Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:26

Тожикистонда россиялик аскарлар маст бўлиб маҳаллий аҳоли билан жанжаллашди


Тожикистон жанубида жойлашган Россия ҳарбий базасига яқин ерда яшовчи тожикистонликларнинг айтишича, спиртли ичимлик ичиб олиб, кўчада ярим яланғоч шовқин солган бир гуруҳ россиялик аскар уларнинг хатти-ҳаракатига эътироз билдирган маҳаллий кишилар билан муштлашган.

Гувоҳларнинг айтишича, 28 июль куни Кўлоб шаҳрида содир бўлган жанжал давомида бир неча Тожикистон фуқароси жароҳат олган.

Жанжалга гувоҳ бўлган кўлоблик Жамшид рус аскарлари шаҳар марказида маст ҳолда ва ич кийимда рақсга тушиб, ашула айтиб, баланд овозда ҳайқира бошлагани можарога сабаб бўлганини айтди:

“Маҳаллий кишилар аскарлардан ўз базаларига қайтишларини сўради. Аммо руслар қулоқ солмади ва тортиша бошлади. Натижада жанжал чиқди. Шерикларига ёрдам бериш учун базадан бир неча аскар келди”, деди Жамшид.

Воқеа жойига милиция чақирилди. Жанжалга расмий изоҳ дарров берилмади.

Аммо кўлоблик ҳуқуқ-тартибот агентлиги расмийси исми ошкор этилмаслиги шарти билан Озодлик радиоси тожик хизматига интервью берди ва бўлиб ўтган воқеа бўйича жиноий иш қўзғатилганини билдирди.

Россиянинг 201-мотоўқчи дивизиясининг тахмиман 6000 аскари Тожикистонннинг учта ҳудудига жойлаштирилган. Аскарларнинг айримлари Кўлобда, айримлари Қўрғонтепа шаҳрида, айримлари пойтахт Душанбе яқинида жойлашган.

2012 йилнинг октябрида имзоланган келишувга биноан, россиялик аскарлар Тожикистонда 2042 йилгача қолиши мумкин.

Келишув имзоланганидан кейин Россия Президенти Владимир Путин Душанбеда чиқиш қилиб, эришилган битим “умумий стратегик қизиқишларимизга, хавфсизликни кучайтиришга ҳамда бутун Марказий Осиё ҳудудидаги вазиятни стабиллаштиришга” хизмат қилишини айтган эди.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон келишув асосида Россия Тожикистон армиясини қурол билан таъминлаши ҳамда мудофаа соҳасанинг бошқа жиҳатларини ривожлантиришда ёрдам кўрсатишини билдирган эди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, Тожикистон Афғонистон билан чегарасини ҳимоя қилиш учун мамлакатда россиялик аскарлар бўлишини истайди.

Аммо россиялик аскарлар билан базалар яқинида яшовчи маҳаллий аҳоли ўртасида келишмовчиликлар бўлиб туради.

Февраль ойида россиялик зобит Кўлобда жойлашган ресторан ишчисини қаттиқ дўппослашда айбдор деб топилди.

2014 йилнинг ёзида эса 201-мотоўқчи дивизиясининг Душанбеда жойлаштирилган икки зобити шаҳарлик фуқарони ўлдиришда гумонланиб қўлга олинган эди.

XS
SM
MD
LG