Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:15

Бухоро университетида "паровозчилар"чилар "бункер"да ушланди


Бухоро шаҳар Муртазаев кўчасида жойлашган "бункер" имтиҳонга бир неча соат қолганида фош қилинган.
Бухоро шаҳар Муртазаев кўчасида жойлашган "бункер" имтиҳонга бир неча соат қолганида фош қилинган.

Бухоро Давлат Университетига кириш имтиҳонларида "паровоз" усулини қўллаб, абитуриентларни ўқишга киритишга уринган домла ва унинг бир нечта "ҳамкори" қўлга олинган.

Бухоро шаҳридаги Озодлик манбасига кўра¸ Бухоро Давлат Университетида кириш имтиҳонлари бошланишига бир неча соат қолганда¸ 1 август куни тонг соат учда университетга яқин бўлган академик лицей биносида рейд ўтказилган:

- Университетни ëнидаги кўчада академик лицей бор. Рейд ўша ерда ўтказилган. МХХ ва прокуратуранинг уюшган жиноятчиликка қарши бўлими тарафидан ўтказилди. Болаларни ўқишга тайëрлайдиган машҳур домлани ва у киши яратган схемаларда иштирок этган бир нечта кишини қўлига кишан солиб олиб кетишган¸ дейди манба.

Озодликнинг Бухоро Давлат университети қошидаги академик лицейда ишлайдиган яна бир манбаси рейд давомида қўлга олинган домлаларнинг аниқ исм-шарифларини маълум қилди.

Манбага кўра, Б. исмли домла абитуриентларни қинғир йўллар билан ўқишга жойлаб қўйиш¸ ҳусусан, "Бункер" ва "Паровоз" деб номланган схемаларни ташкиллаштиришда айбланган.

Озодликнинг Бухоро ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси Бухоро Давлат Университети қошидаги академик лицейидаги бир неча домланинг 1 август куни вақтинча қўлга олинганлигини тасдиқлади.

Манбага кўра бу домлаларга ҳали айб қўйилмаган¸ улар гувоҳ сифатида вақтинча ҳибсга олинган.

Шу кунларда улардан кўрсатма олинаётгани айтилади.

Бункер фош бўлдими?

Озодлик манбасига кўра¸ Бухоро шахар Муртазаев кўчасида жойлашган “бункер” имтихонга бир неча соат қолганида фош қилинган:

-Шу пайтгача “бункер” орқали юзлаб бола талаба бўлганини бутун Бухоро билар эди. Одатда "Бункерчи"лар имтихон олдидан устларидан қулфлаб, печатлаб қўйилади. “Бункер” ичида тестни ечиб берувчи супербилгичлар ўтиради. Улар имтиҳон ўтказиладиган учта фаннинг энг кучли мутахассислари орасидан, саралаб олинади. Уларни вазифаси имтиҳон даврида тест жавобларини қўл телефони воситасида етказиб бериш. Бухорода ҳамма биладиган домла ташкил қилган эди. Хуллас, охирги минутда МХХ бу "бункер"ни босди¸ дейди манба.

“Бункер” ҳақида

Озодлик манбаларига кўра¸ "бункер" университет ўқитувчилари ёки тажрибали репититорлардан иборат бўлади.

Улар имтиҳондан бир кун олдин тунда бинога олиб кирилади ва махсус хонага жойлаштирилади.

Устларидан қулфлаб, печатлаб қўйилади.

"Асосий вазифа - ўша ерда тунаш ва эртаси куни бўладиган имтиҳонда нечта саволлар китобчаси келтирилса, уларни тўғри ечиб бериш. Саволлар китобчаси ечиб бўлингандан кейин улар яна қайтадан гуруҳлардаги "клиент"ларга қайтариб берилади. Агарда "клиент" юқоридагидек гуруҳдан олиб чиқиб кетилган бўлса, ечилган китобча билан гуруҳга қайтиб олиб киритиб қўйилади. Бошқа абитуриентларга қараб, "бу боланинг исми-шарифи биз қидирган талаба билан бир хил экан, тушунмовчилик бўлибди," деб қўйилади," деди Озодлик манбаси.

“Паровоз”чи домла

Биринчи август тонгида ўтказилган рейд пайтида ҳибсга олинган Б. И. исмли тарих ўқитувчиси “Паровоз” ташкил қилиб, абитурентларни ўқишга киритишга уринганликда айбланмоқда.

"Паровоз" атамаси Ўзбекистонда 2000 йилда муомалага киритилган.

"Паровоз"- имтиҳон пайти ўз гуруҳидаги вагонлар яъни "клиент"ларга тестни ечиб бериб, ўз жавоб варақасини хато жавоблар билан тўлдириб, чиқиб кетувчи билимдон талабадир.

Озодлик манбаларининг айтишича имтиҳон куни эрталаб абитуриентлар саф тортиб турганда "паровоз" ўзининг эмас "клиент"нинг гуруҳига бориб сафда туради. Албатта, унинг ДТМ варағида кўрсатилган гуруҳ рақами олдиндан ўзгартириб қўйилади. "Клиент" эса имтиҳонга кирмайди. "Паровоз" ўзи билан "клиент"нинг паспорти ва ДТМ варағини яшириб олиб кириши керак. Чунки бино ичига киришда МХХчиларга ўзининг ҳақиқий паспорти ва ДТМ қоғозини кўрсатиб киради.

Бухорода бўлгани каби “бункер” ва “паровоз” кашфиëтчилари “фош” бўлиш ҳолатлари ҳам учрайди.

Масалан, ўтган йили Шарқшунослик институтида “бункер” ташкил қилган икки проректор қамалган эди.

XS
SM
MD
LG