Линклар

logo-print

АҚШ консули: Green Card эгалари ўзбек паспортини ойлаб кутишини инобатга олсин!


АҚШнинг Тошкентдаги консули Раян Ҳейли

АҚШнинг Тошкентдаги консули Раян Ҳейли

Самарқандлик Green Card эгаси биометрик паспорт олиш учун Ўзбекистонга бориб, 6 ойда ҳам қайтолмагани боис АҚШда доимий яшаш мақомини бой берганини айтмоқда. АҚШнинг Тошкентдаги консули Раян Ҳейли янги паспортни олиш ойларга чўзилаётганидан хабардорлиги, муаммога учраганларга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Бир самарқандликнинг грин карди куйди

АҚШда доимий яшаш, ўқиш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи Green Cardни лотереяда ютиб олган ва бир неча йиллардан бери АҚШда яшаётган самарқандлик бир йигит Озодликка боғланди.

Унинг айтишича, биометрик паспорт олиш учун Ўзбекистонга борган қариндоши 6 ойдан бери ҳужжатини ололмаётир ва натижада, Green Card муддати тугайдиган муддатда АҚШга қайтолмаган:

"Кетганига 6 ой бўлди. Олдин паспортни кутди. Ҳозир энди чиқиш визасини кутаяпти. Берамиз, берамиз, деган қуруқ гап билан чўзишяпти. У эса мамлакатдан чиқолмаяпти. 6 ой олдин борган бўлса ҳам Green Card муддати тугашига етиб келолмади. Қўлидаги картасининг муддати тугади. Энди нима қилади у? Бошимиз қотган", деб мурожаат қилди шахсига оид маълумотларни сир сақлашни сўраган самарқандлик тингловчи.

Шу кунгача Озодликка бу мазмунда бир неча мурожаат келди. АҚШдан Ўзбекистонга борган ёки бормоқчи бўлган ўзбекистонлик Green Card эгалари янги биометрик паспорт ва чиқиш визасини олиш учун кетадиган муддатни аниқлаш имконсиз бўлиб қолаётганидан хавотир олмоқда.

Биопаспорт олиш учун қанча вақт кетади?

Маълумки, Green Card эгалари хорижга сафар қилсалар, бир йил ичида АҚШга қайтиши лозим. Роппа-роса бир йил ичида қайтмаган тақдирда бундай шахсларга берилган Green Card автоматик равишда бекор қилинади.

Ўзбекистон эса янги биометрик паспорт тизимига ўтмоқда ва барча фуқаролар 2015 йилнинг 31 декабрига қадар эски паспортини янгисига алмаштириши лозим. Бундан ташқари, хорижга сафар қилаётган фуқаролар чиқиш визасини ҳам олиши лозим.

Ўзбекистондан олинаётган маълумотларга кўра, биометрик паспорт қонунда белгилангани каби 10 иш кунида эмас, одатан, бир ёки бир неча ойда берилмоқда. Чиқиш визани олиш жараёни ҳам қонунда 15 иш куни қилиб белгиланган, аммо амалда бир неча ойга чўзилмоқда.

АҚШда иши, ўқиши ёки бошқа сабаблар боис, Ўзбекистонга узоқ муддатга боролмайдиган Green Card эгалари янги паспорт олиш учун кетадиган муддатнинг ноаниқлигидан қийин аҳволга тушиб қолганини айтмоқдалар:

"Ўзи қанча вақтга бориш керак янги паспорт олиш учун? Буни ҳеч ким билмайди, паспорт стол ҳам, ОВИР ҳам кутасиз, деяпти холос. Америкага юрган Green Cardлиларнинг ҳаммасида иши бор ёки ўқиши бор. 6 ой, 7 ойлаб юраверса, Green Card нима бўлади?" дея саволлар ёғдиради самарқандлик Green Card эгаси.

Ўзбекистон ИИВ таркибидаги Паспорт столлари ҳамда Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни қайд этиш идоралари янги паспорт, янги чиқиш визасини олиш жараёни қонунда белгиланган муддатдан ошишини тасдиқлайди, аммо қанчага чўзилишини, одатан, аниқ айтмайдилар.

Консулликнинг вазиятдан хабари бор

Озодлик бу вазиятда ўзбекистонлик Green Card эгаларига АҚШ томони қандай ёрдам бериши мумкин, деган савол билан АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига боғланди.

Тошкентдаги консул Раян Ҳейли бу жараёндан хабардорлиги ва Давлат департаменти ўзбекистонлик Green Card эгаларини аввалдан огоҳлантирганини айтиб ўтди:

- Биз ўз расмий сайтимизда янги биометрик паспорт, янги ўзбек паспорти, кейинчалик янги чиқиш визасини олиш бир неча ой вақт олиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотни чоп этганмиз. Бу ҳолатнинг қўшфуқаролиги бўлган ёки Green Card эгаси бўлган шахсларнинг мамлакатдан чиқиб кетишини сезиларли даражада кечиктириши мумкинлигидан хабардормиз. Биз бу вазиятдан саёҳат қилувчиларни огоҳлантирганмиз. Бундан ташқари, АҚШ Давлат департаменти ва USCIS ташкилоти сайтида ҳам огоҳлантирувчи маълумотлар чоп этилган. Яъни, Green Card эгаси бўлган шахслар АҚШни тарк этиши олдидан сафари қанчага чўзилиши мумкинлигини жиддий ўйлаши ва ўз мақомини хавфга қўймасликка ишонч ҳосил қилиши лозим, - дейди консул Раян Ҳейли.

Грин карди куйганлар уни тиклаши мумкин

Озодликка боғланган самарқандлик, эндиликда собиқ Green Card эгаси аҳволи хусусда изоҳ берган консул жаноблари бундай шахслар АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини ўз ихтиёрига зид равишда, ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан бой берганига ишонтирса, мақомини тиклаш учун ҳужжат топшириши мумкинлигини эслатди:

- Агар Green Card эгаси АҚШдан ташқарида бир йилдан ошиқ муддатга қолиб кетган бўлса, у ҳолда иммигрантлик визаси ва қайтадан АҚШда доимий яшовчи шахс мақомини олиш учун ҳужжат топшириши мумкин. АҚШ қонунчилигига биноан бундай ҳолларда махсус иммигрантлик визаси берилади, биз бундай виза турини "SB-1" деб номлаймиз. Бундай виза ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга биноан бир йилдан ортиқ АҚШга қайтиб киролмаган Green Card эгаларига берилади. Қайтариб айтаман, бу масалаларга оид ҳамма маълумотлар АҚШ Давлат департаменти ва USCIS сайтида тўлиқ берилган. Ўзбекистонда бундай муаммога учраган Green Card эгалари Тошкентдаги консулликка мурожаат қилиши мумкин, - деди АҚШнинг Тошкентдаги консули Раян Ҳейли Озодлик билан суҳбатда.

Элчихонадан олинган маълумотга кўра, Ўзбекистонда туриб АҚШда доимий яшаш мақомини ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан, масалан, чиқиш визаси ноаниқ муддатга кечиккани ёхуд умуман берилмагани боис йўқотган шахслар келтирган важларини тасдиқлаши мумкин бўлган ҳужжатларни консулликка тақдим қилиши мумкин. Бунда Паспорт столи ёхуд ОВИРдан бирор ҳужжат кўрсатиш мажбурияти йўқ.

Шунингдек, Тошкентдаги АҚШ консуллиги бу муаммога учраган ёки аввалдан эҳтиёт чорасини кўраётган ўзбекистонлик Green Card эгалари муттасил равишда Давлат департаменти, Тошкентдаги АҚШ элчихонаси сайтларига кириб, хабар-эълонларни кузатиб бориш ва зарур ҳолларда, аввалдан виза учун тўлдириладиган ҳужжатлар, тўловларни аниқлаштириб олишни тавсия қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG