Линклар

Россияда санкцияга тушган озиқ-овқатларни йўқ қилиш бошланди. “Ноқонуний” деб эълон қилинган 10 тонна пишлоқ Белгородда трактор остига ташланди, “маданий пойтахт” Петербургда эса яна 20 тонна пишлоқ ёқиб юборилди. Айни пайтда 300 минг фуқаро “озиқ-овқат эмбаргоси” айнан россияликларга қарши эканига эътибор қаратиб, уни бекор қилиш талаби билан ҳукуматга петиция имзолади.

Россияда санкциялар остига тушган озиқ-овқатларни йўқ қилиш бошланди. 6 августнинг ўзида Россияда 320 тонна санкцияга тушган сабзавот, мева, гўшт ва пишлоқ ёқилди, майдаланди тракторлар остига ташланди.

“Бугун Петербургда 20 тонна санкция остига тушган пишлоқ ёқиб юборилди”. “Газета.ру” нашрининг хабар қилишича, Санкт-Петербургда 17 рефрижераторда келтирилган гўшт, гўшт маҳсулотлари ва хом-ашёси йўқ қилинди.

Белгород шаҳрида эса асфальт текислайдиган машина остига 10 тонна Украинадан келтирилган “жиноятчи”-пишлоқ ташланди. Худди шундай егулик маҳсулотларини оёқ-ости қилиш акциялари Россия ҳукумати томонидан Оренбург (пишлоқ), Смоленск (томат), Реутов (гўшт), Брянск (шафтоли), Новосибирск (олма) ва бошқа шаҳарларда ўтказилди.

Президент Владимир Путин 22 июль куни имзолаган қарорга мувофиқ, Россияга қарши санкция эълон қилган мамлакатлардан киритилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хом-ашёси ва озиқ-овқатларни 2015 йилнинг 6 августидан йўқ қилинади.

Айни пайтда, аҳолисининг 20 фоизи ўта ночор аҳволда яшаётган Россияда Путин бошлаб юборган озиқ-овқатни йўқ қилиш кампаниясига қарши акция авж олиб кетди. www.change.org сайтида импорт товарларнинг оёқ-ости қилинишига жавобан россияликлар петицияси йиғилмоқда.

Ҳозирга келиб уни 300 мингдан зиёд фуқаро имзолади.

Имзо чекувчиларнинг асосий талаблари: озиқ-овқатни йўқ қилишга қаратилган қарорнинг бекор қилиниши ва бу маҳсулотларни Россиянинг ўта ночор аҳволда яшаётган қатламларига бепул тарқатиб бериш тўғрисидаги янги қарорни қабул қилиш.

Талабнома тўғрисида Кремль аллақачон хабар топди ва Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков “петициядаги имзолар шубҳа туғдираётгани”ни билдирди. Чоршанба куни иши кўпайиб қолган ва эътибор марказига айланган Россельхознадзор Владимир Путин қарори имзоланишидан бошлаб Россияга тақиқланган импорт маҳсулотлар 10 баробарга тушганини маълум қилди.

Белгородда пишлоқнинг йўқ қилиниши

Белгородда пишлоқнинг йўқ қилиниши

Рус божхоначилари важоҳатига қарамасдан, ўз маҳсулотини йўқ қилинишдан сақлаб қола олганлар ҳам топилмоқда. Пайшанбага ўтар кечаси, белоруслик ҳайдовчи помидор ортилган ва Россия-Беларусь чегарасини кесиб ўтаётган юк машинасини божхона назорат пунктидан олиб қочиб кетгани хабар қилинди. У “маҳсулот этикеткалари юлинган, помидорлар йўқ қилинади”, дея божхоначилар гапираётганини эшитиб қолган.

- Бу ғоя ахмоқлик ва пасткашлик, ахир бу маҳсулотларни хайрия ташкилотлари орқали ночор, уй-жойсиз, қочоқ ва қарияларга топшириш мумкин, деди Москва православ черкови руҳонийси Алексей Умницкий.

Шу билан бирга, Кремльнинг бундай ҳатти-ҳаракатидан жунбушга келган бир гуруҳ россиялик “Президентга қўнғироқ” акциясини бошлаб юборди. Бу тадбир ташаббусчиси россиялик толиба Ольга Савельева аҳолини барча депутатларга ва ҳукумат аъзоларига қўнғироқ қилиб, петиция тўғрисида хабар беришни сўрамоқда.

Озодлик билан суҳбатда ижтимоий фаол бу петиция йиғилишига сабаблардан бири амалдорлар Путин буйруғини номига бажариб, санкция остига тушган товарларни ўзлаштириб олишларига кенг имкон очганини гапирди:

Покровкада озиқ-овқатнинг бульдозер билан сурилиши

Покровкада озиқ-овқатнинг бульдозер билан сурилиши

- Мен Россия ватанпарвариман. Аммо мени давлатимдаги президент ва ҳукуматнинг ҳатти-ҳаракатлари қониқтирмаяпти. Мен яқинда Лос-Анжелесдан Москвага келдим. Биз ҳаммамиз бу қарордан шокка тушдик! Кўпчилик тушуниб турибдики, маҳсулотларнинг аксар қисми йўқотилмайди. Буни янги қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачев қилаётгани ҳаммага аён – бойиб кетишнинг янги усули. Одамларимизни ҳеч бўлмаса қорнини тўйдиришимиз керак. Менимча, бу Россия тарихида қабул қилинган энг аҳмоқона қарор, деди Ольга Савельева.

Россия ҳукуматида мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачев ташаббуси билан қабул қилинган бу қарорга қарши чиқаётган сиёсатчилар ҳам топилди. Булар қаторида “Справедливая Россия” партияси етакчиси Сергей Миронов, Россия Савдо омбудсмани Ирина Котенко, ЛДПР бошлиғи Владимир Жириновский, коммунистлар раҳбари Геннадий Зюгановлар бор.

Ҳозирга келиб Россия Давлат Думаси депутатлари ҳам аҳоли петициясини қўвватлаб, озиқ-овқат йўқ қилиниши қоралагани маълум бўлди.

Мутахассислар сўнгги бир йил давомида Россияда барча озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган нархлар сезиларли даражада ошгани ва бу ўсиш давом этаётганини таъкидламоқда. Кремль сўнгги йилларда олиб бораётган сиёсати натижасида “озиқ-овқат эмбаргоси” эълон қилинган кун Москва биржасида бир доллар 65 рубльга, бир евро эса 70 рубльга сотилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG