Линклар

Мобил телефонда рус тили ва тарихини ўргатувчи дастур ишга тушди


Russia -- Migrants in Russia take an exam in Russian language

Russia -- Migrants in Russia take an exam in Russian language

“Россия барча учун” интернет портали рус тилини ўрганувчи муҳожирлар учун махсус мобил дастурини ишлаб чиқди. Android 1.6 ва ундан юқори операцион тизимга мосланган дастурда рус тилини тез муддатда ўрганиш билан бирга Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича ҳам маълумот олиш мумкин. Дастурни ҳозирча ўзбек ва тожик тилларида бепул ўрнатиш имкони берилди.

Рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги асосларини ўрганаётган муҳожирларга мўлжалланган ўзбек тилидаги “Россия для всех” ўқув дастури Google Play онлайн бозорига чиқарилди.

Мобил дастур кўриниши

Мобил дастур кўриниши

“Россия для всех” интернет порталининг “Гринт” маориф ва маданият маркази билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бу мобил қўлланма эндиликда Android 1.6 ва ундан юқори операцион тизимга эга мосламаларга бепул ўрнатилиши мумкин.

Россиядаги Мусулмон журналистлар ассоциацияси раиси, айни пайтда “Россия для всех” интернет-портали бош муҳаррири Радик Амиров Озодлик билан суҳбатда бу мосламанинг айнан Россияда меҳнат қилаётган муҳожирлар учун ишлаб чиқилганига эътиборимизни қаратди.

Ўқув дастури 30 дарсдан иборат бўлиб, материални енгил ва осон ўзлаштириш имконини яратувчи 6та алоҳида қисмларга ажратилган. Шунингдек, ундаги ҳар бир дарс учун кўчириб олиниши керак бўлган аудио материал ҳам келтирилади.

Ўқув дастури устида ишлаган Россиянинг энг йирик ўқув даргоҳлари профессор-ўқитувчилари уни айнан мигрантлар тестларига мослаб ишлаб чиққан.

Ҳозирга келиб 50 мингдан зиёд маротаба кўчириб олинган бу ўқув дастури ҳозирча ўзбек ва тожик тилларида яратилган. Радик Амиров тезкор ўқув курсининг илк кўриниши аслида 2013 йилда пайдо бўлгани ва пул эвазига ўрнатилгани, аммо сўнгги йилларда камчиликлари бартараф этилиб, бепул дастурга айлантирилганини билдирди.

Мобил дастурни тайёрлаган “Гринт” маркази мутахассислари ўзбек фойдаланувчилари учун ишлаб чиқилган бу ўқув курсини янада такомиллаштириш устида ишлар давом этаётганини айтмоқда.

“Россия для всех” дастури кўплаб халқаро ва давлат идоралари, жумладан, Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамияти, Миграция бўйича ташкилотнинг Москвадаги бюроси ва бошқалар томонидан қўллаб қувватланди. “Россия для всех” бош муҳаррири рус тили, тарихи ва қонунчилигини ўргатувчи мобил мослама Россиядаги молдаван, тожик ва ўзбек диаспора вакиллари томонидан ҳам маъқулланганини билдирди.

Айни пайтда, Россияга меҳнат қилгани борган кўплаб ўзбекистонлик муҳожирлар рус тилини ўрганишда катта қийинчиликларга учрамоқда. Ўзини Дилноз, деб таништирган мухлисалардан бири рус тилини ўрганиш ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашишга кенг имкон очишини гапиради:

- Келганимга 9 ой бўлди ва бошида мен рус тилини 10 фоизча билардим. Ҳозир билимимни 30 фоизга кўтариб олдим, чунки бир-икки ойдан бери мана Марина билан ишлаяпман, у билан ҳар куни гаплашяпман. Рус тилидаги қўшимчаларда қийналяпман, мана Интернетдан олинган ўзбекча-русча луғатдан ўрганяпман. Бундай мослама пайдо бўлган бўлса, жон, деб оламан. Биринчи навбатда шуни қиламан, ишимдан чиқиб бўлса ҳам ўрганаман рус тилини, дейди рус тилини ўрганишга бел боғлаган ўзбекистонлик 28 ёшли Дилноз.

“Россия для всех” ўқув дастурини Google Playдан ҳозирча фақат ўзбек ва тожик тилларида кўчириб олиш мумкин.

Дастур яратувчилари онлайн курсининг қирғиз тилидаги версияси устида иш қизғин бораётгани ва ниҳоясига етиб қолганини ҳам қўшимча қилишди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG