Линклар

Бурнига сирға таққан "шох"ли Тамила танқид қилинди


Ўзбек қўшиқчиси Тамиланинг Инстаграмдаги саҳифасидан скриншот

Ўзбек қўшиқчиси Тамиланинг Инстаграмдаги саҳифасидан скриншот

Беш ойлик фарзандини 700 долларга пуллаётган аёл ушланди. Ҳокимлик қарзини тўлашни пайсалга солиб келмоқда. Тошкент анҳорларига номини айтишга тил бормайдиган чиқиндилар ташланмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Қўқонда беш ойлик фарзандини 700 долларга пуллаётган аёл ушланди”

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида беш ойлик чақалоғини 700 долларга пуллаётган аёл қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 6 август).

Қўқон шаҳар прокурори ўринбосари Шуҳрат Мусаевга кўра, исми ошкор этилмаган 21 ёшли аёл иккинчи фарзандига ҳомиладорлик пайтида турмуш ўртоғи билан ажрашган. Ота-онасининг уйида бир муддат яшаб, кейин бош олиб чиқиб кетган, ижара уйларда яшаб юрган.

“Енгилтабиат, турмушни вақтичоғлик, ўйин-кулгидан иборат деб фаҳмлаган ёш аёлга чақалоғи оёғини боғлаган кишандай туюла бошлаган” деб ёзади прокурор ўринбосари Ш.Мусаев. Аёл чақалоғини дастлаб 1000 долларга сотишни мўлжаллаган, аммо савдо пишмагач, бошқа харидорга 700 долларга пуллашга уринган.

Маълум қилинишича, чақалоқфуруш аёлга 3 йил синов муддати белгиланган. Чақалоқ эса Қўқон шаҳар гўдаклар уйига топширилган.

“Ҳокимлик қарзини тўлашни пайсалга солиб келмоқда”

Андижон вилояти Олтинсой тумани ҳокимлиги фуқаро Рўзибой Исмоновга 13,4 миллион сўмлик қарзни тўлашни пайсалга солиб келмоқда (“Даракчи”, 6 август).

Исмонов тумандаги 11-ошхона биносини сотиб олиб, уни таъмирлатган. Иш бошлаш арафасида шифохонага тушиб қолган. Даволаниб чиққунича туман ҳокимининг буйруғи билан иншоот бузиб ташланган. Бунинг устига бузилган бино учун фуқаро Р.Исмоновга 4,5 миллион сўмлик мулк солиғи ҳам ҳисобланган.

Фуқаролик ишлари бўйича Олтинкўл туманлараро суди 2014 йилнинг 14 августида Исмонов фойдасига ҳокимликдан 13,4 миллион сўм ундириш ҳақида қарор чиқарган, аммо суд қарори ҳозиргача ижро этилмаган.

Адлия вазирлиги департаменти раҳбари ўринбосари Т.Орзиев жорий йил 5 июнь куни Олтинкўл тумани ҳокимлигининг “Нексия” русумли машинаси хатлангани, автоулов сотилгач, қарз ундирилишини маълум қилган.

“Тошкент анҳорларига номини айтишга тил бормайдиган чиқиндилар ташланмоқда”

Тошкент шаҳрида ариқ ва анҳорларни ифлослантириш, сув ҳавзаларига чиқинди ташлаш иллати ҳамон урчимоқда. Бу ҳақда “Тошкент оқшоми” газетаси душанба сонида хавотир билан ёзади.

Анҳор каналининг Ғафур Ғулом боғидан ўтган қисми, Толариқ каналининг Сирғали тумани “Обод” маҳалласидан ўтган қисми чиқиндилар билан тўлдирилган. Чиғатой каналининг “Ўзкўргазмасавдо” мажмуаси рўпарасидан ўтадиган қисмига шундай чиқиндилар ташланганки, уларнинг номини айтишга тил бормайди.

“Шаҳримизда ҳар куни сувга шунчалар кўп чиқинди ташланаётганини ўйласанг, баъзи одамларимизнинг шу даражада тубанлашиб бораётганидан хавотирга ҳам тушасан” деб ёзади пойтахт ҳокимияти нашри. Айни чоқда газета болаларнинг бу каби ифлосланган сув ҳавзаларида чўмилишига йўл қўймасликни эслатиб ўтади.

