Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:34

Шифокорлар ойлигидан пахта терими учун пул ушлаб қолинмоқда


Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари ойлик маошидан бу йилги пахта терими учун пул ушлаб қолинмоқда. Ҳали пахта терими бошланмасидан Тошкентнинг Олмазор тумани поликлиникаси ҳамширалари ойлигидан 30 минг, врачлардан эса 60 минг сўмдан ушлаб қолинмоқда.​

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Абдураззоқ Содиқовнинг турмуш ўртоғи шаҳарнинг Олмазор туманидаги поликлиникада ҳамшира бўлиб ишлайди.

Содиқовнинг Озодликка айтишича, уч ойдирки унинг рафиқасини ойлигидан ҳали бошланмаган пахта терими учун 30 минг сўмдан ушлаб қолинмоқда:

- Докторларнинг ҳаммасидан, ойлигидан пул оляпти. Ҳамширалардан 30 минг, докторлардан 60 минг ушлаб қолиняпти. Пахтага борадиганларнинг овқатланишига, йўл ҳаражатлари ҳаммаси шу корхоналарни зиммасида. Юқоридан оғзаки буйруқ бўлган, экан. Бизда биласиз оғзаки буйруқ ҳар қандай қонундан кучли туради. Агар пул бермаса ишдан кетади, - дейди тошкентлик ҳуқуқ фаоли.

Озодлик Тошкентдаги Олмазор тумани поликлиникасига боғланди. Поликлиника мутасаддиларидан бири шифокорлар ойлигидан уриб қолинаётганини рад қилишга уринди. Лекин, ҳар йили шифокорларнинг пахта теримига жалб этилишини тасдиқлади:

- Ҳали пахта бошланмаган. Лекин, бошланса теримчилар биздан боради. Ўтган йили ҳам бориб нормасини териб келишган. Мен ўзим бошчилигимда ходимларимни олиб борганман, теримга. Териб келишган. Ҳамма учреждениелар кетган. Буни мен ҳал қилмайман, менга боғлиқ нарса эмас бу, - деди Олмазор туманидаги поликлиниканинг исми сир қолишини истаган мулозими.

Тошкентдаги бошқа бир тиббий ёрдам маркази ходимларидан бири пахта мавсумида шифокорларнинг ойликларидан ушлаб қолиниши 2011 йилдан бери давом этиб келаётганини айтади.

-Ойликдан олиб қолиши бу бор гап, ҳар йили бўлади. Ойликдан ҳам олади, пахтага ҳам чиқаради. Пахтага чиққан кунимизга ойлик ҳам ёзмайди. Ҳашар экан бу, ҳашарга ойлик берилмайди. Ҳамма идораларда шу, - дейди исми сир қолишини истаган тошкентлик шифокор.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаеванинг Озодликка айтишича, Тошкент вилоятида шифокорларни дала ишларига мажбуран олиб чиқиш бу йил ҳам оммавий тус олган.

Урлаевага кўра, Тошкент вилоятининг Бўка туманида апрель ойидан ўтган ойнинг ўрталаригача тиббиёт ходимлари ва ўқитувчилар пахта даласида мажбурлаб ишлатилган:

- Қаттиқ иссиққа дош беролмай, сувсизликдан айримлари ҳушидан кетиб қолган. Ҳозир биз Бўка тумани ҳокимидан ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг нима асосда эксплуатация қилингани ҳақида тушунтириш талаб қиляпмиз. Ҳали ҳоким бизга тушунтириш бергани йўқ, - деди Елена Урлаева.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши курашиб келаётган бир қанча ташкилотни ўзида бирлаштирган “Cotton Campaign” фаоли Мэттю Фишер Дали шифокорларнинг ўз хоҳишларига зид тарзда пахта теримига жалб этилишини меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши сифатида баҳолайди:

- Ўзбекистонда йиллардан бери ўқитувчилар, шифокорлар ва бюджет идоралари ходимлари ишдан ҳайдалишлари ҳақидаги таҳдидлар билан пахта теришга мажбурланади. Бунинг устига ойликлари кесилмоқда. Бу замонавий қулликнинг бир кўринишидир, - дейди Мэттю Фишер Дали Озодлик билан суҳбатда.

“Cotton Campaign” аввалроқ Ўзбекистон ҳукуматини мажбурий меҳнатни тақиқлаш, бу тақиқни бузганларни жазолашга чақирган эди.

XS
SM
MD
LG