Линклар

logo-print

Интернет тармоғидаги Яндекс қидирув тизимининг онлайн таржима хизматида ўзбек тили пайдо бўлди. Эндиликда ушбу хизмат орқали Яндекс таржима тизимидаги кўплаб хориж тилларидан ўзбек тилига ва ўзбек тилидан бошқа тилларга таржима қилиш имконияти пайдо бўлди.

Қароргоҳи Москвада жойлашган Яндекс ширкати бутун бошли матнларни ва веб саҳифаларни ўзбек тилидан ва ўзбек тилига автоматик тарзда ўгириш хизматини ишга туширди.

Яндекс.Таржимон ўзбек тилининг онлайн таржимасини тақдим этаётган биринчи Интернет хизмати эмас. 2014 йил охирларида Google Translate онлайн-таржима сервисига ўзбек тилини киритгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Айни пайтда, Интернет фойдаланувчилари ушбу хизматлар камчиликлардан холи эмаслиги, катта ҳажмдаги матнлар ва веб-саҳифалар таржимасида жумла тузилиши билан боғлиқ жиддий хатолар борлигини қайд этмоқда. Шунингдек, онлайн-таржимонларга кўплаб сўзлар киритилмаганлигини ҳам кўриш мумкин.

Ижтимоий тармоқлар бўйича мутахассис, Озодлик мухбири Тўлқин Умаралиев бу ташаббусни ижобий баҳолаб, онлайн таржимонларнинг сифати ҳам яхшиланиб боришига умид қилди.

- Бу нарса жуда керак! Интернет ривожланиши билан онлайн-таржимонлар ва онлайн-сўзликлар кўпаймоқда. Бу ўзбек тилига ҳам жуда катта плюс, чунки бундан олдинроқ Google ҳам чиқарган эди. Лекин, ўзбек тилидаги матнларнинг Интернетда камлиги, уларнинг рус тили ёки инглиз тилига қилган таржимаси аналоглари йўқлиги ёки камлиги онлайн таржимонларнинг сифатсизлигига энг катта сабаб бўлмоқда. Google ҳам, Яндекс ҳам Интернетдаги бор матнларни солиштириб, энг қулай ва компьютер тўғри деб топган таржимани таклиф қилади. Бир сўзни берсангиз улар яхши ишлайди, аммо матн ёки веб-саҳифани тўғридан-тўғри, қовушмайдиган таржимани беради. Вақт давомида улар яхшиланиб боради, деди Тўлқин Умаралиев.

Интернет соҳаси мутахассисининг фикрича, иккала онлайн-таржимони алгоритмлари ўхшаш, бироқ Google Translate хизматини такомиллаштиришда оддий фойдаланувчилар ҳам иштирок этиши мумкин.

Шундай кўнгиллилар кўмагида Google Translate ўзбек, қозоқ вa тожик тиллaрини тaний бошлaган бўлса, Яндекс булар қаторида қирғиз тилини ҳам ўгириши мумкин.

Яндекс қидирув тизимида Озодлик сўровига хизматнинг ривожи учун кўнгиллиларни жалб қилиш масаласи ҳозирча муҳокама этилаётганини билдиришди.

Бугунги кунга келиб Яндекс.Таржимон хизмати 63 тилда, Google Translate эса 90 тилда таржималарни тақдим этмоқда. Онлайн таржимондан компьютер ва мобил мосалмаларда бепул фойдаланиш мумкин.

XS
SM
MD
LG