Линклар

Ўзбекистон ИИВ спорт тўппончасини ўқотар қуролга тенглаштирди


Ўзбекистонда мушак отадиган пневматик спорт тўппончалари назоратга олинди

Ўзбекистонда мушак отадиган пневматик спорт тўппончалари назоратга олинди

Ўқотар қуролларнинг идора ва муассасаларда сақланишини маромловчи қоида Ўзбекистонда август бошидан кучга кирди. Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг июлда эълон қилинган 2700-сонли буйруғи билан ташкилотлар балансидаги ўқотар қуроллар, шунингдек, спорт тўппончалари ҳам бино ичига ўрнатилган махсус темир сандиқларда сақланиши лозим.

Айни талаб Ўзбекистон Ички Ишлар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, МХХ ва Давлат божхона қўмитасига нисбатан қўлланилмаслиги буйруққа изоҳ сифатида илова қилинган.

Ўзбекистондаги куч ишлатар ташкилотлардан бошқа идоралар тасарруфидаги қурол¸ яроғ¸ ўқ-дори ва спорт қуроллари, жумладан, ўқ-ëйлар ҳам алоҳида темир сандиқларда сақланиши лозимлиги ҳужжат ва унинг иловаларида таъкидланган.

Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерациясидаги манбага кўра, ушбу буйруқ июнь ойида Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари ҳамда Ички ишлар вазирининг қўшма қарори билан тасдиқланган йўриқномани ижро қилиш учун қабул қилинган:

- Бу йўриқнома қўлимда турибди. "Ўқотар ва пневматик спорт қуроли ҳамда унга ўқ-дориларни сақлаш, ташиш, бериш, қабул қилиш, ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш бўйича йўриқнома", деб ëзилган. Ана шу йўриқнома энди кучга кирди. Саккиз варақли йўриқнома. Қисқа қилиб айтсам, ўқотар ва пневматик спорт қуроли ҳамда ўқ-дорилар фақат қуролхонадаги темир сейфларда сақланиши керак, - дейди манба.

Нега бугун?

"Шу пайтгача бу қуроллар қаерда сақланган, нега айнан бугунга келиб кучишлатар ташкилотлардан бошқа идоралар тасарруфидаги қуроллар қаттиқ назоратга олинмоқда?" деган саволимизга жавоб берган манба бу ҳолатни Ўзбекистонда хавфсизлик чоралари кучайтирилгани билан изоҳлади:

- Бизга тушунтиришича, ИГИЛ (ИШИД демоқчи - таҳр.) ўз ҳаракат харитасига Ўзбекистонни ҳам қўшган. Бу ҳолат эса қўшимча сафарбарликни тақозо қилади. Шу пайтгача спорт мусобақаларида ишлатиладиган пневматик қуроллар сақланишига жиддий қаралмаган. Пневматик спорт қуроли ҳамда ўқ-дорилар ўқувчи, спортчи, тренер ёки инструкторга мусобақаларда фойдаланиш учун бериб қўйилган. Спортчилар эса бу қуролларни ўзлари билан кўча-куйда олиб юришган¸ машиналари юкхонаси ëки спорт клубидаги оддий шкафларда сақлашган, дейди суҳбатдош.

Суҳбатдошга кўра¸ 1 августдан бошлаб спортчилар ўз автомобилларида пневматик қуролларини ташиши мумкин эмас:

- Бундан буëн спорт қуроли махсус қутиларда ғилоф кийдирилган ҳолда махсус автомобилнинг багаж отсекида ташилади. Автомобиль транспортида спорт қуроли ташиш қўшимча равишда қўриқловчи шахс бириктирилиши лозим, дейди манба.

Ўқ-ëй учун темир сандиқ

Озодликка маълум бўлишича¸ бундай йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий Кенгашига ҳам келиб тушган.

“Ватанпарвар” ташкилотидаги манбага кўра, “бу йўриқнома ортиқча ваҳима руҳи билан суғорилган ва амалга ошиши учун катта чиқим талаб қиладиган шартлардан иборат”.

- Эсингизда бўлса, Совет пайтида кўча-куйда тирлар бўлар эди. Уч тийин тўлаб, воздушка, деган милтиқдан ўқ отар эдингиз. Совет ҳумумати буни милтиқ, деб ҳам билмаган. Воздушка (пневматик қурол) бу бир ўйинчоқ нарса. Яна камондан отиш мусобақаларида ишлатиладиган спорт ўқ-ëйи ҳам ўқотар қурол, деб малакаланибди. Янги қонун бўйича бу жиҳозлар худди Калашников автомати каби мақомга кўтарилган. Энди ўша воздушкани қалинлиги 3 мм.дан кам бўлмаган, камида иккита ўйма қулф билан жиҳозланган ва деворга қотириб пайвандланган катта сейфда сақлашимиз керак. Ўзи ойликка пул беришмаëтган пайтда бу ортиқча чиқимлар мантиқсиз, дейди Озодлик манбаси.

"Милтиқли кишилар ови"

Озодлик манбаларининг айтишича, шу кунларда бутун Ўзбекистон бўйлаб ов милтиғига расман эга бўлган фуқаролар қайтадан назорат остига олинган.

Бунинг баробарида хонадонларида изнсиз қурол сақлаëтганларни “фош қилиш” бўйича рейдлар ўтказилмоқда.

“Ҳуқуқ” газетаси ёзишича, уйида 1931 йилда ишлаб чиқарилган, бир стволли ов милтиғи ноқонуний равишда сақланаётган чустлик фуқаро жорий йилда жавобгарликка тортилган.

Газета хабарига кўра “милтиқли киши” ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан уюштирилган тадбир давомида қўлга олинган.

Ўзбекистонда ўтган йиллардаги хавфсизлик тадбирлари доирасида бир кишига беш граммдан ортиқ марганцовка сотиш тақиқланган эди.

Манбаларнинг айтишича¸ марганцовкадан қўлбола бомба тайёрлашда фойдаланиш мумкин бўлгани учун расмийлар унинг савдосини чеклаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG