Линклар

Бўйнига “Халқ банки мошенник”, деган ёзув битилган картон парчасини илиб олган қариянинг сурати норозиликнинг ҳар қандай шакли мутлақо бостирилган Ўзбекистон учун фавқулодда воқеа бўлдики, фикримизга бу суратнинг ижтимоий тармоқларда ўта тез ва кенг тарқалиб кетгани далилдир.

Мухбиримиз Халқ банки билан боғланиб, қариянинг норозилиги сабабини сўради.

Сабабни Халқ банкининг қария иши билан шуғулланаётган Малоҳат исмли ходими тушунтириб берди.

Ходимнинг айтганларига ўтиш олдидан шуни айтиб ўтмоқчимизки, мижоз қария норозилик пикети ўтказганидан Халқ банки марказий офисининг ҳам хабари борлиги маълум бўлди.

Марказий офиснинг икки ходими бир-биридан мустақил равишда саволимизни эшитибоқ “Ҳа, хабаримиз бор, масала ўрганилаяпти”, деди.

Шуниси эътиборга лойиқки, банк вакили бугун айнан шу акция муносабати билан прокуратурага ҳам чақиртирилибди.

Бу ҳақда Озодликка Халқ банки Миробод туман (Тошкент шаҳри) филиали вакили Малоҳат билдираркан, қариянинг норозилиги сабабларини мана бундай тушунтирди:

- Неварасига пул қўйган ва переоформление қилмаган. Бир йилдан кейин келмаган. Бир йиллик омонат. Бир йилдан кейин ўзи келди. Мен “Неварангизнинг номига қўйган экансиз” дедим. “Мен ëпиб олиб кетаман” деди. “Олиб кета олмайсиз. Неварангизнинг ота-онаси бўлиши керак. Ўшанда ола оладилар” дедим. Кейин кетди шу билан. Келмади. Переоформление қилмаганда. Бир йил муддатга 6 фоизга шартнома тузилган. Бир йилдан кейин, муддати ўтгандан кейин келиб олмоқчи бўлса, олади, бўлмаса яна қайтадан қўйиб кетиши керак омонатнинг шарти бўйича. Биз бир йилгача 6 фоиз тўлаймиз, бир йилдан кейин турган кунига чет эл валютасида 0,5 фоиз ҳисобланади. Шунақа қилиб невараси Елизавета номига қўйган, неварасининг қизида бу, келиб пулини олиб кетди 11 июнь куни. Подтверждение ҳам ëзиб берди банкка претензиям йўқ, деб. Энди чол “яна бир йил 0,5 эмас 6 фоиз тўлаб бер” деяпти.

Озодлик: Демак шу кунда банкда қария қўйган омонат йўқ? Олиб кетилган?

- Ҳа, 11 июнда олиб кетган. Ўша Елизаветанинг онаси келиб олиб кетди ва подтверждение ëзиб берди. Просто қулоғи яхши эшитмайди. “Правда востока” (газета)га ҳам ëзган экан. Қизи ҳам “Неча марта тушунтирсак ҳам тушунмаяпти” деяпти. Кеча уйларига бориб келганмиз. Бугун прокуратурага ҳам ëзибди. Ҳозир прокуратурага бориб келдик. Тушунтирсак, қулоқлари яхши эшитмайди. Ëшлари 90га яқинлашган чол, деди Халқ банки Миробод туман филиали ходими Малоҳат.

Ходимнинг гапларига ишонмасликка асосимиз йўқ.

Банкдан норози қариянинг исмини ходима айтмади. Лекин унинг ёрдами билан оқсоқолнинг яқинларидан бири Татьяна Медведеванинг телефонини топдик. Топдигу бироқ фойдаси бўлмади: қўнғироғимизга ҳеч ким жавоб бермади.

Агар Халқ банки ходимининг гапига ишониладиган бўлса, (ахир ҳатто прокуратура ҳам шуғулланаяпти эканку?!) ёши 90 га бориб қолган қариянинг норозилигини унинг қарилик инжиқлигига йўйиш мумкин.

Лекин Ўзбекистондаги банклардан, хусусан Халқ банкидан норозилик потенциали кундан кунга кучаяётганини тахмин қилиш қийин эмас. Чунки нақд пул тақчиллиги муаммоси кескинлашиб бораëтгани туфайли Марказий банк июндан бошлаб пенсияларни нақд пулда беришни тақиқлаб қўйди.

Ойлик¸ нафақа ва пенсиялар 100 фоиз пластик карточкаларга ўтказилаëтгани борасидаги шикоятлар кейинги ҳафталар ичи кўпайиб кетгани тўғрисида Озодлик куни кечагина ёзган эди.

Ўша материалимизда “Халқ банки”нинг вилоятлардан биридаги расмийси¸ ўз ҳудудида ойлик, нафақа ва пенсияларнинг тўлиғича пластикка ўтказилганини тасдиқлар экан¸ бу иш Марказий банкдан берилган кўрсатма асосида қилинаëтганини билдириб, жумладан, бундай деган эди:

- Ҳақиқатан¸ июнь ойида пенсионерларнинг пенсияси 100 фоиз пластикка ўтказилган. Сабаби¸ нақ пул тақчиллиги ўтган ой кучайиб кетди. Нақд пул масаласи¸ вилоят ва республика бўйича бўлаëтган муаммо.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG