Линклар

Имом Рашод Камолов "халифалик" тўғрисидаги сўзлари контекстдан юлиб олинганини иддао қилмоқда


37 ёшли имом Рашод Камолов “халифалик тузишга ҳаракат қилганлик”да айбланмоқда.

37 ёшли имом Рашод Камолов “халифалик тузишга ҳаракат қилганлик”да айбланмоқда.

Қорасувлик имом Рашод Камоловга қўйилаётган халифалик тузишга чақирганлик айбловига асос бўлган унинг маърузаси ёзилган DVD диск қорасувлик бошқа бир диндор, “Ҳизб ут-Таҳрир” гуруҳига оид адабиётларни сақлаганликда гумонланиб қўлга олинган Дилёр Жумабоев хонадонидан топилган дисклар орасида ҳам бўлган. Бироқ Дилёр Жумабоев иши юзасидан текширилган материаллар, жумладан Рашод Камолов маърузаси ёзилган диск ҳам ноқонуний деб топилмаган. Шу сабабли Камолов ўзига нисбатан айбловни сиёсий буюртма, дея баҳоламоқда.

Ўш вилояти Қорасув туманидаги “Ас Сараҳсий” масжиди собиқ имоми Рашод Камолов устидан бораётган судда имомга нисбатан “экстремизмга даъват қилганлик”, “халифалик тузишга ҳаракат қилганлик” айби қўйилмоқда.

Камоловга кўра, унинг қўлга олинишига ўзининг маърузаси ёзилган DVD диск сабаб бўлган. Имомнинг иддао қилишича, терговчилар дискда ёзилган маърузанининг бир қисмини қирқиб олган ва маърузанинг мазмуни бузиб талқин қилинган.

Қорасув туман судида 23 июлдан бери давом этаётган маҳкамада Камолов ўзига қўйилаётган айбовларни сиёсий бюртма, дея баҳолаб суддан дисклардаги ёзувни тўлалигича кўришни талаб қилмоқда:

- Менга нисбатан “халифаликка чақирган”, деган моддани қўйишмоқда. Лекин мен маърузамда бутун дунёга муаммо бўлаётган ИШИДнинг халифалиги нотўғри эканини айтганман. Дискдаги бутун маърузамда бу халифалик хато, йигитлар кетмаганлар деган сўзларим бор. Шу сабабли дискни тўлалигича кўришингларни сўрайман. 10чи бўлим тақдим этган дискда 17 минутлик маърузанинг 3 минутигина олинган, қолгани кесиб ташлаган. Мен буни сиёсий бюртма сифатида баҳолайман,- деди Рашод Камолов 28 июль кунги суд мажлисида.

Камоловнинг адвокатларига кўра, имом маърузаси ёзилган дисклар 2014 йилнинг 13 сентябрь куни “Ҳизб ут-Таҳрир” гуруҳига оид адабиётларни сақлаганликда гумонланиб, қўлга олинган Дилёр Жумабоев хонадонидан ҳам топилган. Бироқ Дилёр Жумабоев ишида бу дисклар ноқонуний деб топилмаган. Адвокат Валериан Вахитов гапиради:

- Рашод Камоловнинг “халифалик тузишга ҳаракат қилган” дейилаётган дискини теолог экспертлар текшириб, ҳеч нарса йўқ деб хулоса берган. Миллий хавфсизлик хизмати ходими Жетигенов эса дискаларни “ҳеч нарса йўқ”, деган тилхат билан Жумабоев яқинларига қайтариб берган,- дейди адвокат Валериан Вахитов.

Шу йилнинг 4 август кунига белгиланган навбатдаги маҳкамада Камолов маърузаси тўлалигича суд ҳукмига ҳавол қилиниши кутилмоқда.

Таниқли имом, этник ўзбек 37 ёшли Рашод Камолов шу йилнинг 9 февраль куни “экстремизмга даъват қилганлик”, “халифалик тузишга ҳаракат қилганлик”да айбланиб, ҳибсга олинган.

Камолов устидан суд олди тергови давомида ашёвий далиллар сифтида олинган олинган материалларни Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат комиссияси берган теологик экспертизадан ўтказиб, “экстремистик”, дея хулоса берган.

Қарийб ярим йилдан бери ҳибсда сақланаётган қорасувлик имом Рашод Камолов ва диндор Дилёр Жумабоевнинг адвокатлари давлат комиссиясининг жиноят терговида ашёвий далиллар юзасидан экспертиза ўтказиши амалдаги қонунчиликка зид эканини айтиб, норозилик билдиришган.

Лекин давлат комиссияси вакиллари Қирғизистон президентининг махсус кўрсатмасига кўра, суд учун экспертиза хулосаларини бериш ваколатлари борлигини айтишмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG