Линклар

logo-print

Россиялик фермер аёл 60 гектар буғдойига ўт қўймоқчи


Курсклик Анастасия Долгополова йиққан буғдой ҳосилини ёқиб юборишни айтди

Курсклик Анастасия Долгополова йиққан буғдой ҳосилини ёқиб юборишни айтди

Россиянинг Курск вилоятидан бўлган 19 яшар фермер Анастасия Долгополова маҳаллий амалдорларнинг ваъдабозлиги ва 60 гектар ерга эккан буғдой ҳосилини йиғиб олишга имкони йўқлиги туфайли уни ёқиб юборишини маълум қилди. Буни ёш агроном Россия президенти Владимир Путинга юборган махсус видеохабарда маълум қилди.

“Россияда фермерлик билан шуғулланманг!”

Курск вилоятининг Хомутовский туманидан бўлган фермер хўжалиги бошлиғи ва айни пайтда тиббиёт коллежининг 4 курс талабаси Анастасия Долгополова Владимир Путинга очиқ видеохат йўллаб, давлат ваъда қилган ёрдамни ололмагани ва ҳосилни йиғиб-сақлашга на шароити борлиги, на маблағи қолганини айтди:

- Ўтган йили мен мамлакатимизга санкциялар жорий қилинганини эшитиб, Ватанимга ёрдам бериш учун қишлоғимда фермер хўжалигини ишга туширдим. Район ва вилоят ҳокимияти ёрдамига ишондим. Аммо туманда менга очиқчасига хўжалигим ҳеч кимга керак эмаслиги ва ёрдамга кўз тутмоқликнинг ҳожати йўқлигини тушунтиришди, деди ёш фермер аёл.

Анастасия унинг туманида у каби қийналаётган ва давлатдан ёрдам олишдан умидини узган фермерлар кўплигини ҳам айтди:

- Бу ерда ҳеч ким ҳеч нарсани эшитгиси ва кўргиси йўқ. Шу сабабли мен президент Владимир Путинга мурожаат қилишга қарор қилдим. Яна қаерга мурожаат қилишим керак? Бу ерда амалдорлар фақат ўзларининг фермерларини илгари суради,- деди у.

Фермер Долгополова ҳатто Курск губернатори ҳузурида бўлгани ва муаммолари ҳал этилмаганидан кейин, 60 гектар еридаги бутун ҳосилни мамлакатига керак эмаслиги сабабли солярка қуйиб, ўт қўйиб юборишини айтиб таҳдид қилди:

- Хўжалигим ходимлари билан йиғилишда биз шу нарсага келишдик. Охирги пулимизга биз 600 литр солярка сотиб олиб, буғдой даласини ёқиб юборишга қарор қилдик, бошқа на илож... Олиб-сотарларга сариқ чақага сотиб юборишдан наф кўрмаяпман. Журналистларни чақиртираманки, фермер хўжалиги билан ўз ҳаётини боғлаш истагида бўлган одамлар ўйлаб кўрсин: уларга керакми бу? Бошқа одамлар ҳам кўриб, Курск вилоятида президент дастурлари қандай амал қилаётганини кўриб қўйишсин, дея якунлади Анастасия Долгополова.

Амалдорлар ҳужумга ўтди

Бу видео чиқишидан бир кун ўтиб “ўз ватанига кўмак бермоқчи бўлган” ёш рус фермерини шу куйга туширган Курск вилоят мансабдорлари жавоби янграй бошлади.

Вилоят губернатори муовини Алексей Золотарёв бу фермер оиласида бешта банкдан олинган бир миллион рубльдан ортиқроқ қарз борлигини эълон қилиб, уларни “давлат бюджети ҳисобига яшашга ўрганиб қолган аферистлар” деб атади. У Долгополовлар оила пудратига қарши жиноий иш очилишини ҳам айтди.

Тушкунликка тушган 19 ёшли хомутовкалик фермер аёлнинг ҳолати тўғрисида хабар топган Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам айбни Анастасиянинг ўзига тўнкаб қўя қолди: “Бу фермер аёлда кредитлари кўп экан, унда астрономик миқдорда қарзлари бор экани маълум бўлди. Шу сабабли унга бошқа кредит берилмаган”, деди Россия президенти ёрдамчиси бу маълумотларни шахсан Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан олинганини билдириб.

Бунинг ортидан ҳукуматга қарашли оммавий ахборот воситаларида Анастасия Долгополовани таъқиб этиш кампанияси авж олдирилди. Пайтавасига қурт тушган ҳокимият вакиллари Долгополовлар ёлғончи ва товламачи экани, қарзларни олиб қайтармаётгани, ичкиликка берилгани, “берилган маблағлар ноўрин сарфлангани” ва ёқилиши керак бўлган далада “курмакдан бошқа нарса ўсиб чиқмагани”, уларга ҳеч ким ишонмаслиги ва ҳоказо айбловлар билан чиқди.

Бу баёнотларга Анастасия бундай жавоб берди:

- Менда ҳеч қандай қарзларим йўқ. Бу ҳақда Интернетдан осонгина билиб олишингиз мумкин. Эрим ҳам йўқ. Курск вилояти айтган грантларни ҳам олмаганман. Менда техникам ва ерим кам экан. Шунга қарамасдан мен шу ерда яшашни ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни давом этаман. Менинг ота-онам ҳам колхозда бутун умр ишлаб ўтган, деди Анастасия Долгополова.

Буғдой ҳосилини ёқиб юбориши тўғрисидаги баёнотини эшитиб қолган ва шов-шувлардан устамонлик билан фойдаланишни билган ЛДПР етакчиси Владимир Жириновский курсклик фермерга ёрдам беришга ваъда қилди.

Биз унга ёрдам беришга тайёрмиз, мен маҳаллий ташкилотимизга тегишли буйруқ бердим”, дея таъкидлади Владимир Жириновский.

29 июль куни Владимир Путин 6 августдан бошлаб Россияга қарши санкция киритган мамлакатлардан келаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ёқиб юборилиши тўғрисида махсус қарорга имзо чекди. Россия ҳукумати ўз истеъмоли учун ва учинчи мамлакатларга олиб кетилаётган маҳсулотларгина йўқ қилинмаслигига ваъда берди.

Санкцияга тушган озиқ-овқатни чегарада йўқ қилиб ташлаш ташаббуси аслида Россиянинг энг йирик ер эгаси ва айни пайтда мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачёвга тегишли экани маълум.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG