Линклар

logo-print

Киев франциялик депутатларнинг Қримга ташрифи юзасидан жиноят иши очди


Украина Бош прокуратураси Россия аннексия қилган Қримга борган ўн нафар франциялик депутатга қарши жиноят иши очган.

Бу ҳақда Украина Олий Радаси депутати Георгий Логвинский маълум қилди.

Жаноб Логвинский француз депутатларининг Қримга ташрифи юзасидан жиноят иши очиш ташаббускорларидан.

У мамлакат прокуратурасига бу ҳақда мурожаат қилгани ва ўз мурожаатига ижобий жавоб олганини билдирди.

Бош прокуратура жиноят иши Украина Жиноят кодексининг “Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудига кириш тартибини бузганлик” бўйича очилгани ҳақда маълум қилган.

Ўтган ҳафтада Франция Миллий Кенгаши депутатлари ва Сенати аъзоларидан иборат делегация Россия аннексия қилган Қрим ярим оролига сафар қилган эди.

Франция ҳукумати уларнинг бу ташрифини танқид қилиб чиқди.

"Улар ўз шахсий ташаббуслари билан Қримга боришган ва биз бундан афсусдамиз. Бу халқаро ҳуқуқ нормаларининг бузилишидир”, - дея баёнот берган эди Франция ташқи ишлар вазирлиги.

Киев ҳукумати эса Қримга борган француз депутатларининг Украинага киришини тақиқлаб қўйишини билдирган.

XS
SM
MD
LG