Линклар

Вашингтон Мулла Умарнинг ўлими Афғонистонда тараққиёт учун кенгроқ имконият яратади, деган фикрда


Афғонистонлик толиблар раҳбари Мулла Умар ўлимини тасдиқлаган Вашингтон расмийлари бу Афғонистонда барқарор ва хавфсиз тараққиёт учун янада кенгроқ имконият яратади, дея билдирдилар.

31 июль куни тарқатилган баёнотда Оқ уй толибларни Афғонистон президентининг ҳукумат билан сулҳга эришиш бўйича чорловини қабул қилишга чақирган.

Айни пайтда Оқ уй Мулла Умарнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатлар ҳамон ноаниқлигича қолаётганини таъкидлади.

29 июль куни Афғонистон расмийлари Толибон лидери Мулла Умар икки йил муқаддам Покистоннинг Карачи шаҳридаги касалхонасида қазо қилгани ҳақида хабар тарқатгандилар. 30 июль куни бу хабарни тасдиқлаган толиблар Мулла Умар хасталикдан вафот этганини билдирганлар.

Толибон лидери 2001 йили АҚШ қўшинлари Афғонистонга киритилганидан буён жамоатчиликка кўриниш бермаган.

Мулла Умар ўлимига оид хабар тарқатганидан кейин толиблар ўзларига мулла Ахтар Муҳаммад Мансурни раҳбар сайлаганларини эълон қилгандилар. Бироқ маълумотларга кўра, бу танлов ҳаракат ичида ихтилофларга сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG