Линклар

logo-print

Асака автозаводи ишчиларига корхона бир ойга тўхташи айтилди


Асакадаги GM Uzbekistan заводи

Асакадаги GM Uzbekistan заводи

Асакадаги GM Uzbekistan автомобиль заводи ишчилари 1-августдан бошлаб, “ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътилига” чиқарилиши айтилди. Охирги тўрт ой давомида завод икки ҳафтага беркитилган, ишчи ва хизматчилар таътилга чиқарилган. Озодликка бу ҳақда таътилга чиқарилаётган ишчилар билдиришди.

GM Uzbekistan қўшма корхонасининг Аскадаги автомобиль заводи ишчилари 1 августдан бошлаб бир ойга “ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътилига” чиқарилади.

Бу ҳақда Озодликка завод ишчилари ва GM Uzbekistan корхонасига эҳтиёт қисмлар етказиб берувчи ширкат ходимлари маълум қилди.

29 июль куни Озодлик завод ишчилари ҳафтада 3 кун ишлаб, 4 кун дам олаётгани ҳақида хабар тарқатганди.

Автомобиль заводи сўнгги тўрт ой ичида аллақачон икки ҳафтага беркитилган, ишчи ва хизматчилар таътилга чиқарилган эди.

Озодлик мазкур вазият юзасидан Асакадаги завод маъмуриятидан изоҳ ололмади.​

"Пул тушмаяпти"

Озодлик Асакадаги завод ишчиларига бир неча ойдан бери иш ҳақи тўланмаётгани ҳақида ҳам хабар қилган эди.

Қариндоши Асака заводида ишлашини айтган Озодлик манбаси ҳам бу хабарни тасдиқлади.

"Ҳақиқатан ҳам, иш ҳақи кечикаяпти. Икки ойдан бери пул йўқ. Ҳаттоки, пластиккаям пул тушмаяпти экан", дейди Озодлик манбаси.

Ўзи ҳам муқаддам шу заводда ишлагани, ҳозирга келиб ишдан бўшатилганини айтган Озодликнинг бошқа манбаси ишчиларнинг маошсизликдан қийналгани, аммо ишдан қуруқ қолишидан қўрқиб, шикоят қилишмаётганини айтади.

Корхонанинг шахслари сир қолишини сўраган бир неча ишчиси ўтган ойда ҳам Озодликка боғланган ва икки ойлик маошини ололмаётганидан арз қилган эди.

"Мажбурий отпуска"

Асакадаги заводга эҳтиёт қисмлар етказиб берувчи ширкат ходими, завод ишчиларининг "мажбурий откпускага" чиқарилиши автомобиллар савдосининг кескин қисқаргани билан боғлиқлиги билан изоҳланмоқда.

"Машиналар савдоси тўхтаб қолди ҳисоби. Россияга экспорт умуман бўлмаяпти. Заводда ишлайдиганларга ойлик бериш кечикиб кетаяпти. Продажа бўлмагани учун ишчиларни мажбурий отпусака чиқаришаяпти," деди Асака заводи билан ҳамкорлик қилувчи ширкат ходими.

У ўзи ишлайдиган ширкатга ҳам тўловлар кечика бошлаганидан хавотирда эканини айтди.

"Охирги ойларда шундай бўлаяпти. Авваллари пулни дарҳол ўтказишарди. Бу кетишда ишимиз тўхтаб қолишиям мумкин," дея илова қилди суҳбатдош.

"Иқтисодиёт пойдевори"

Президент Каримов "Ўзбекистон иқтисодиёти пойдевори", дея таърифлаган автомобиль заводидаги ўзгаришлар хорижга экспорт кескин қисқарган бир паллага тўғри келмоқда.

Шу ой бошида Европа бизнеси уюшмаси автомобиль ишлаб чиқарувчилари қўмитаси Россияда жорий йилнинг дастлабки беш ойи давомида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 8 минг 622 автомобил сотилганини эълон қилди.

Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 58,7 фоизга камроқдир.

Кузатувчиларга кўра, хорижга машина сотиш ўнгланмас экан Асакадаги заводда ишлаб чиқариш бутунлай тўхтаб қолиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG