Линклар

logo-print

В.Чуркин: "Самолётни уриб туширганлар жазосиз қолишига умид қиламиз!"


Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин.

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин.

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин Донбассда Малайзияга қарашли самолётнинг ҳалокати сабаблари "тергов қилиниб", уни "уриб туширганлар жазосиз қолишига умид" қилишини билдирди. 29 июль куни БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги нутқи пайтида Чуркиннинг янглишиб айтган бу сўзлари кўпчилик тарафидан Россиянинг асл позицияси сифатида қабул қилинди. Йиғин иштирокчилари Виталий Чуркиннинг Украина Ташқи ишлар вазири Павел Климкинга қўпол муомалада бўлганига ҳам гувоҳ бўлди.

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин ўз мамлакатининг Мaлaйзия йўловчи сaмолётининг Укрaинa шaрқидa уриб туширилгaни юзaсидaн хaлқaро трибунaл тaшкил этиш бўйичa БМТ Хaвсизлик Кенгaшигa киритилгaн резолюциягa қaрши чиқиши ортидан нутқ сўзлади.

Чуркин сўз бошиданоқ бошқа мамлакат дипломатлари қаторида Украина Ташқи ишлар вазири Павел Климкинни танқид остига олиб, унга қўпол муносабатда бўлди.

Украина Ташқи ишлар вазирининг “Агарда сиз айбдорлардан бири бўлмасангиз, бу резолюцияга қарши чиқишга ҳеч қандай асос йўқ”, деган сўзлари Россия вакилининг ғазабини келтирди.

- Фуқаровий самолётлар нега ҳарбий ҳаракатлар кетаётган ҳудудга юборилди? Украина қуролли кучлари, жумладан авиация ёрдамида ҳарбий ҳаракатларни олиб бораётган ҳудудга нега юборилди? Бу ҳудудга фуқаровий самолётлар нега юборилди? Малайзия Боинги йўловчилари ҳудудингизда қуролли можаро кетаётганидан хабари бўлмаган бўлиши мумкин. Борингки Малайзия авиация расмийлари сизларда қуроллик можаро кетаётганини билмаган бўлиши мумкин. Лекин сизнинг бундан хабарингиз бор эдику, нега бундай қилдингиз? Хасисликданми? Ё бошқа бирор сабабданми? – дея ўшқирди Чуркин.

Витaлий Чуркин Россия мутaхaссислaри, бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, ҳалокат жойигa тўлиқ киритилмaгaни вa трибунaлнинг жорий қилиниши бир тaрaфлaмa бўлиб, оммaвий aхборот воситaлaридaги “пропaгaндa”гa сaбaб бўлишини иддао қилди.

Ана шундан кейин ҳаяжонланиб кетган Россия расмийси 298 одам ўлимига сабаб бўлган ҳалокат сабабчилари “жазосиз қолишига умид қиламиз”, деган баёнотни қилди.

- Умид қиламизки, бу тергов бунинг тагига етади ҳамда самолётни уриб тушурганлар ҳам, уни ҳарбий ҳаракатлар кетаётган ҳудудга юборганлар учун ҳам жазоланмасдан қолади, деди Виталий Чуркин.

Россия дипломатининг бу сўзлари рус тилини яхши билганларни саросимага солди, бироқ инглиз тилига синхрон таржимада таржимон унинг сўзларини тўғрилаб кетди.

БМТ Хавфсизлик кенгашида Чуркиндан аввал сўз олган дипломатлар Кремлни Украина шарқидаги айирмачиларни қўллаб-қувватлаётганликда ва шу сабабли трибуналга қарши чиқаётганликда айблади.

Виталий Чуркиннинг янглиш айтилган, аммо ҳар доимгидек жўшқин нутқлари Интернет блогерлари ва оммавий ахборот воситалари орасида биринчи марта қизғин баҳсларга сабаб бўлаётгани йўқ.

Хавфсизлик кенгашининг март ойида Украина можароси масаласида бўлиб ўтган йиғилишида ҳам Дебальцево қопқонига тушган ва россияпарпаст айирмачилар томонидан қирғин қилинган Украина жангчилари масаласида у:

- Биз уларга Дебальцеводан чиқиб кетишни тавсия қилган эдик, дея, ўз хатосини тушуниб, “кўнгиллилар тавсия қилган эди”га тўғрилаб олган эди.

Виталий Чуркиннинг бундай янглиш баёнотларини блогерлар “Фрейд бўйича қилинаётган хатоликлар” деб атамоқда.

Людмила Григорьева исмли Интернет фойдаланувчиси “Ост онг онгдан олдинлаб кетиб қолди, ҳақиқатни яшириб бўлмайди”, деб ёзса, Зелимхан исмли бошқаси “Эътибор беринг – Чуркин ҳаммасини қоғозчадан ўқиб беряпти. Демак, рост гапни айтди”, деб таъкидлади. Татьяна Черненко исмли Интернет фойдаланувчиси эса Виталий Чуркин сўзлари ва Россия ҳукумати олиб бораётган сиёсатга ўз муносабатини билдириб, “Бундай дипломатиядан бутун дунё шокда!” дея ёзди.

Эслатиб ўтамиз, 29 июль куни Россия Мaлaйзия йўловчи сaмолётининг Укрaинa шaрқидa уриб туширилгaни юзaсидaн хaлқaро трибунaл ташкил этишга қарши чиқиб, вето ҳуқуқидан фойдаланди.

Мaлaйзия, Aвстрaлия, Ҳоллaндия вa Укрaинa тaрaфидaн киритилгaн ҳужжатни кенгaшнинг 15 aъзосидaн 11тaси қўллaб овоз берди. Хитой, Венесуэлa вa Aнголa бетaрaф қолди.

2015 йилнинг 1 июлида Нидерландия MH17 ҳалокати юзасидан ўтказган тергов асосида якуний хулосаларни эълон қилди ва бу натижалар жорий йил октябрида эълон қилинишини билдирди.

14 июль куни Малайзия БМТнинг Хавфсизлик Кенгашига Донбассда Boeing 777 учоғининг ракетадан уриб туширилгани юзасидан халқаро трибунал ташкил этиш борасида резолюция киритди. Бу ҳужжатни Нидерландия, Украина, Австралия ва Бельгия қўллаб-қувватлади. Владимир Путин ҳукумати эса бундай трибуналга эҳтиёж йўқлигини иддао қилиб, халқаро суд ўтказилишига мутлақо қарши чиқди.

Резолюция лойиҳaсидa бaрчa дaвлaтлaр терговдa ҳaмкорлик қилиши керaклиги, aкс ҳолдa сaнкциялaр қўллaниши кўзгa тутилгaн.

Айни пайтда, Украина осмонида халок бўлганларнинг яқинлари аллақачон халқаро судга мурожаат қилди ва тан олинмаган “ДНР” собиқ мудофаа вазири Игорь Гирькин-Стрелковни жавобгарликка тортиб, унга 900 миллион доллар жарима солишни талаб қилди.

2014 йил 17 июль куни Украина шарқида Малайзияга қарашли МН17 рейси уриб туширилиши оқибатида Boeing 777 бортидаги 298 йўловчи ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG