Линклар

Қизлигидан айрилгани учун ўзини ўлдирган қизнинг онаси адолат изламоқда


Ўзини поезд тагига ташлаб ўлдирган Хонзода (Суратлар Хонзоданинг онаси Нодира Нишонбоева розилиги билан эълон қилинмоқда)

Ўзини поезд тагига ташлаб ўлдирган Хонзода (Суратлар Хонзоданинг онаси Нодира Нишонбоева розилиги билан эълон қилинмоқда)

Тошкент вилояти Янгийўл туманида ўзини поезд тагига ташлаб ўлган икки дугонадан бирининг ўлими билан боғлиқ тафсилотлар очиқланди. Қизнинг онаси Озодлик билан боғланиб, номусидан айрилган қизи иснодга қолишдан қўрқиб ўз жонига қасд қилганини айтди. Қизининг номусини топтаган шахснинг жазога тортилиши пайсалга солинаётганини айтган аёл жавобгарни тезроқ қамашларини талаб қилди.

“Қизим исноддан қўрқиб ўзини ўлдирди”

Янгийўлдаги 23-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Хонзода дугонаси билан жорий йилнинг 1 май куни бир-бирини қучоқлаган ҳолда ўзларини поезд тагига ташлаб, нобуд бўлган эди.

Хонзода Раҳматуллаеванинг онаси 37 яшар Нодира Нишонбева 5 август куни Озодлик билан боғланиб, қизининг ўлими тафсилотларини очиқлади.

Нодиранинг иддаосига кўра, ўтган йилнинг сентябрида янгийўллик бир йигит қизининг номусига теккан. (Йигитнинг исм-фамилияси Озодликка маълум. Бироқ тергов жараёни ниҳоясига етмагани боис,унинг исми очиқланмаяпти. –таҳр.)

Ушбу воқеадан етти ой ўтгач, Хонзода Туркияда бўлган онасига телефон қилиб, бўлган воқеани сўзлаб берган.

Хонзоданинг ўлимидан бир ой аввал тушган сурати (Суратлар Хонзоданинг онаси Нодира Нишонбоева розилиги билан эълон қилинмоқда)

Хонзоданинг ўлимидан бир ой аввал тушган сурати (Суратлар Хонзоданинг онаси Нодира Нишонбоева розилиги билан эълон қилинмоқда)

- Ўлимидан бир ҳафта олдин телефон қилди қизим. “Опа шунақа бўлиб қолди”, деб йиғлади. “Мени алдади”, деди. Сентябрда аппендицит бўлганди. “Ўшандан кейин у бола билан учрашдим. Мени алдаб, шу иш бўлди. Кейин йиғлаб туриб олгандим, онасини олдига олиб борди”, деди. Кейин онаси “Қизим сен бу йил мактабни битирасан. Ҳозир сени уйингга борсам, гап-сўз бўлиб кетасан. Ўзим бораман, уйдагиларингни ёнига. Олиб бераман ўғлимга”, деб қизимни алдаган. Кейин қизим янги йилга яқин телефон қилган. “Нимага келмаяпти онангиз десам, энди кимга исботлайсан? Уч ой ўтдику” деган. Она-бола вақт ўтишини кутишган. Қизим чидамаган. “Энди мен нима қиламан. Мени оламан, деб алдаб юрган экан. Мактабдагилар ҳам билиб қолса нима қиламан. Шарманда бўламан” деб йиғлади,- дейди Нодира Нишонбоева.

Ушбу суҳбатдан бир ҳафта ўтиб, Янгийўлнинг Ниёзбоши қишлоғида яшаган 15 яшар Хонзода дугонаси, қўшниси ва айни пайтда синфдоши бўлган қиз билан (қизнинг исми Озодликка маълум) биргаликда ўзини поезд тагига ташлади.

“Икки дугона ўлимидан олдин бир-бирини суратга олган”

Ҳозирча 15 яшар Хонзоданинг дугонаси нимага у билан биргаликда ўз жонига қасд қилгани сабаблари Озодликка маълум эмас.Нодира ҳам қизининг дугонаси нима учун Хонзода билан биргаликда ўзини поезд тагига ташлаганини билмаслигини айтди.

Нодирага кўра, қизи Хонзода ўзини поезд тагига ташлашдан аввал дугонаси билан бир-бирини суратга олишган:

- Иккаласи телефонда бир-бирини расмга олган. Прокуратурада бу суратларни менга кўрсатишди. Ҳозир телефон ҳам, суратлар ҳам прокуратурада,- деди Хонзоданинг онаси.

Нодиранинг айтишича, қизларнинг поезд тагига ташлаганидан сўнгги аҳволи акс этган видеони ҳам унга кўрсатишган:

- Қизимнинг икки оёғи тўпиғидан сал тепада рельсда қолиб кетган. Қиррали тошларга қаттиқ тушганидан юзларида жароҳатлари бор, кўкарган, шилинган жойлари бор. Ёнидаги қизни бир қўли елкасидан узилиб кетган,- дейди Нодира Нишонбоева.

“Қизимни номусини топтаган йигит қамалишини хоҳлайман”

Нишонбаеванинг Озодлик билан суҳбатда иддао қилишича, қизининг ўлимига сабабчи бўлган шахсни жазога тортиш жараёни пайсалга солинмоқда.

Хонзоданинг қабри

Хонзоданинг қабри

- Босди-босди қилишдими, деб ўйлаяпман. Уларнинг биттагина ўғли. Ўғлининг шу модда бўйича қамалишини хоҳламасдан қўлидан келганини қилаяптими, деб ўйлаяпман. Мен ўша боланинг қамалишини хоҳлаяпман. Нимага озодликда юрибди? Прокурорлар менга сўз берган. “Уруш-жанжал қилманг. Агар у бола айбдор бўлиб чиқса, 100 фоиз қамалади 118-модда бўйича. Сиз ҳеч нарса қилманг”, деб ўша прокурор менга сўз берган. Лекин сўз берганига уч ой бўлди. Судга чақиришмаяпти,- деди Нодира Нишонбоева.

Нодиранинг айтишича, прокурорлар ўша йигит дастлабки тергов жараёнида айбини бўйнига олгани ҳақида унга айтишган.

Икки дугонанинг ўлими билан боғлиқ очилган жиноят ишини Тошкент шаҳар Транспорт прокуратураси ўрганмоқда.

Янгийўл туман ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, ҳали тергов жараёни ниҳоясига етмаган, суриштирув ишлари давом этмоқда.

Иккала қизнинг ўлими бўйича Жиноят кодексининг бир нечта моддаси бўйича иш очилган. Озодликка шулардан фақат бири маълум: Хонзода Раҳматуллаеванинг ўлимидан сўнг Жиноят кодексининг 118-моддаси яъни “Номусга тегиш” моддаси бўйича иш очилган.

Ушбу моддага кўра, шахснинг 18 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган ҳолда номусга тегиш ҳолати юз берган тақдирда, жавобгар шахс 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG