Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:20

Ўзбекистонда тил полицияси...


Рассом Рустам Бозоровнинг картинаси (фрагмент)
Рассом Рустам Бозоровнинг картинаси (фрагмент)

“Ушбу ёзган хатим етиб маълум бўлсинким...”

Ўтган асрнинг 60-, 70- йилларида, балки сал кейинроқ ҳам, ўзбекларнинг бир-бирига ёзган хатлари шундай панжарагулчин бошланарди.

Хонлар замонларидаги мирзолардан қолган бундай баландпарвоз муқаддимали хат муаллифи, одатда, мактубини кичикфеъллик билан узр сўраб тугатарди: “Хатолар учун кечиринг”.

Хатга, масалан, ҳарбийдаги Ўғилдан Онага келган хатга жавобни, одатда, ўсмир Сингил ёзарди ва у ҳам хатолари учун узр сўрарди.

Сингилнинг узри шеър шаклида бўларди:

Хатоси бўлса кечиринг,

Резинка билан ўчиринг...

Кампутир-мампутир, тилпон-милпон чиққандан бери ўзбек хатни қоғозга ёзмай қўйди.

Тилпонда териладиган хатларда сўзлар қандай айтилса, шундай ёзиладиган бўлди.

Хато меъёрга, меъёр истиснога айланди.

Лекин идоралараро, идора ва фуқаро аро, хизмат кўрсатувчи ва мижоз аро ёзишмалар ҳануз бор.

Лекин уларга ҳам тилпонмеъёр кўчди.

Мана фикримга далил ўлароқ бир иллюстрация:

Кўрдингизми даҳшатни?!

Хўш, нима қилиш керак?

Билмайман. Лекин нимадир қилиш керак!

Имло хатолари учун Жиноят Кодексида жазо белгилаш керакми, десам, унда чаласавод судьялар дастлаб ўзларини қамаб қўйишлари керак. Улар ўзларини қамаб қўйса, бошқаларни ким қамайди?

Йўқ, ярамас экан бу таклиф.

Балки махсус полиция – Тил полицияси таъсис қилиш керакдир?

Бундай полицияга мамлакатдаги тил ва адабиёт ўқитувчиларини ёппасига жалб қилса бўлади.

Ўқитувчи-полициячиларнинг иши самарали бўлиши учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча киритиш керакки, унда хатолар учун жарима белгилаб қўйилсин.

Ўқитувчи-полициячилар қаерда хато кўрса, ўша хато учун хато қилгувчидан жарима ундирсин ва жаримани тўлалигича чўнтагига солсин.

Агар менинг бу таклифимни Олий Мажлису Вазирлар Маҳкамаси қабул қилса, бир ўқ билан икки қуённи урган бўларди.

Биринчи қуён: миллат тез орада саводини ростлаб олади.

Иккинчи қуён: ўқитувчи-полициячиларга маош тўлаш мажбуриятидан ҳукумат қутулади – ахир улар ўз чўнтагига соладиган жарималар миқдори шу қадар кўп бўладики, маош тўлашга ҳожат қолмайди. Ҳар бир ўқитувчи-полициячи жарималар ҳисобига мамлакатдаги Қанд қироли ёки Мой қиролидан ҳам бойроқ бўлиб қолади.

Битикларим шу ерга етиб келганда яна ўйланиб қолдим: тилчи ўқитувчиларни тил полициясига айлантириб қўйсалар, улар одамларнинг саводсизлигидан манфаатдор бўлиб қоладику, тўғрими?! Ҳозир чала ўқитаётган ўқитувчилар жаримани кўпайтириш учун умуман ўқитмай қўймайдими?

Йўқ, бўлмас экан бу таклиф ҳам, ўтмас экан.

Унда нима қилиш керак?

Бошим қотди.

Лекин нимадир қилиш керак.

P.S. Ҳа, айтганча, хато ўтиб кетган бўлса, узр!

XS
SM
MD
LG