Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:34

Генерал Дўстим бир ярим минг қўриқчи билан Майманага борди


Афғонистон вице-президенти генерал Абдурашид Дўстим 2 август куни тиш-тирноғигача қуролланган 1500 қўриқчи билан Форёб вилояти маркази - Майманага борди. Бир неча кундан бери уни кутаётган маҳаллий ўзбеклар йиғинида қисқа нутқ сўзлаган генерал вилоят халқининг миллий бирлик ҳукуматини тузишда муҳим рол ўйнаганини таъкидлади.

Генерал Дўстим Форёбни жангарилар таҳдидидан озод этишни ваъда қилди:

- Форёб халқи! Сизга ташакурлар билдиришим керакки, сиз миллий бирлик ҳукуматини ташкил этишда асосий рол ўйнагансиз. Нотинч вазиятга қарамасдан, сайловларда опа-сингилларимиз, оқсоққолларимиз қатнашдилар, - деди Дўстим.

Афғонистон вице-президенти генерал Абдурашид Дўстим Форёб аҳолисини бундан чамаси бир йил олдин ўтказилган президентлик сайловида, тахминан, бир миллион овоз берганига ишорат қилиб, форёблик ишбилармон мутахассислар давлатнинг муҳим идораларида ишга олинишига ҳақли, деди. У пойтахт Кобулга қайтиши билан бу масала устида бош қотиришини ҳам тилга олди.

Бундан бир ойча олдин Форёб вилоятининг айрим туманларидаги қишлоқлари жангари Толиблар томонидан ишғол қилиниши билан генерал Дўстим шимолга сафар қилган эди. Ушбу муддат ичида Дўстим Форёбга қўшимча кучлар сафарбар этиб, жангарилар ҳужумларининг олдини олишга муваффақ бўлган эди.

Форёб вилояти ҳокимининг ўринбосари Абдусаттор Бориз бир ҳафтадан бери Форёб вилояти бўйлаб жангариларга қарши ҳарбий амалиётлар давом этаётганини такидлади. Унга кўра, 2 август куни Қайсор туманининг Шох ва Бўраған ҳудудларида толибларга катта талафот етказилган:

- Давлат ҳаво кучлари ҳужумида 11 жангари Шох минтиқасида, 32 жангари эса Бўраған қишлоғида ўлдирилган. Бўраған Қайсорнинг тоғли ҳудуди ҳисобланади, - деди Форёб вилояти ҳокими ўринбосари.

Саттор Боризга кўра, Алмор туманида бундан чамаси 3 ҳафта олдин жангарилар қўлига ўтган Қароий минтиқасининг аксарият қишлоқлари жангарилардан тозаланган. Толиблар томони бу баёнотга муносабат билдиргани йўқ.

Генерал Дўстимнинг Форёб сафари жанг тақдирини ўзгартириши мумкинлиги айтилади. Олинган маълумотларга қараганда, Дўстим Афғонистон ҳарбий кучлари қўшма шитаби бошлиғи, генерал Қадамшо Шаҳим ҳамда мамлакат Миллий хавфсизлик идораси ўринбосари Матинбекни Қайсорга чақиртирган.

XS
SM
MD
LG