Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:22

Ўзбек маъмурлари тунги клубларни маънавият рамкасига солмоқчи


Самарқанд ва Тошкент "тунги клублар" сони бўйича республикада етакчи ўринда.
Самарқанд ва Тошкент "тунги клублар" сони бўйича республикада етакчи ўринда.

Самарқанд шаҳридаги “Аlterego”, “Патайя”, “Джовани”, “Шахристан” ва “Ниагара” тунги клубларида август бошида ИИБ ходимлари тарафидан рейдлар ўтказилиб, 30 нафар фоҳиша ва изнсиз ишлаëтган 20 стриптиз тушадиган раққоса қўлга олинган. Рейдлар чоғида қўлга олинганларнинг сони 400 нафарни ташкил қилиб¸ улар орасида юқори лавозимда ишлайдиган мулозимларнинг фарзандлари ҳам бўлган.

Бу маълумотни самарқандлик блоггер Тошпўлат Раҳматуллаев FBдаги ўз саҳифасида эълон қилди.

Бу маълумотга кўра¸ Самарқанддаги тунги клубларда кассага кирим қилинмаган икки миллион сўм пул¸ акциз маркаси бўлмаган 30 миллион сўмлик контрафакт алкогол ва тамаки маҳсулотлари мусодара қилинган. Шунингдек, айни маълумотда айтилишича тунги клубларни текшириш чоғида бангивор моддалар¸ ҳусусан марихуана ҳам мусодара қилинган.

Воқеани ўрганар экан, Озодлик Ўзбекистонда фаолият юритаëтган тунги клублар ва рақс майдончаси бор ресторанларга Ўзбекистон ИИВ Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика бошқармаси ҳамда Республика Маънавият маркази раҳбарлари имзоси билан махсус йўриқнома жўнатилгани аниқлади.

Тошкентдаги тунги клубда дижейлик қиладиган 23 яшар йигит исми сир қолиш шарти билан бу йўриқнома талаблари ҳақида Озодликка бундай деди:

- Йўриқномада, асосан, вояга етмаганларнинг кўнгил очиш жойларида тунги вақтда бўлмаслиги уқтирилган. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисидаги қонундан кўчирмалар бор¸ деди суҳбатдош.

Ўзбекона стриптиз ?

Тунги клуб дижейининг айтишича¸ клубнинг бадиий репертуари ҳам ушбу йўриқнома билан чеклаб қўйилган:

- Мижозларга стриптиз (шаҳвоний рақс - таҳр.) кўрсатишга тақиқ бор. Шест (Стриптиз пайтида тирмашиладиган ялтироқ қувур - пилон - таҳр.) ҳам тақиқланди. Раққосалар Ўзбекистонда шаклланган маънавий қадриятларга зид либослар киймасин деган жойи ҳам бор¸ дейди суҳбатдош.

Озодлик Тошкент¸ Самарқанд ва Урганчдаги ресторан ва тунги клуб ходимлари билан боғланганида улар ҳам бундай йўриқномани олганлигини айтишди.

Тунги клубга қарши эмасман аммо..

Озодлик билан суҳбатда самарқандлик блоггер Тошпўлат Раҳматуллаев Самарқандда ўнлаб тунги клублар фаолият кўрсатиши ва бу клубларда вояга етмаган йигит-қизларнинг кунда-шундалиги ота-оналарни ҳавотирга солаëтганлиги айтди:

- Мен тунги клубларга қарши эмасман. Самарқанд сайëҳлар шаҳри бўлгани боис, тунги клублар ва бошқа кўнгилочар масканлар бўлиши лозим. Гап бу ерда бу тунги клубларнинг мавжуд қоунларга риоя қилмасдан ëввойи тарзда фаолият кўрсатаëтгани ҳақида. Бу клублар тунги клуб форматидан чиқиб фоҳишахона ва наркотик тарқатиладиган жойга айланганига қаршиман¸ дейди суҳбатдош.

Озодлик Самарқанддаги тунги клублар дизайни билан шуғулланган рассом билан ҳам суҳбатлашди. Ўзини Ҳикматжон деб таништирган бу рассомга кўра¸ Самарқанддаги тунги клублар дунëда қабул қилинган барча рамкалар ташқарисига чиқиб кетган:

- Мен, масалан, АҚШнинг Пенсилвания ва Калифорния штатларидаги тунги клубларга борганман. 21 ëшга тўлмаганларни қўймайди¸ алкогол ва наркотикка, хусусан, ортиқча сексуал ҳаракатларга жиддий чеклов бор. Самарқанддаги тунги клубларда эса ўсмирлар бемалол ароқ ичиб ўтиради. Кабиналарда бемалол секс билан шуғулланишади. Экстази ëки бошқа наркотиклар бемалол тарқалиб ëтибди. Ҳар куни жанжал¸ муштлашув. Сиз тушунинг, мен тунги клубга қарши эмасман¸ аммо Самарқанддаги клублардаги антисанитарияни кўрсангиз, мени тушунган бўлардингиз, дейди рассом.

"Йўқолсин тунги клуб!"

Айни пайтда ижтимоий тармоқлардаги ўзбек юзерлари орасида “Биз тунги клубларга қаршимиз“, деган гуруҳлар пайдо бўлди. Бу гуруҳ иштирокчилари фикрича “Тунги клублар ëшлар руҳини деградация қиладиган ва бойларнинг фарзанди ўз пули билан мақтанадиган салбий маскандир”

Гуруҳ иштирокчилари “мусулмонлар яшайдиган Ўзбекистонда тунги клублар тақиқлансин!” деган талабни илгари суришади.

Самарқандлик блоггер Тошпўлат Раҳматуллаев эса тунги клубларни тақиқлашга қарши:

- Тақиқлаш билан иш битмайди. Тартибга солиш керак холос¸ дейди суҳбатдош.

Тунги клубларга қарши “кураш” республика бўйлаб давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг нашри бўлган “Ҳуқуқ” газетасида ëзилишича¸ кейинги ўн кун ичида ишчи гуруҳлар томонидан кўнгил очиш жойларида 5 мингга яқин рейд ўтказилган.

Мақолага кўра¸ ресторан, кафе, бар, тунги клуб, компьютер заллари ва интернет-клуб ҳамда бошқа жойлар ўрганилганда 500 нафардан ортиқ вояга етмаган боланинг ота-онасидан бири ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг кузатувисиз ўтиргани аниқланган.

“Ҳуқуқ” газетасида таъкидланишича¸ вояга етмаганларнинг тунги вақтда кўнгил очиш жойларида бўлишига йўл қўйган дам олиш масканларининг 258 раҳбари маъмурий жавобгарликка тортилган.

Рейдлардан кейин яна айни ҳолат

Самарқанд вилоятидаги ҳусусий телеканаллаардан бирининг реклама бўлимидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ рейдлар тунги клублар фаолиятини сусайтирмаган:

- Мана бугуннинг ўзида Самарқанддаги учта қаҳвахона ва ресторандан кўнгил очиш учун мижозларга “Шарқ тунларини” таклиф қилгани акс этган реклама келди. Шарқ туни дегани бу стриптиз дегани”.

Манбага кўра¸ яланғоч рақс ишқибозлари учун бундай томошани кўриш унча арзон тушмайди:

- Томошага кириш паттаси нархи 7 АҚШ долларидан бошланади. Асосий клиентлари эркаклар бўлган бундай муассасалар Самарқандда бундан беш йил аввал битта ё иккита бўлса, ҳозир улар сони ўнтадан ошиб кетди. Рейдлар ўз йўлига¸ дейди суҳбатдош.

Манбанинг айтишича¸ шаҳвоний рақс таклиф қилувчи жойларда бу ҳақда очиқ эълонни кўрмайсиз:

– Бино ташқарисида фақат “Рақс шоуси”га ўхшаган ёзув ёки ёш ва гўзал аёлларнинг жозибадор расмлари илиб қўйилади¸ дейди Озодлик манбаси.

XS
SM
MD
LG