Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:02

Тест ишлашнинг 15 яширин усули, Тошкентда оммавий “разбор”


Ўзбекистон миллий университетида тест топшириш пайти.
Ўзбекистон миллий университетида тест топшириш пайти.

Соғлиқни сақлаш вазири пропискасиз аёллар туғруқхонага қабул қилинмаётганига муносабат билдирди. Тошкентда оммавий “разбор” қилган тўппончали ўсмирлар қўлга олинди. Лицензияси олиб қўйилган Лола бундан ҳали ҳам сабоқ чиқаргани йўқ. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Соғлиқни сақлаш вазири пропискасиз аёллар туғруқхонага қабул қилинмаётганига муносабат билдирди”

Тошкент шаҳридаги туғруқхоналарда ҳомиладор аёллардан доимий прописка талаб қилиш қонунга зиддир (“Оила даврасида”, 30 июль).

Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимов Тошкентда ўтган матбуот анжуманида маълум қилган. Пойтахтдаги туғруқхоналарда гоҳида доимий пропискаси бўлмаган аёлларни қабул қилмаслик ҳолатлари кузатилади.

Вазирга кўра, Тошкентдаги ҳеч бир туғруқ комплекси қаерлик бўлишидан қатъи назар, бўлғуси онани қабул қилишдан бош тортиши мумкин эмас.

Анвар Алимов шундай ҳолат рўй берса, вазирлик ишонч телефонига (0-371 239-47-95) мурожаат қилишни тавсия этган.

“Тошкентда оммавий “разбор” қилган тўппончали ўсмирлар қўлга олинди”

Тошкент шаҳри Шифокорлар шаҳарчасида оммавий тўполон – “разбор” уюштирган ўсмирлар қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 30 июль).

Келишмовчилик шу ҳудуддаги “Офарин” ресторанида ўтган тўй пайти юз берган. Дастлаб икки гуруҳ ёшлар пичоқ, дубинка ва таёқ билан ким кучли эканини аниқлашга уринган. Кейинги тўқнашувда эса ўсмирлар пневматик тўппонча, пичоқ, бензин ёрдамида тайёрланган тез ёнувчи аралашма воситасида бир-бирига ҳамла қилган.

Ур-тўполон пайти ўсмирлардан бири жиддий жароҳатланган, шифокорлар оғир аҳволдаги йигитнинг ҳаётини сақлаб қолган. Қайд этилишича, жамиятдаги тартибни менсимай, шафқатсизлик ва одам ўлдиришга қасд қилган ўсмирлар тезкор тадбирда қўлга олинган.

Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Жасур Охуновга кўра, мудҳиш ҳодисада қатнашганлар асосан 1994-1998 йилларда туғилган ўсмирлардир.

“Ўзбекистонда имтиҳон топширишнинг 15 дан ортиқ ноқонуний ва норасмий усуллари қўлланилмоқда”

Ўзбекистон олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларида 15 дан ортиқ ноқонуний ва норасмий усуллари қўлланилмоқда (“Даракчи”, 30 июль).

Булар орасида “Танка”, “Шпора”, “Паравоз”, “Бункер”, “Телепатия”, “Солдат”, “Телефон”, “Парашют”, “0 вариант ёки Х вариант” кабиларни санаш мумкин. Масалан, “телепатия” усулида кимнидир ўқишга киритишга ёлланган сохта абитуриентнинг қўлига фалон пул турадиган сканер ручка тутқазилади. У ўқишга кириши керак бўлган абитуриентнинг тест вариантидан сканер ручка ёрдамида нусха олади ва ўз жавоб варақасини тезлик билан тўлдириб аудиториядан чиқиб кетади.

Ташқарида турган ёлланган мутахассислар эса сканер ручка ёрдамида олинган саволларга жавобларни ичкаридаги абитуриентга SMS орқали йўллашади.

“Паравоз” усулида абитуриентларнинг тестини ишлаб бериш учун бошқа бир ўқув юртида таҳсил олаётган ақлли талабалар ёлланади. Улар одатда сохта абитуриент сифатида кириб камида 10-15 нафар йигит-қизнинг ҳожатини чиқаради.

“Солдат” усулида эса билимдон талаба пулдор абитуриентнинг номидан сохта ҳужжат билан кириб (қалбаки ҳужжатда абитуриентнинг исм-шарифи, ёлланма талабанинг сурати акс этади) тест ишлаб беради.

“Вояга етмаганларга ўйин қўйиб берган компьютер клублари эгалари жазоланди”

Наманган вилояти ички ишлар идораси компьютер клубларида ўтказган рейдлардан кейин бир неча шахсга иш қўзғатилди (“Диёнат”, 30 июль).

Масалан, Наманган туманидаги фуқаролар Маъруфжон Жалолов ва Аҳмаджон Холмирзаевга қарашли компьютер клубларида кечки 22:30 дан кейин вояга етмаган болалар қонунан тақиқланган ўйинлар ўйнаб ўтиргани аниқланган.

Бобирбек Шерматовга қарашли компьютер клубида эса беҳаёлик, зўравонлик ва ваҳшийликни тарғиб этувчи фильмлар борлиги маълум бўлган. Қайд этилишича, қонунни бузган фуқаролар тегишли жазо олган.

“Фарғоналик ногирон уйи бузилишидан норози; ҳокимлик вакили журналист билан гаплашишдан қочмоқда”

Фарғона вилояти Бағдод тумани Қатағон қишлоғида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Каримберди Мирзаев уйи бузилаётгани туфайли арз қилган (“Адодат кўзгуси”, 30 июль).

Оёғи ва ўнг қўли фалаж фуқарога тегишли уй йўл устида бўлгани боис бузилиши кутилмоқда. Бағдод тумани ҳокимлиги эса ушбу уй таъмирланаётгани ҳақида ёзма маълумот берган.

Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш учун туман ҳокимлиги вакиллари билан мулоқот қилишга уринишлар самарасиз якунланган: ҳокимлик мутасаддилари журналист билан гаплашишдан қочмоқда.

“Лицензияси олиб қўйилган Лола бундан ҳали ҳам сабоқ чиқаргани йўқ”

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан лицензияси бекор қилинган хонанда Лола бундан етарли хулоса чиқаргани йўқ.

“Даракчи” нашри ёзишича, лицензиядан маҳрум бўлганидан кейин ҳам хонанда интернетга яна очиқ-cочиқ ҳолатдаги суратларини қўймоқда. “Кўрамиз бефарқлик қаергача бораркан. Демак, Лоланинг келгусида ижод қилиш нияти йўқ.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси нафақат Лола, балки лицензияси тўхтатилган бошқа хонандаларнинг лицензияси олинган даврдаги фаолиятини, ижодини, омма қаршисида қандай намоён бўлаётганини мониторинг қилиб боради.

То ижобий натижага эришмагунимизча лицензияни қайтармаймиз” деган “Ўзбекнаво” бирлашмаси бошқарма бошлиғи Одилжон Абдуқаҳҳоров ушбу ҳолатга муносабат билдириб.

Бирлашма вакили хонандалар уйида бемалол истаган кийимда юриши мумкинлиги, аммо халқ қаршисига чиққанда миллий қадриятларга ҳурмат кўрсатиши лозимлигини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG