Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:58

Россия Ўзбекистонга қарашли 20 тонна чўчқа гўштини ҳудудидан ўтказмади


Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати -“Россельхознадзор” Германиядан Ўзбекистонга жўнатилган 20 тонна чўчқа гўштини Россия ҳудудидан олиб ўтишга рухсат бермади.

Бу воқеа Ғарб давлатларидан келтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари Россия бўйлаб ёппасига йўқ қилинадиган кун арафасида содир бўлди.

Украина шарқидаги вазият мураккаблашиб кетиши ортидан Россияга қарши Ғарб санкциялари эълон қилинганидан буён “Россельхознадзор” Ўзбекистонга жўнатилган товуқ гўшти, қуруқ сут, шоколад ва бошқа маҳсулотлар транзитини бир неча бор тақиқлаб қўйган эди.

“Россельхознадзор”нинг Давлат чегараси ва транспортда ветеринария назорати бўлими бошлиғи ўринбосари Константин Савенков 20 тонна чўчқа гўшти билан боғлиқ воқеа юзасидан Озодлик саволига жавоб берар экан, “бу ҳақдаги информация ҳали Москвага етиб келмагани”ни айтиш билан чекланди.

Савенков бундан аввалги воқеаларни “ҳар бир фактнинг ўзига хос тафсилотлари мавжуд”лигини писанда қилиб, шарҳлашни истамади.

Ўзбекистонга қарашли юкни тўхтатиб қолган “Россельхознадзор” нинг Брянск ва Смоленск вилоятлари бошқармаси Чегара назорати хизматининг телефони кун давомида банд бўлди.

Ўзбекистонга қарашли 20 тонна чўчқа гўштининг транзити тақиқлаб қўйилганига оид информация “Россельхознадзор”нинг расмий сайти янгиликлар лентасида йўқ.

Россия Ўзбекистонга қарашли 20 тонна чўчқа гўштини ҳудудидан ўтказмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:00 0:00
Бевосита линк

Бу ҳақда хабар қилган нашрларга кўра, “Россельхознадзор”нинг Брянск ва Смоленск вилоятлари бўйича бошқармаcи шу йилнинг 29 июль куни транзит шартлари бузилгани учун Германияда ишлаб чиқарилган суяксиз чўчқа гўштининг Россия ҳудудидан олиб ўтилишига рухсат бермаган.

Германия Ветеринария хизмати томонидан 23 июль куни берилган сертификатда (ҳужжат номери MVS230715-Wiel) 20 тоннадан ортиқроқ юк Ўзбекистонга олиб кетилаётгани маълум қилинган.

Ўзбекистонлик импортерлар Россия-Украина-Ғарб савдо уруши қурбони бўлмоқда

Жорий йил майида “Россельхознадзор” Украинанинг Винница шаҳридан Ўзбекистонга олиб келинаётган Roshen фабрикаси маҳсулотларини ортга қайтарган, Россия назоратчилари ўзбек тадбиркорларига мўлжалланган 20 тонна қуруқ сут ва сариёғнинг ортга қайтарилганини бу товарлар талаб даражасида расмийлаштирилмагани билан изоҳлаган эди.

Жорий йил апрелида Украинадан Ўзбекистонга етказилиши керак бўлган 38 тонна товуқ гўшти Россия ҳудудидa тўхтaтиб қолинган эди. ​

Жорий йил февралида эса, Украинадан Ўзбекистонга келаётган 65 тонна балиқ консервасини ушлаб қолган эди.

Булар товарларнинг Россиянинг тўсқинлиги билан Ўзбекистонга етказилмай қолишига оид фактлардан учтагинасидир.

6 августдан бошлаб Россия озиқ-овқат маҳсулотларини “қатл” қила бошлайди

Украинага қарашли Қримни аннексия қилгани ҳамда Украина шарқидаги сепаратчиларни қўллаб-қувватлагани учун Ғарб давлатлари Россияга қарши жазо чоралари қўллаган, Москва эса, бу чораларга жавоб ўлароқ Ғарб давлатларидан озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини тақиқлаб қўйган эди.

Лекин Россия чегара хизматидаги коррупция туфайли ҳамда Россиянинг иттифоқчилари қўллаётган турли схемалар ёрдамида озиқ-овқат импорти Кремль истаганчалик қисқаргани йўқ.

Ҳар ҳолда президент Путин 22 июлда имзолаган фармондан шундай хулосага келиш мумкин.

Путиннинг фармонига биноан, жорий тақиққа хилоф равишда Россияга олиб кирилган ҳар қандай озиқ-овқат маҳсулоти мамлакат бўйлаб 6 августдан бошлаб йўқ қилинади: ёндирилади, бульдозерлар билан бостирилади, чиқиндихоналарга ташланади.

Бу ишга “Россельхознадзор” ҳам жалб этилиши мазкур тузилма бошқарувининг махсус буйруғи билан эълон қилинди.

Путиннинг фармонини кремлпараст таҳлилчилар мамлакат ишлаб чиқарувчисини ҳимоялаш чораси, деб баҳоласа, унинг танқидчилари фармонни ҳеч қандай мантиққа ётмайдиган, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бемаънилик, деб баҳоламоқда.

Сарлавҳага боғлиқ баъзи маълумотлар

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2015 йил биринчи ярмига оид ҳисоботига кўра, шу кунда мамлакат бўйлаб 11,1 миллион бош қорамол мавжуд, жорий йил биринчи ярмида 944 минг тонна гўшт етиштирилган.

Чўчқа гўшти етиштириш билан боғлиқ шу кундаги кўрсаткичлар тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш учун 2012 йилги рақамларни келтирамиз:

Ўша йили Ўзбекистондаги фермер ва деҳқон хўжаликларида ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоаналарида ҳаммаси бўлиб 95 минг 500 бош чўчқа бўлган.

Қиёслаш учун: ўша йили мамлакат бўйлаб 9 миллион 966 минг 600 бош қорамол ҳамда 16 миллион 758 минг 900 бош қўй-эчки бўлган.

XS
SM
MD
LG