“Фарғонада 12 марта судланган, 7 марта амнистияга тушган фирибгар аёл ушланди”

Фарғона шаҳрида илгари 12 марта судланган ва 7 марта амнистия акти билан жазодан озод этилган фирибгар аёл қўлга олинди (“Инсон ва қонун”, 4 август).

Исми ошкор этилмаган судланувчи ўзини Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вилоят бўлими раиси ўринбосари деб таништирган. Шу тариқа у бир қанча фуқародан жуда катта миқдорда пул олиб ўзлаштирган. Масалан, у Ўзбекистон фуқаролигини олиб бериш ваъдаси билан Қирғизистон фуқароси бўлган аёлдан 1500 доллар олган.

“7 марта амнистия акти қўлланилиб, жазодан озод қилинган бир инсонга нисбатан бундан ортиқ бағрикенглик бўлмаса керак. Бундай инсонпарварликнинг қадрига етмаслик кўрнамаклик эмасми?” деб ёзади Адлия вазирлиги нашри.

“Браконерлардан 138 та ов қуроли олиб қўйилди”

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон бўйича табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигини бузган 11,3 мингдан ортиқ мансабдор шахс ва фуқаролардан 1,8 миллиард сўмлик жарима ундирилди (“Оила даврасида”, 6 август).

432 та объектда ўтказилган текширувлардан кейин браконерлардан 138 та ов қуроли ва 1128 та тўр олиб қўйилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи ярмида ёввойи ҳайвонларни овлаш учун 135 та рухсатнома берилган.

“Ургутликлар қачон суюлтирилган газ билан таъминланади?”

Cамарқанд вилояти Ургут туманида суюлтирилган газ таъминотида муаммолар кузатилмоқда (“Адолат кўзгуси”, 6 август).

Шу туман фуқароси Узоқ Омоновга кўра, суюлтирилган газ масаласида “Ургуттумангаз” масъул ходимларига мурожаат этилган бўлса-да, ҳеч қандай натижа бўлмаган, сарсонгарчиликлар ортиб бораётир.

“Марказгазтаъминоти” корхонаси директори Ф.Бойжигитовнинг маълум қилишича, аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш бўйича тадбирлар ишлаб чиқишга кўрсатма берилган.

“Газни асоссиз узиб ташлаган газ идорасига 500 минглик зарар юкланди”

“Водийгазтаъминот” корхонаси Наманган шаҳри филиалига 500 минг сўмлик моддий ва маънавий зарар тўлови юклатилди (“Диёнат”, 6 август).

Газ идораси Наманган шаҳри Оромгоҳ кўчаси 13-уйни асоссиз равишда газ тармоғидан узиб ташлаган. Хонадон эгаси Акрамжон Назаровнинг қарзим йўқ дея газчиларни инсофга чақиргани ҳам фойда бермаган.

Кейин эса фуқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти орқали судга мурожаат қилган.

Қайд этилишича, “Водийгазтаъминот” идораси вакили Ҳ.Муллажонов судда ҳамкасбларини зўр бериб оқлашга, фуқаро А. Назаровни қоидабузарликда айблашга уринган. Аммо фактлар олдида ожиз қолган ва шуни сезгани учунми, суднинг охирги мажлисида қатнашишни лозим топмаган.

“Бурунда сирға, бошда шох, шу ҳам имижми, эвоҳ?!”

Хонанда Тамиланинг Фейсбук ижтимоий тармоғига жойлаган янги сурати беаёв танқидларга сабаб бўлди.

“Даракчи” нашри хабарига қараганда, хонанда “Золим” клипи учун бурнида сирға, бошида шох билан янги имижда намоён бўлган.

Хонанда Тамила яқинда “Ўзбекнаво” бирлашмаси томонидан лицензиядан маҳрум этилган эди.

Шоу бизнес нашри хонанданинг янги имижи ва суратини “лицензиясини қайтариб олиш учун нотўғри ташлаган қадам” деб баҳолаган.

Айни чоқда “Бурунда сирға, бошда шоҳ, шу ҳам имижми, эвоҳ?!” дея мутойиба қилади газета.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG