофаа ишлари бошқармаларидан.

Хориж армиясида хизмат қилган ўзбекистонлик Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра жазога тортилиши мумкин.

Ушбу моддага кўра, Ўзбекистон фуқароси чет давлатларнинг ҳарбий хизматига ёлланган тақдирда 3 йилдан 5 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Шунингдек, хориж мамлакатларининг хавфсизлик, полиция, адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланган ўзбекистонлик ҳам 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноят кодексига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизмати ёки бошқа ҳуқуқ-тартибот органларида шартнома асосида хизматга кириши ҳам тақиқланиб, бунга амал қилмаганлар энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Мудофаа ишлари бошқармалари мутахасисларига кўра, Украинада ҳукумат тарафида ёки айирмачилар томонида туриб жанг қилаётганлар ҳамда Сурияда жанг қилишга ёлланган ўзбекистонликлар Жиноят кодексининг “Ёлланиш” моддасига кўра, жазога тортилади:

“Моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

Ёлланма шахсни ёллаш, ўқитиш, молиялаштириш ёки унга бошқа моддий таъминот бериш, худди шунингдек, ундан ҳарбий тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш билан шуғулланган ўзбекистонлик эса 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

****

Украина расмийларига кўра, мамлакат шарқида айирмачилар сафида жанг қилаётганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор, уларнинг​асосий қисми Россия махфий идораси ходимлари ва ҳарбийлари томонидан “вербовка” қилинмоқда.

Айни пайтда Украина ҳарбийлари томонида туриб, айирмачиларга қарши курашаётганлар орасида ҳам ўзбеклар талайгина.

Шулардан бири Украина Мудофаа вазирлиги қошидаги “Айдар” кўнгиллилар батальони сафида туриб, ўн ойдан бери айирмачиларга қарши курашаётган ўзбекистонлик Шавкат Муҳаммаддир.

Шавкат айирмачиларга қарши ғоявий қарашлари боис курашаётгани ва бунинг ортида ҳеч қандай моддий манфаатдорлик йўқлигини таъкидлайди.

Шавкатнинг айтишича, Ўзбекистон жиноят кодексида юқорида айтилган тақиқларнинг бирортасини у бузмаган. Лекин Шавкат Ўзбекистонга борса, уни уйдирма айбловлар билан жазога тортишларини тахмин қилади.

*** *** **** ****** **** ****** ******* *******

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG