Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:02

Форёб вилоятидаги Алмор туманининг бир қисми Толиблардан озод қилинди


Форёб вилоятидаги Алмор туманининг Қароий минтақаси жангарилар назоратидан озод этилди. Амалиётда Ўзбекистон исломий ҳаракати қўмондонларидан бири қатл этилгани айтилмоқда. Форёбнинг бошқа бир тумани - Гурзивонда эса жангарилар ҳужуми кучайгани хабар қилинмоқда.

Афғон армиясининг Форёб вилоятидаги ҳарбий қисми сўзловчиси Муҳаммад Ризо Ризоийнинг маълум қилишича, Қароий минтақасидаги қишлоқлар хавфсизлик кучлар томонидан амалга оширилган амалиёт натижасида озод этилган:

- "Қилич-7", деб номланган ҳарбий амалиётлар натижасида биз Қароий бозорини ҳам толиблар назоратидан озод этдик. Жангарилар олис ҳудудлардаги тепаликларда қолган эдилар. Ҳарбий учоқларимиз уларни ҳам нишонга олиб йўқ қилди, - деди Ризоий.

Қароий минтақаси бундан, тахминан, 3 ҳафта олдин жангари толибларнинг муттасил ҳужумлари оқибатида давлатга қарши жанг қиладиган қуролли мухолифлар ишғолига ўтган эди.

Ризоий Форёб вилоятининг Қайсор ва Алмор туманларини жангарилардан тозалаш учун ҳарбий амалиётлар давом этаётганини билдирди. Унга кўра, Қайсор туманининг камида 20 қишлоғи қуролли толиблардан тозаланган.

У мамлакат вице-президенти генерал Дўстимнинг Форёб сафарини мазкур вилоят хавфсизлигини мустаҳкамлашда ижобий рол ўйнайди, деб ҳисоблайди.

Дўстим 2 август куни 1500 кишилик қўриқчиси билан Форёбнинг нотинч туманлари - Қайсор ва Алморга етиб борган эди.

Мазкур вилоят расмийлари сўнгги ҳарбий амалиётлар жараёнида жангариларга катта талофот етганини айтадилар. Форёб ҳокими ўринбосари Саттор Бориз Қайсор ва Алмор туманларида 40дан ошиқроқ толиб, жумладан, Ўзбекистон Исломий ҳаракатига вафодор жангариларга бош бўлган Товус, исмли қўмондони нобуд этилганини таъкидлади.

Айни пайтда, Форёбнинг бошқа бир тоғли тумани Гурзивонда Толибон таҳдиди кучайгани айтилади. Мазкур тумандаги ўқитвчиларидан Муҳаммад Салим Осимга кўра, Гурзивонда қатор қишлоқлар жангарилар қўлига ўтган:

- Бу ерда аҳоли ташвишда. Вазият шундай давом этса, туман маркази Толиблар қўлига ўтиши мумкин. Кайкоувс, Приш, Қаззоқ, Шашқара, Тагобшон ва Қалай эшон қишлоқлари жангарилар томонидан ишғол этилган, - дейди Салим Осим.

Маълумки, бундан бир ойча олдин аксарият этник ўзбеклар истиқомат қиладиган Форёб вилоятда ўнлаб қишлоқлар қуролли жангарилар қўлига ўтган эди. Ҳарбий кузатувчилар стратегик нуқтаи-назардан Форёбни Афғонистон шимолий вилоятлари хавфсизлигини асраш учун катта аҳмаятга эга эканини айтадилар.

XS
SM
MD
LG