Линклар

logo-print

Ўшлик она Ўзбекистон қамоғидаги ўғлининг жазоси узайтирилишидан хавотирда


Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида яшовчи пенсионер Мавлудахон ая Тўйчибоева 5 йилдан буён Ўзбекистон қамоқхонасида ўтирган ва жазо муҳлати тугаёзган ўғли Хуршид Комиловга яна муддат қўшиб берилиши мумкинлигидан ташвиш қилмоқда. Ўзбекистон президентига мурожаат қилган ўшлик онахон яқин орада ўғли бағрига қайтишига умид қилмоқда.

Мавлудахон Тўйчибоеванинг ўғли 32 ёшли Хуршид Комилов Тошкент суди ҳукми билан 5 йилга қамалган.

Комилов 2010 йилнинг 9 июнь куни Олмаота шаҳрида қўлга олинган ўзбекистонлик 30 муҳожирнинг ичида эди. Қирғизистонлик бўлишига қарамасдан, Хуршид Комилов ўша йилнинг 8 сентябрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси талабномасига мувофиқ Тошкентга экстрадиция қилинган.

- Ўғлим эҳтиёж туфайли машина олиб-сотиб юрган пайтида ўзбекистонлик болалар билан бирга яшаганлиги учун олиб кириб кетган. Олмаотанинг СИЗОсига олиб борибди 30 та болани. “Қирғизистонлик фуқаро нима учун ўзбекистонликлар билан юради?” деб туриб, ўғлимни Ўзбекистонга жўнатишган. 6 ойдан кейин Ўзбекистондан топганман – ўзидан хат келди. Ҳамма документларини кўтариб бордим. Ўша ерда Эшонқулов деган прокурор қаради. “Хола, яхши бўлади, болангизда айб йўқ” деганди, судига ҳам қатнашолмаганман. У ерда 3 кун-ку туришим, - деди ўшлик Мавлуда ая Ўзбекистонда хорижликларнинг қайдсиз юриш муҳлатини назарда тутган ҳолда.

Суҳбатдошимизга кўра, Тошкентда бўлиб ўтган маҳкама ҳукми билан ўғли Хуршид Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-моддасига биноан 5 йилга қамалган. Ўтган йиллар мобайнида Мавлуда аяни турли одамлар: “Ўғлингиз чет эллик бўлгани учун амнистия тушиб қолиши мумкин”, дея умидлантириб келганлар. Бироқ бу иш амалга ошмаган.

Ўғли беш йил мобайнида Навоий қамоқхонасида ўтирганини айтган Мавлуда ая қамоқхона шароитидан шикоятлари йўқлигини бир неча бор таъкидлади.

Суҳбатдошимиз ўғлининг иши бўйича Ўзбекистон президентига ҳам мурожаат қилганини, бир муддат ўтгач, унга Ўзбекистон Жазони ўташ бош бошқармаси мулозими Бобоқуловдан “Ўғлингизнинг иши текширилаяпти” деган мазмунда хат келганини, бу хат ҳам унга умид берганини айтади. Мавлуда аяга кўра, одамларнинг маслаҳати билан унинг ўзи ҳам, ўғли ҳам Ислом Каримовга номига кечирим хати юборган. Аммо...

- Кечагинда (келиним Навоий қамоқхонасига) борса, ўғлимни Каттақўрғон деган жойга жўнатибди. У ерда ҳаммаси айтаяпти: “Энди бу Қирғизистон фуқароси, (жазо муҳлатига муддат) қўшиб қўйилаверади”, деб. Шунга юрагимиз сиқилиб, ўзимизни қўярга жой тополмаяпмиз. Масалан, 5 йил турган бўлса, яна 2 йилми, 1 йилми, 6 ойми – қўшиб қўяди, деган хавотирда бўляпман. Мана, болам 5 йил турди, боламнинг нима эканлигини билишди улар ҳам, - дейди Мавлуда ая.

Сўз охирида ўшлик онахон яна бир бор Ўзбекистон президентига мурожаат қилди.

- Каримовдан ҳам илтимос: болам Қирғизистон фуқароси, отаси инвалид, ўзим 5000 сўм (тақрибан 85 доллар – таҳр.) пенсия оламан, шу билан тирикчилик қилиб ўтирибмиз. 3 боласининг ҳурмати, (жазо муҳлатига муддат) қўшиб қўйишмасин, илтимос, болаларига ўзи эгадор бўлсин, мени ҳам ўзи олиб бориб кўмгани насиб қилсин, деб шуни илтимос қиляпман. Қийналиб кетдик, - деди ўшлик Мавлуда ая Тўйчибоева.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG